Ўзбекистон | 10:22 / 15.04.2017
76792
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев: Каримов мақбарасини Миллий гвардия фахрий қоровули доимий равишда қўриқлайди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 апрелда жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюргани ҳақида аввал хабар берилган эди.

Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини Ҳазрати Хизр мажмуасида қўним топган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат этишдан бошлади ҳамда бу ерда барпо этиш режалаштирилаётган мақбара лойиҳаси билан танишиб, ўз фикрларини билдирди.

“Ҳазрати Хизр зиёратгоҳида жуда катта илм-фан нурини барпо қилишимиз керак. Мақбара атрофи илмга ҳамоҳанг бўлиши лозим. Бу ерга келган зиёратчи, Исломга алоқаси бор киши ўзига билим олиб кетсин. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун қилган меҳнатларини шу ерда акс эттиришимиз керак. Бу бизнинг бурчимиз. Хориждан келганлар ўзбек маданияти, ҳунармандчилиги, хусусан, ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари билан танишсин. Мақбаранинг ичида Қуръондан оятлар бўлиши керак. Шу билан бирга, Ислом Каримовнинг маънавият, Ислом дини, Ватан ҳақида айтган гаплари араб тилида битилиши лозим”, - деган Ўзбекистон Президенти. 

Унинг айтишича, мамлакатга келган хорижликлар, бу масканни зиёрат қилар экан, ўзбек миллатининг қадимий тарихга эга халқ эканига иқрор бўлган ҳолда тарк этишлари учун шароит барпо қилиш керак бўлади. 

“Бу ерда доимий равишда 10 аскар навбатчилик қилади. Миллий гвардия аскарлари”, - дея фикр билдирган Шавкат Мирзиёев.  

Мавзуга оид