Спорт | 16:20 / 11.11.2017
43391
9 дақиқада ўқилади

Неймарнинг бахти қаерда?

Вақт яна июлга қайтиб қолгандек. Ҳамма Неймар ҳақида гапиряпти. Унинг гоҳ Эмери билан, гоҳ жамоадошлари билан можаролари, гоҳида «Реал»га трансфери ёки «Барселона»га қайтиши ҳақидаги гап сўзлар - буларнинг барчаси аслида бразилиялик футболчининг Парижда ўзини бахтсиз ҳис қила бошлагани билан боғлиқдек. Парижда ўзини бахтсиз ҳис қилиш мумкинми? Ҳа, агар сиз Неймар бўлсангиз...

Аслида Неймар ҳаммасини тўғри қилганди гўё. Бутун дунёни ҳайрат кўчасига етаклаган сумма эвазига дунё марказларидан бири бўлмиш Парижга ўтиш, янги жамоада асосий ва энг чароғон юлдуз сифатида порлаш ва балки «Олтин тўп»ни қўлга киритиш. Мессининг соясида дунёнинг энг яхши ўйинчиси бўлиш имконсиздек, Иньестадан сўранг, гоҳо жаҳон чемпиони бўлиш ҳам етмай қолади. Пул ёки эътиборни бир четга суриб қўйсак, Неймарнинг «ПСЖ»га ўтишини мана шундай футбол амбициялари асосида ҳам тушуниш қийин эмасди. Аммо кўп жиҳатлар Неймар кутганидек бўлиб чиқмади. Мисол учун:

ФРАНЦИЯ ЧЕМПИОНАТИ

Тан олиш лозимки, «Лига 1» Ла Лига эмас. «ПСЖ» «Барселона» эмас. Албатта, илк кунларда, илк турларда Неймарнинг дебют ўйинлари барчанинг эътиборида бўлди. Фақат бошида. Тасаввур қилинг, Неймар ажойиб гол уриб жамоасига ғалаба келтирган куннинг эртасига уйғонади-ю, қараса, бутун дунё у ҳақида гапирмаяпти. Даҳшат. Ўз вақтида ютуб қироли бўлган, «Барселона»дан айнан сояда қолмаслик учун кетиб қолган Неймар учун бу жуда ёмон. Ростан ҳам «ПСЖ»нинг «Ренн» ёки «Тулуза»га нечта гол уриши ҳеч кимга керак эмас. Тўғри, «Хетафе»лар Испанияда ҳам бор, лекин «Реал» билан рақобат фонида, шунингдек, бутун дунёга тарқалган «Барселона» мухлислари орасида ўша ўйин ҳам «тренд» сифатида кузатиларди. Францияда ундай эмас. Ўз вақтида Девид Бекҳэмдан тортиб, Златан Ибраҳимовичларгача бу жараённи ўз бошларидан кечирган. Агар Чемпионлар Лигасини айтмаса, МЛС нима-ю, Лига 1 нима...  

ЖАМОАДОШЛАР

Неймар қараса, уни Парижда интизорлик билан кутган футболчилар у қадар кўп эмас экан. Бу ерда ҳам ўз Мессилари, Суареслари бормуш... Албатта, Каванини Месси билан таққослаш ноўрин. Маҳоратини айтмаяпман. Месси ёки Иньеста учун «Барселона» ўзиники эди, улар жамоанинг кучлироқ бўлишини исташар, ёрдамга Неймар каби юлдузлар келса, қучоқ очиб кутиб олишарди. Месси ҳеч қачон ўзининг Неймар билан солиштиришлари ҳақида ўйламасди, унинг «Барселона»га муносабати бундай фикрлардан баландроқ эди. Кавани эса, худди Неймар каби ёлланма, фақат сал эртароқ келган. У ҳам кўпроқ гол уришни истайди. Ниҳоят Франция Лигаси ҳам «Олтин бутса» коеффицентларида 2.0 га чиққач, бу совринни ҳам қўлга киритишни истайди. У учун Неймар бу йўлдаги бир рақобатчи холос. Пенальти ва жарима тўпларни талашиб, воқеа жуда катталашиб кетгани ёрқин мисол. Неймар Парижга келаётганда, бундай бўлишини кутмагани табиий.

Умуман бразилиялик футболчилар ва қисман Мбаппедан ташқари, бошқа футболчилар билан Неймар яхши муносабатда эмаслиги маълум бўлиб қолди. Айниқса, Ди Мария ва Пасторе ҳақида турли хабарлар тарқала бошлади.  

МУРАББИЙ

Ўз вақтида Артем Дзюба томонидан писанд қилинмаган Унаи Эмерини Неймар не кўйларга солиши мумкинлигини тасаввур қилаверинг. Бунинг устига, бразилиялик футболчининг азалдан мураббийлар билан чиқишмаслиги ҳақида кўп ёзишмоқда. Жумладан, ўша «Сантос» даврида ҳам Неймар жуда кўп маротаба мураббий ишидан норози бўлган, унинг қарорларига исён қилган экан. «Барселона»да эса ёрдамчи мураббий Унсуа билан боғлиқ воқеалар тилга олинди. Унсуа Неймарга «агар ўзгармаса, Роналдиньонинг аҳволига тушиб қолиши мумкинлиги» ҳақида танбеҳ берганди. Биламизки, Роналдиньо «Барселона»ни ҳам, умуман катта футболни ҳам жуда эрта тарк этди, маҳоратига яраша барқарор бўла олмади. Аммо айтиш мумкинки, Неймар ҳали ҳамюрти қўлга киритган икки «Олтин тўп»дан жуда узоқ масофада турибди. 
Эмерининг машғулотлари, услублари, тактикалари анчадан бери Неймарни қониқтирмаяпти. Албатта, «ПСЖ» эгалари 222 миллионга сотиб олинган футболчини оддий мураббийдан устун кўришлари табиийдек кўринмоқда, бир кун Эмерининг истеъфоси муқаррар. Аммо кейинчи?

