Жамият | 12:47 / 22.05.2017
10291
3 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Навоий аҳолиси билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

16-21 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Бухоро ва Навоий вилоятлари аҳолиси билан очиқ мулоқот тарзида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда вазирликлар, шаҳар ва туман ҳокимликлари, прокуратура, ички ишлар, суд органлари раҳбарлари ҳамда бошқа тегишли бошқарма ва ташкилотлардан 200 га яқин мутасаддилар иштирок этди.

Тадбирларда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб  Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида истиқомат қилувчи аҳолидан жами 64 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Хусусан, Бухоро вилоятидан – 35 минг, Навоий вилоятидан эса – 29 минг.  

Мазкур вилоятлардан келган мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш (14,4 фоиз), меҳнат ва бандлик (10,4), моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш (8,3), суд қарорларининг ижро этилиши (5,3), банк-молия ва солиққа тортиш (5,9), судларда жиноят ишлари, фуқаролик ишлари, хўжалик судларида ишлар кўрилиши (7,5), таълим соҳасига оид (3,2), электр таъминоти масаласи, шу жумладан электр энергиясининг ўчирилиши ва асоссиз қарздорлик ҳисобланиши (1,8) каби соҳаларга оиддир.

Шу билан бирга, тадбирда таъкидланганидек, мазкур вилоят ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда фуқаролар ва юридик шахслар томонидан юборилган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслик ҳамда муаллифга жавоб бермаслик, сифатсиз ўрганиш каби ҳолатларга тизимли равишда йўл қўйиб келиш амалиёти давом этаётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, вилоят ҳокимликларида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тўғри ташкил этмаслик, мурожаатларни тақсимлаш ва назорат қилиш ишларига малакали кадрларни жалб этмаслик ҳамда таҳлил ишларини йўлга қўйилмаслик оқибатида Бухоро вилоятида жами 1000 га яқин, Наовий вилоятида 300дан зиёд муддати ўтган мурожаат мавжуд. 

Сайёр қабуллар давомида Бухоро ҳамда Навоий вилоятлари аҳолисининг 900 дан зиёд мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб, 75 фоизга яқини ижобий ҳал этилди. 

Учрашувлар якунида кўриб чиқилган барча мурожаатлар бўйича вилоят ва туман даражасидаги мутасадди идора ҳамда ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид