Жамият | 10:03 / 01.12.2017
6830
3 дақиқада ўқилади

2030 йилга келиб автоматлаштириш сабабли 800 млн киши ишсиз қолиши мумкин

Фото: EAST NEWS

McKinsey & Co консалтинг компанияси таҳлилчилари автоматлаштириш барча одамларга таъсир қилишидан огоҳлантиришмоқда. Оптимистик сценарий бўйича автоматлаштириш оқибатида 13 йилдан кейин, яъни 2030 йилда 400 млн киши, пессимистик сценарий бўйича эса 800 млн киши, яъни бутун ишчи кучининг бешдан бир қисми ўзига янги иш излашига тўғри келади. Одамлар янги иш топиш учун қайта ўқишларига тўғри келади ва буни давлатнинг қўшимча ёрдамисиз амаллаб бўлмайди. 

Таҳлилчилар бундай фикрга 46 та давлатдаги 800 та касб ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишгандан кейин келишди. Баъзи давлатларда робот ва алгоритмлар ишчи вазифаларнинг учдан бир қисмини, қолганларида эса 15 фоизини ўз зиммасига олади. Автоматлаштириш суръатлари ва қамрови мамлакатнинг иқтисодий ривожи даражасига боғлиқ бўлади.

McKinsey & Co прогнозларига кўра, 13 йилдан кейин 75 млн дан 375 млн гача ишчи (умумий ишчи кучининг 3-14 фоизи) ўз фаолияти йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлади. Қолганлар ҳам янги шароитларга мослашишларига, жумладан малакаларини ошириш ва янгиларини эгаллашга кўпроқ эътибор қаратишларига тўғри келади.

Биринчи навбатда, роботлар станоклар операторлари, бэк-офис ва тез тамадди ресторанлари ходимлари ўрнини эгаллайди. Бу одамларда янги касбларни ўзлаштириш, мисол учун кекса одамларга қаровчи ёки боғбонларга айланиш имкони пайдо бўлади. Автоматлаштириш ходимларни бошқариш ва мунтазам ижтимоий алоқаларни назарда тутувчи одамларга энг кам хавф солади. Шунингдек, кутилмаган вазиятларда ишлашни талаб қилувчи касблар сақланиб қолади. Бу тоифага боғбонлар, сантехниклар ва болаларга қаровчилар киради. Маошлардаги тавофут ҳам кучаяди. Айниқса бу ҳолат ривожланган иқтисодиётга эга давлатларда кузатилади. McKinsey таҳлилчилари ҳозирданоқ давлатларга меҳнат бозоридаги ўзгаришларга тайёргарлик кўришни бошлашни тавсия қилишмоқда. Мисол учун, ишсизликдан суғурта, бир ишдан кетиб ҳали иккинчи ишга киришга муваффақ бўлмаганларга ёрдам пули жорий қилиш.

Барча ўзгаришларга қарамай, автоматлаштириш кўплаб давлатларда иқтисодий ўсишга олиб келади. Буни бошқа тадқиқотлар ҳам тасдиқламоқда. JPMorgan банки мутахассислари 105-15 йилдан кейин автоматлаштириш дунё ялпи ички маҳсулотини 1,1 трлн долларга оширишини прогноз қилмоқдалар. Бунда асосий фойдани энг йирик иқтисодиётга эга давлатлар – АҚШ ва Хитой кўради.

Мавзуга оид