Япония императори тахтдан воз кечиш имконига эга бўлиш арафасида
Япония ҳукумати мамлакат императори Акихитонинг тахтдан воз кечиши ва тожни меросхўри шаҳзода Нарухитога топширишига рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат 19 майнинг ўзида тасдиқлаш учун парламентга тақдим этилади. Kyodo агентлиги маълумотига кўра, қонун июнь ойи ўрталарида қабул қилиниши мумкин.
Қайд этиш жоизки, мазкур қонун лойиҳаси 83 ёшли император учун махсус ишлаб чиқилди. Акихито 2016 йилнинг августида ўз халқига қилган видеомурожаатида кексалиги туфайли мажбуриятларидан воз кечиш истагини билдирган эди. Тахминларга кўра, у 2018 йил декабрь ойида, 85га кирганида тахтни шаҳзодага топшириши мумкин.
Албатта, қонун лойиҳасига кўра, Акихито тахтдан тушганидан кейин ҳам "Жаноби олийлари" мақоми, давлат таъминоти ва бошқа имтиёзларини сақлаб қолади. 57 ёшли меросхўр шаҳзода Нарухито эса отаси тождан воз кечиши билан зудлик билан тахтни эгаллайди.
Япония ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кейинги ҳолатларни ҳам эътиборга олишга ҳаракат қилиб, тахтдан воз кечиш доимий тус олмаслигига эътибор қаратган. Амалдаги қонунчиликка кўра, императорлар умрларининг охиригача тахтда бўлишади. Сўнгги маротаба Япония императорининг тахтидан воз кечиши 200 йил аввал, 1817 йилда бўлган. Ўша вақтларда бу оддий ҳол бўлгани учун алоҳида қонун қабул қилиниши талаб этилмаган. Умуман, Япония тарихидаги 125 нафар императорнинг деярли ярми тахтдан воз кечган.