Ўзбекистон | 08:08 / 30.06.2017
15827
5 дақиқада ўқилади

Техника университетининг Термиз филиали нега ташкил этилмоқда?

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Республикада кадрларни тайёрлаш, уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишига катта аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорида белгиланган вазифаларни ўз муддатида тўлиқ ҳажмда ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Сурхондарё воҳасида ишлаб чиқариш, мавжуд техника ва технологиялардан фойдаланиш, хизмат кўрсатишнинг асосий тармоқларини ривожлантириш, муҳандислик таълими ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш, талаб қилинган хизмат кўрсатиш соҳаси йўналишларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинди.

Бугунги кунга қадар Сурхондарё вилоятида ягона Термиз давлат университети фаолият олиб борган бўлиб, ҳар йили абитуриентлардан энг кўп ҳужжат топшириш ушбу олий таълим муассасасига тўғри келар эди. Бу йилдан бошлаб Сурхондарё вилоятида Термиз давлат университети билан биргаликда яна иккита олий таълим муассасасининг филиали талабаларни қабул қилади. Улардан бири Тошкент давлат техника университети Термиз филиалидир.

Қабул қилинган қарорга кўра, қуйидагилар Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг энг муҳим вазифалари этиб белгиланган:

транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;

хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ва мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича илмий-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;

қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб этиш мақсадида техника соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига ҳар йилги талабаларни қабул қилиш йўналишлари ва қабул квотаси воҳанинг олий маълумотли муҳандис-техник кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қарор билан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техник ва илмий-педагогик базасини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Шунингдек, мазкур Дастурга мувофиқ 2017 йил 1 сентябргача Тошкент давлат техника университети Термиз филиалини танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чоралари белгиланди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифларига кўра Термиз шаҳри, Султон Саодат кўчаси, 288 “а”-уйда жойлашган Термиз давлат университети қошидаги Термиз академик лицейининг бинолари ва иншоотлари ҳудудлари билан Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига фойдаланишга берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимиз ҳудудларининг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадам бўлиб ҳисобланади.

Мавзуга оид