Ўзбекистон | 11:40 / 22.10.2017
93025
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда куз ойларида юз берган энг муҳим 5та иқтисодий ўзгариш

Куз фаслида Ўзбекистон ҳукумати катта ўзгаришлар сари юз бурмоқда, хусусан валюта эркин конвертациясидан бошлаб, айрим товар ва маҳсулотларга қўйилган акциз солиқлар, бож тўловларини пасайтириши шу сирасидан. Kun.uz куз фаслида юз берган жараёнлар ичида энг диққатга сазовор бешта иқтисодий ўзгаришларни сарҳисоб қилди.

1. Валюта эркин конвертация амалиёти

Фото: Kun.uz

Ҳеч шубҳасиз, ушбу амалиётнинг жорий этилиши мамлакатда иқтисодий ҳаётни бирмунча янгилади. Эндиликда банк филиалларига мурожаат қилган ҳар қандай шахс эркин валютани айирбошлаш ҳуқуқидан фойдалана олади. Аммо, ҳозиргача нақд пул кўринишида хорижий валютани сотиб олиш бўйича расмий баёнот берилмаган. 

Reuters нашрининг ўз манбасига таяниб берган хабарида, бу амалиёт 1 октябрдан бўлиши кўзда тутилганди. Кейинроқ, хорижий валютани нақд пул кўринишида банк филиалларидан сотиб олиш 10 октябрдан бошланиши маълум қилинганди. Шунга қарамай, 5-12 сентябрьнинг ўзида аҳоли 200 миллиондан ортиқ АҚШ долларни банкда сўм валютасига айирбошлаган. Юридик шахслар эса 100 миллион долларни алмаштиргани қайд этилмоқда.

2. Халқаро пул ўтказмаларини сўмда амалга ошириш мумкин

Фото: Kun.uz

1 октябрдан бошлаб Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Украина, Беларусь, Молдова, Озарбойжон ва Арманистонга пул ўтказмаларни сўмда юбориш мумкин, деб баёнот берган «Ўзбекистон почтаси» АЖ раҳбарияти. Пул ўтказмаси амалга оширилган кундаги Марказий Банк белгилаган валюта айирбошлаш ставкаси бўйича конвертация амалга оширилади.

3. Европа инвестиция банки Ўзбекистонда иш бошлади

Фото: Alamy

Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки вакиллари Вашингтон шаҳрида молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонда ташкил этилаётган ЕИБ фаолиятига оид бир нечта ҳужжатлар имзолади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон Банкидан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмак олишни режалаштирмоқда. 

4. Президент айрим турдаги маҳсулотларга нисбатан импорт божини бекор қилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нефть ва нефть маҳсулотлари, йирик ва майда чорва ҳайвонлари, гўшт ва майда чорва ҳайвони гўштлари, балиқ маҳсулотлари, картошка, сут, ун ва бошқа бирламчи озиқ товарларга қўйилган импорт божини бекор қилди. Жорий йилнинг 1 октябр кунидан бошлаб, айрим турдаги товар ва маҳсулот, умумий ҳисобда 94 та гуруҳда таснифланган маҳсулотларга янги бож ставкалари, 34 та гуруҳдаги товарларга нисбатан янги ставкадаги аксиз солиқлар жорий этилди.

5. Автомобиль импортига қўйилган акциз солиғи пасайтирилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон 1 октябрдан бошлаб Қозоғистонда ишлаб чиқарилган тиббий мақсаддаги транспорт воситаларидан бошқа барча турдаги уловларга нисбатан акциз солиғини пасайтирди. Эндиликда Россия, Украина ва Беларусь Республикаларида ишлаб чиқарилган машиналар қаторига Қозоғистон маҳсулоти ҳам қўшилди.

Мавзуга оид