Жамият | 23:24 / 01.08.2017
6781
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда тиббиёт ходимларининг меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Самарқандда соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида, даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида етишмаётган умумий амалиёт шифокорлари, асосий тор соҳа мутахассисликлари учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизматининг Кун.узга маълум қилишича, йил давомида иккинчи бор ўтказилаётган меҳнат ярмаркасида 400 нафардан зиёд иштирокчилар қатнашиб, 121 та меҳнат шартномалари тузилган.

Икки йиллик умумий кўрсаткичларга кўра, вилоятнинг барча даволаш-профилактика муассасалари, илмий текшириш институти ва марказларида ҳамда кадрлар тайёрлаш ўқув юртларида 2015 йилда 7.903 нафар врач ва 28.323 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 2016 йил якуни  бўйича 7.672 нафар врач, 27.786 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда.

Самарқанд вилоятида барча даволаш-профилактика муассасаларида «Кадрлар соати» ташкил қилиниб, бўлимлардаги кадрларга оид муаммолар (малака, тоифа, вакант, эҳтиёж, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш) ойида бир марта муҳокамаси йўлга қўйилган.

Вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва бирламчи тиббий санитария муассасаларида, шаҳар оилавий поликлиникалари, янги ташкил қилинаётган қишлоқ оилавий поликлиникаларда аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш учун умумий амалиёт шифокорлари 298 нафар ва 437 нафар тор соҳа мутахассислари етишмаслиги таҳлил қилинди.

Соҳани такомиллаштириш аввало кадрлар салоҳиятига боғлиқлигини инобатга олган ҳолда 2017 йил битирувчиларини жалб қилиб, барча вилоят даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари иштирокида «Мен халқимнинг саломатлиги учун масъулман» мавзусида семинарлар ташкил қилинди.

Мавзуга оид