Ўзбекистон | 20:25 / 16.10.2017
103918
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировни қабул қилди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқдошлик муносабатларини мустаҳкамлашга, шунингдек, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади. 

Жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига олий даражадаги ташриф чоғида имзоланган икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим турли тармоқларда яқин ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар яратгани қайд этилди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида томонлар ҳудудлар даражасидаги алоқалар фаоллашаётганидан мамнун эканликларини билдириб, ушбу ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидладилар. 

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Чеченистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Рамзан Қодиров ўзаро алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди

Мавзуга оид