Жамият | 19:30 / 18.01.2018
31779
2 дақиқада ўқилади

Тузнинг асосий хавфи ҳақида маълум қилинди

Фото: Fotolia

Америкалик олимлар тузни доимий равишда меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ичакнинг иммун тизимида ўзгаришларни келтириб чиқаришини аниқлашди, бу эса инсонннинг когнитив функциялари деградациясига олиб келади. Nature Neuroscience'да шу ҳақидаги маълумот  тақдим этилди. 

Мутахассислар уч ҳафта давомида хлорид натрийни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш эндотелиал дисфункция, мия қон оқимининг камайиши ва когнитив тизимдаги бузилишларга олиб келиши, лекин артериал қон босимини ўзгартирмаслигини қайд этишди. 

Туз миқдори юқори бўлган парҳез ичакдаги Т-хелперлар сони ва улар томонидан интерлейкин-17 молекулаларининг ишлаб чиқарилишини оширади. Муаллифлар қон оқимидаги интерлейкин-17'нинг ўсиши мазкур парҳезнинг миядаги қон айланишига салбий таъсир кўрсатишини қайд этишди. 

Олимлар сичқонларни кузатиш давомида шундай хулосаларга келишди. Олинган натижалар, муаллифларнинг таъкидлашича, одамларга ҳам мувофиқ келади. Мутахассислар кемирувчилар нормал овқатланиш режимига қайтган тақдирда, туз миқдори юқори бўлган парҳезнинг салбий натижалари чекинганини таъкидлашди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бир кунда 5 граммдан кўп туз истеъмол қилмасликни тавсия қилади. Бу йилига тахминан 2,5 миллион ўлим ҳолатларининг олдини олиши мумкин.

Ташкилот маълумотларига кўра, сайёра аҳолисининг ярмидан кўпи ҳар куни 80-140 фоизга кўп хлорид натрий истеъмол қилади. Ортиқча туз инсон организмига асосан нон, қуруқ нонушта ва истеъмолга тайёр таомлар билан бирга киради. 

Мавзуга оид