РАҚИБЛАР

Биласизми, «Барселона»га Испаниядаги муносабат билан, «ПСЖ»га Франциядаги муносабат ўртасида катта фарқ бор. Испанлар, Лиганинг бошқа жамоалари «Барселона»ни эталон сифатида кўрадилар, унга интиладилар. «Барселона» билан куч синашиш, «Барселона» каби ўйнаш улар учун шараф. Ўз навбатида, жуда кўп рақиб футболчилар учун Месси каби юлдузлар кумир даражасига етади - унга рақиб бўлишдан завқ оладилар, бирга суратга тушадилар ва ҳоказо.

«Париж» эса, аксинча, оддий француз жамоалари учун бошқа жойдан келиб қолган ёт унсурдек. Катта пуллар билан чемпионатга кириб келиш ва юлдузларни жамлаб олиш бошқа клубларнинг ҳамиятига тегади. Оддий рақиб эмас, душмандек қарайдилар. Неймар улар учун кумир, рақиблик қилиш имкони туғилган осмондаги юлдуз эмас, душман. Унга ва бошқа «ПСЖ» футболчиларига қарши қатъийроқ, қўполроқ ўйнашга ҳаракат қиладилар. Бундай муносабатни ҳам табиийки, Неймар кутмаган. Натижада, у баъзи сафар ўйинларини ўтказиб юборишга интиляпти, турли жароҳатлар ўйлаб топяпти. Испан нашрида тарқалган хабарга қараганда, у «Монпелье»га кетиш олдидан кичик жароҳатни баҳона қилиб, у ерга бормаган. Аммо бошқа футболчиларнинг айтишича, Неймар ўша куни ҳамма қатори машғулотларда қатнашган ва ҳатто ҳаммадан кейин қолиб ҳам шуғулланган экан. 
 

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Шунақа гаплар. Неймар билан боғлиқ бу воқеалар ўз вақтида Роналдунинг Манчестерни соғиниб қолган пайтдаги оддий инжиқликлар эмасдек. Нимадир ўзгариши ва балки яқин келажакда яна бир катта трансфер воқеасини кузатишимиз мумкин. Савол туғиладики, бу янги жамоа қайси?

«Реал»ми? Ишониш қийин. Каталония уни қандай кутиб олишини тасаввур қилаверинг. Кейин у ернинг ҳам ўз «месси»си бор, илк расмий ўйинда Неймар ва Роналдунинг навбатдаги жарима тўпини талашиб қолганликларини кузатиш қизиқ бўларди, албатта. 

«Барселона»га қайтиш? Неймар собиқ жамоадошлари билан жуда яқин алоқаларни сақлаб қолган бўлса-да, раҳбарият билан шу қадар зиддиятга бордики, то у ерда янгилар келмагунча, бу трансфер ҳақида ўйлаш нотўғри. 

«Манчестер Сити»? Бир қарашда идеал вариант - дунёнинг энг яхши мураббийи, терма жамоадоши Жезус билан бирга тўп суриш... Аммо биласизми, Неймар жамоадаги бирор кемтикни тўлдириш ёки ўз номи билан янги босқичга олиб чиқиш учун керак бўлади. «Манчестер Сити» эса, ҳозир идеалдек кўринмоқда. Неймарнинг келиши у ердаги мувозанатни бузиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. 

«Манчестер Юнайтед»? Пул кўп, Моуриньога ҳам Неймар ёқишини биламиз. Аммо бу жамоанинг ўз рокнролшиги бор, иккинчиси кўплик қилади. Аввалига ҳаммаси яхши бўлади, кейин Моуриньо Неймарнинг ҳимояга қайтмаётганидан нолийди, мажбур Эшли Янг вариантига қайтилади, захирада ўтиришдан зериккан Неймарни тунги клубда Жезус билан бирга кўриб қоладилар. Моуриньо ғазабда... Хуллас яхши ғоя эмас. 

Айтмоқчимизки, Неймар ўзи босиб ўтаётган кўприкларга ўт қўйишда давом этмоқда ва бундай вазиятда топ-клубларнинг уни сотиб олишга уринишлари аввало, маркетинг нуқтаи назаридан содир бўлиши мумкин холосдек. 

Бечора футболчи эса, бахтсиз. Ҳаётда ҳам шунақа. Қўлга киритилмаган баъзи нарсалар учун шу қадар интиламизки, охири унга етишганда, бу йўлда бошқа, қадрлироқ нарсаларни бой бериб қўйганимизни тушуниб етамиз. Бой берилганларни қайтариш эса, янада қийинроқ. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид