Жамият | 19:39 / 07.10.2017
129262
7 дақиқада ўқилади

Банкирнинг бепарволиги туфайли ёш болакай вафот этди

Ҳаёт битта тўлқинда жим оқиб келувчи дарё эмас, унда биз турли синов ва машаққатларга, яхши ва хурсандчилик онларига дуч келамиз. Фақат атрофдаги кишилар, яқинларимизнинг далдаси, тўғри йўл-йўриқлари билан инсон ёруғ ҳаётга яна қадам қўя бошлайди.

Мусибатли кунларда эҳтиёжинг бошқа кимсалар қўлида қолиб кетиши ачинарли ҳолат бўлса керак. Ана шундай оғир дамлардан бирида Отаева Мақсуда фарзанди Сухроббекни даволатиш учун зарур бўлаётган дори-дармонларни сотиб олиш учун чет эл валютасига муҳтож бўлди. Боиси, 2007 йилда туғилган Солиев Сухробга кўз саратони касаллиги ташхиси қўйилган бўлиб, у бир муддат муолажалар олиб келаётган эди. Ўтган йили Ҳиндистонда ўтказилган даволаш амалиётларидан сўнг, беморнинг аҳволи анча яхшиланди. Шунга қарамай, мунтазам дори-дармонларни қабул қилиб туриш, келгусида Сухробнинг иккинчи марта даволаниш учун Ҳиндистонга бориши талаб қилинган. Ҳар ой тахминан 500 АҚШ доллари қийматидаги дорилар, бундан ташқари Ўзбекистонда танқис бўлган дармонларни ўғлига етказиб бериш учун оила аъзоларининг ҳеч кимга оғирлиги тушмади. Яқин қариндошлар ва жонкуярларнинг кўмаги билан муолажанинг даврийлиги тўхтатиб қўйилмади. Аммо...

Вазият шуни тақозо этардики, Мақсуда 2017 йил бошида Хоразм вилоятидаги бир нечта банк филиалларига чет эл валютасини сотиб олиш учун мурожаат қила бошлади. Аввалига, «Миллий Банк» ТИФ Хоразм вилоят филиалига, сўнгра «Ипотека» АТБ ҳудудий филиалига мурожаат қилган беморнинг онаси амалий натижага эриша олмайди. Узоқ муддатлик сарсонгарчилик, қоғозбозлик босқичларини бошдан кечиргач, июнь ойининг ўрталарида, яъни 14-15 июнь кунлари беморнинг отасига Ипотека банк филиали раҳбари ёрдам қилишга қарор қилади. Даставвал, барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, сўнгра, Отаевлар оиласидан 8.100.000 сўм нақд пул қабул қилиб олинган. «Эртага келинг», деб буйруқ беришганда, ота-она бироз енгил нафас олди. Эндиликда Сухробнинг дори-дармони учун маблағ олса бас.

Мазкур банкнинг масъул ходими келгуси куни бинога кириб келган ота-онага пул тушганини маълум қилгач, Мақсуда банк пластик карточкасини ўзининг опасига бериб юборди. Балки шу жойга етиб келганда, ўқувчида шубҳа уйғониши мумкин, аммо дориларнинг фақат хориждан келтирилишини, уларнинг эса Ҳиндистонга яна кетиш учун ҳужжатларни тайёрлашга тараддудланаётганини ҳисобга олсак, барча ҳаракатлар мантиққа тўғри келади. Бироқ, «Пул тушди», дейилганидан қарийб икки ой ўтса ҳам, конвертациядан дарак йўқ. Бу ҳолатга тушунмаган ота-она банкка қайта мурожаат қилганда, ходим «биз фақат сўм пластик карточкага пул тушди, деб маълумот берганмиз», дея «англашмовчиликка» изоҳ берди.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Хоразм вилоятига ташриф буюриб, банк ходими ҳамда раҳбари Ортиқов Рашид билан суҳбатлашди. Унинг айтишича, беморнинг отаси жисмоний шахсга хорижий валютани сотиб олганлигини тасдиқловчи белгиланган шаклдаги маълумотномага имзо қўймагани учун конвертация жараёни тўхтаб қолган. Табиий савол пайдо бўлади: наҳотки, банк ўз мижозига ушбу оддий қоидани эслатишга қодир эмас? Наҳот, икки дақиқа вақт ажратиб, «биз жараённи давом эттира олмаяпмиз, чунки имзо чекмабсиз» деб телефон қўнғироғи орқали огоҳлантириб қўйишнинг имкони бўлмаса? Ходим эса лом-мим демай, жим турарди. 

Фото: KUN.UZ

Отаева Мақсуда 19 августда қайта мурожаат қилганда «пластик карточкани кўрсатинг, уни бошқа шахсга бериб юборишга ҳақли эмас эдингиз», дея яна бир бор жараён ортга сурилди. Балки, қонуности ҳужжатларда банк пластик карточкасини учинчи шахсга бериш мумкин эмас каби иддаолар кўрсатилгандир, аммо бу вазиятнинг мураккаблигини ҳисобга олинса, ходимнинг пластик карточкани кўрсатишни талаб қилиши нечоғлик қонуний? Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Ипотека банк Хоразм вилояти филиали бошлиғи Ортиқов Рашид ҳам ушбу вазиятга ҳам жўяли изоҳ беролмади.

Ачинарли жиҳати шундан иборатки, банк ҳузурига мижоз сифатида ташриф буюрган беморнинг отаси барча тўловларни амалга оширган, 2000 АҚШ долларини харид қилиш учун талаб этилган маблағни банкка топширганига қарамай, «мадад пули берилмаяпти, ҳозирча лимит йўқ», деган важлар билан қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилди. Kun.uz  мухбири «шунча пайт оралиғида банк «мадад пули ё лимит йўқ» каби важлар билан мижозларга умуман хизмат кўрсатмадими» деб савол берганида, банк вакиллари жимгина «хизмат кўрсатилган», деб қўя қолди.

Мақсуда бемор боласини кўтариб, «Миллий Банк» ТИФ Хоразм вилоятига кириб келиб, раҳбар барчасини ўз кўзи билан кўрганда ҳам вазият ўзгармади. Мазкур банк бор-йўги 500 АҚШ доллари тақдим эта олишини маълум қилди. Бундай вазият 16 июндан то 6 сентябргача давом этиб, эркин конвертация амалиёти жорий этилгач, янгиланган хорижий валютани сотиш курси бўйича банк хизмати таклиф этилди. Сухробнинг умрини сақлаб қолиш учун зарур бўлган дори-дармонлар айнан шу пулга қараб қолганини банк ходими қаердан ҳам англарди?!

PS: Мен Хоразмга ташриф буюрганда, Сухроббек учун хайрия акциясини уюштиришни ният қилгандим, лекин хонадонга кириб келишим билан унинг онаси кўзида ёш билан мени кутиб олди. Сўнг, бир сўз айта олмай, Сухроб ётган хонага олиб кирди. «Саноқли кунлар қолди, дейди шифокорлар. Энди кеч! Сизга раҳмат», дейишга қурби етган онанинг кўзларига боқиб, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Тошкентга етиб келиб, шу ўйлар билан уйқу ётишимдан аввал, хабар келди: «Сухроббек вафот этди».

Таҳририятдан: Kun.uz марҳумнинг яқинлари ва Отаевлар оиласига ҳамдардлик билдиради.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид