Ўзбекистон | 12:22 / 13.05.2017
26617
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев хитойлик ишбилармонларни Ўзбекистонга таклиф қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди. 

Мулоқотда Ўзбекистонда ХХРнинг етакчи саноат компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилгани, нефть-газ ва телекоммуникация тармоқлари, транспорт, тўқимачилик, сайёҳлик, қурилиш, кимё саноатида ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман, деди Ўзбекистон раҳбари. Биз хитойлик тадбиркорлар билан бирга ишлашдан мамнунмиз. 

Президент Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини қайд этди. 

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади, деди Шавкат Мирзиёев. 

2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат парки – “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ўзаро ҳамкорликнинг юксак намунаси эканлиги таъкидланди. Бу ерда мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди. 

Президент бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди. 

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзень Чжу, «COFCO» корпорацияси директорлар кенгаши раиси Чжао Шуанлянь, Хитой давлат тараққиёт банки вице-президенти Чжан Сюгуан, Хитой Эксимбанки вице-президенти Сунь Пин, «Поли интернэшнл» компанияси бош директори ёрдамчиси Мяо Цзэчун ва бошқалар Ўзбекистон билан ҳамкорлик юқори натижалар бераётгани, бундан кейин ҳам ўзаро алоқаларни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

 

Мавзуга оид