Иқтисодиёт | 20:02 / 10.08.2017
118125
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Ўзбекистон олдидаги қарзидан қутулди

Фото: press-unity.com

Тожикистон 2015 йилдан бери Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эрон мамлакатлари олдидаги барча қарзларидан қутулди. Бу ҳақида ТР Молия вазирлигининг матбуот хизмати вакили берган хабарга асосланиб, "Евразия. Эксперт" нашри хабар берди. 

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, бугунга келиб мамлакатнинг икки томонлама асосдаги кредитори сифатида Хитой иштирок этмоқда. Тожикистоннинг Хитой олдидаги давлат қарзи 2017 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, 1 млрд 217,6 млн доллардан зиёдни ташкил қилади. Ундан кейин эса Саудия фонди - 44,9 млн доллар атрофида, Кувайт фонди - 38,7 млн доллар ва Франция - 24 млн доллар. Шундай қилиб, бугунга келиб Тожикистоннинг икки томонлама асосдаги қарзи ҳажми 1 млрд 380,5 млн долларни ташкил қилмоқда. 

Республиканинг кўп томонлама асосли йирик кредиторлари орасида халқаро молиявий институтлар ҳам мавжуд. Масалан, Жаҳон банки олдидаги қарз 2017 йилнинг иккинчи ярми бошида 299,9 млн долларни ташкил қилган. Бундан ташқари, Тожикистон Осиё-тараққиёт банкига 227,5 млн доллар, Ислом тараққиёт банкига - 111,9 млн доллар, Халқаро валюта фондига эса - 101,1 млн доллар қарз. 

2017 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, республика ташқи қарзининг умумий ҳажми 2 млрд 303,4 млн долларни ташкил қилган. 

"Биз инфратузилмага анча жиддий ресурс киритдик ва у қарзларни қайтариш учун ишлай бошлайди. Шу тариқа ташқи қарз билан боғлиқ мажбуриятлар камайиб боради. Ташқи қарзни бошқариш муаммоси фавқулодда долзарб аҳамият касб этади, деб ўйламаймиз, чунки бюджетни шакллантиришда қарздорлик эвазига йўлга қўйилган  лойиҳалар ўзини оқлайди", - дейди Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Фарида Мўминова.

Мавзуга оид