Мирзиёев: «Қўпол бўлсаям айтиш керак, ҳаммаси ухлаб ўтирибди»
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида профилактика инспекторлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
“Профилактика инспекторлари, маҳалла вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараётгани ҳам жиноятларнинг олдини олиш самарасини пасайтирмоқда.
Профилактика инспекторлари учун уй-жой шароити, уларни хизмат хоналари ва автомашиналар билан таъминлаш масалаларини ҳал қилиб бермоқдамиз. Лекин энди натижани сўрайдиган вақт келди. Қани натижа? Афсуски, Самарқанд вилоятида бу саволга ижобий жавоб йўқ.
Мана, битта мисол. Самарқанд шаҳридаги 33 та маҳаллада содир этилган жиноятларнинг камида ярми муҳокама этилмаган. Аксарият маҳаллаларда муҳокамалар номига, фақат ҳисобот учун ташкил этилган. Бу борада маҳалла раислари, профилактика инспекторлари қаёққа қараяпти, деган савол туғилади. Қўпол бўлсаям айтиш керак, ҳаммаси ухлаб ўтирибди. Ёки ўзи билан ўзи овора.
Аёллар томонидан содир этилган 436 та жиноятнинг аксарияти оилавий келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан.
Аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиш даражаси юқорилигича қолмоқда, яъни, 145 тани ташкил этмоқда.
Хотин-қизлар қўмитасининг масъул раҳбарлари бу рақамларни қандай изоҳлайди?
Маҳалла вакиллари, профилактика инспекторлари ўз ҳудудларида уйма-уй юрдик, оилалардаги аҳволни ўргандик, деб ҳисобот беришади-ю, лекин ҳақиқий вазиятдан уларнинг мутлақо хабари йўқлиги таҳлиллар жараёнида яққол аён бўлмоқда.
Огоҳлантириб айтмоқчиман: бундай сохта ҳисоботлар билан ишлайдиганлар қонун бўйича тегишли жазосини албатта олади. Президент сиёсатини обрўсизлантирадиган бундай кўзбўямачиликларга ҳеч қачон йўл қўйилмайди.
“Маҳалла” жамғармаси, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи билан биргаликда, бир ой муддатда ҳудудлардаги оилавий жанжаллар, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик ва низоларнинг туб сабабларини аниқлаб, уларнинг ечимини топиб, тарафларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўрилишини таъминласин”, - деди Мирзиёев.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024