Спорт | 17:37 / 18.04.2017
29119
5 дақиқада ўқилади

«Уддалаб бўлмас топшириқ». ЕЧЛ марказий учрашуви ҳақида

Европа чемпионлар лигасининг 1/4 финал жавоб учрашувларига бугун старт берилади. Куннинг марказий учрашувини «Реал» ўз майдонида «Бавария»га қарши ўтказади. Tribuna.Uz бўлажак тўқнашув ҳақида батафсил маълумот бериб ўтади.

Реал - Бавария (18 апрель, Тошкент вақти билан 23:45, UzReport, Матч ТВ)

Мюнхенда кечган биринчи учрашувда Криштиану Роналду томонидан киритилган икки гол «Реал»га 2:1 ҳисобидаги ғалабани келтирганди. Бу жавоб учрашуви олдидан мадридликларга ярим финалга йўлланма олиш учун яхшигина имкониятни ҳосил қилди.

Ўйин олдидан
«Реал Мадрид»

«Реал» «Бавария» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Испания чемпионатида Хихоннинг «Спортинг» клуби меҳмони бўлиб, иродали ғалабага эришди. Зидан шогирдлари икки марта ҳисобда ортда борганига қарамасдан, ғалабани ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди ва «Барселона» билан орадаги фарқни сақлаб қолди. Жамоа ҳамон Испанияда яққол пешқадам бўлиб турибди. 

«Бавария»
Карло Анчелотти жамоасида эса натижалар бўйича вазиятни яхши деб бўлмайди. «Бавария» чемпионлик учун рақобатчи жамоадан холи бўлишига қарамай, сўнгги икки турда кўрсатган ўйини билан мухлисларини ранжитди. Аввалига «Ҳоффенҳайм»га ютқазган жамоа, ўтган турда «Байер» уйидан ғалабасиз қайтди. Эндиликда «Бавария» ва «Лейпциг» ўртасидаги очколар фарқи 8тагача қисқарган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар

— Серхио Рамос Европа чемпионлар лигасида ўзининг 100-учрашувини ўтказиши мумкин;
— бу «Реал» ва «Бавария» ўртасидаги 24-учрашув бўлади. Бошқа бирорта жуфтлик еврокубокларда бунчалик кўп ўзаро дуч келишмаган;
— «Реал» ЕЧЛда ўз уйида ўтказган сўнгги 12 ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган (10 Ғ, 2 Д);
— «Бавария» жорий мавсумда ЕЧЛда меҳмонда ўтказган 4 ўйиннинг 2тасида («Атлетико» ва «Ростов») мағлубиятга учраган;
— агар Криштиану Роналду бу учрашувда ҳэт-трикка эришса ЕЧЛ тарихида 100та гол урган биринчи футболчига айланади. Ҳозирда унинг ҳисобда мусобақада урилган 97 гол мавжуд.

Ўзаро ўйинлар

Барча мусобақалар, ўртоқлик учрашувларини қўшиб ҳисобласак, икки жамоа ўзаро 25 марта дуч келишган ва унда устунлик «Бавария» томонида бўлиб турибди. 12 ғалаба мюнхенликларда, 11 ғалаба «Реал» томонида, 2 учрашувда дуранг қайд этилган. ЕЧЛда эса «Бавария»да 11та, «Реал»да 10та ғалаба мавжуд. 

Бироқ Мадридда кечган учрашувларда «Бавария»нинг омади ҳар доим ҳам чопавермаган. Мадридда ўтган сўнгги бешта учрашувнинг барчасида «Реал» ғалаба қозонган (2012 йил ўйинда «Реал» ғалаба қозонган бўлсада, пенальтилар сериясида «Бавария» муваффақият қозонган). Охирги 10 ўйиннинг фақат иккитасида «Бавария» ғалаба қозонган. Жамоа сўнгги марта Мадридда 16 йил муқаддам 2001 йилнинг 1 май куни ғалаба билан қайтган. Ўша йили «Бавария» ЕЧЛ бош совринини қўлга киритганди.

Йўқотишлар
«Реал» таркибида марказий ҳимоячилар Пепе ва Рафаэль Варан, ҳужумчи Гарет Бэйл жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Серхио Рамос Лука Модрич ва Тони Кроос навбатдаги сариқ карточкани ишласа, кейинги учрашувни ўтказиб юбориши мумкин.

«Бавария» таркибида биринчи учрашувда қизил карточка олган Хави Мартинес майдонга туша олмайди. Роберт Левандовски майдонга тушишга тайёр. Матс Ҳуммелс ва Жером Боатенгнинг иштироки эса сўроқ остида қолмоқда. Агар Боатенг майдонга тушса ва сариқ карточка олса (шунингдек Видаль ҳам) кейинги учрашувни ўтказиб юбориши керак бўлади.

Тахминий таркиблар

Икки марказий ҳимоячисидан айрилган «Реал» бу учрашувда Начо ва Серхио Рамос хизматидан фойдаланиши кутилмоқда. Шунингдек Гарет Бэйлнинг ўрни Иско билан тўлдирилади. «Бавария»да эса Мартинеснинг дисквалификацияси ва Боатенг ҳамда Ҳуммелснинг иштироки сўроқ остида қолгани сабаб марказий ҳимояда Хаби Алонсо ва Давид Алаба жуфтлигини кўришимиз ҳам мумкин. УЕФА расмий сайти ҳам худди шу фикрда собит қолмоқда.

Реал Мадрид: Навас; Карвахал, Начо Рамос, Марсело; Кроос, Каземиро, Модрич; Иско, Бензема, Роналду.
Бавария: Нойер; Лам, Алонсо, Алаба, Бернат; Видал, Тьяго; Роббен, Рибери; Левандовски, Мюллер.

Мавзуга оид