Спорт | 17:20 / 19.01.2018
22622
8 дақиқада ўқилади

Анонс. Ҳафтанинг асосий ўйинлари

Дам олиш кунларида Европа чемпионатларида навбатдаги турлар ўткзаилади. «Трибуна» ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси билан таништиради.

БЁРНЛИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

«Боксинг дэй» оқшомида бу икки жамоа «Олд Траффорд»да ажойиб тўқнашувни намойиш этиб берганди. Фақат Лингарднинг икки голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолган «қизил иблислар» ўша дуранг тасодиф бўлганини эътироф этган Жозе Моуриньонинг ҳақ бўлганини исботлашларига тўғри келади.

«Бёрнли» АПЛ ўртамиёналари ичида ҳали ҳам энг яхшиси, 7-ўринни эгаллаб турибди. Аммо жамоа сўнгги олти ўйинда ғалаба нималигини билмай келяпти. Тўғри, бу турларда рақиб сифатида Манчестер клублари, «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» рўбару бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

«Манчестер Юнайтед» эса, 2018 йилни анча ишончли бошлади ва майдонга тушган уч ўйинда ўз дарвозасидан гол ўтказмаган ҳолда, уч ғалабага эришди. «Сити»нинг Ливерпулдаги мағлубиятидан кейин ҳам, аслида орадаги фарқ жуда катта бўлса-да, аста секин, ҳали ҳаммаси тугамагани ҳақида фикрлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, бундай гаплар «МЮ» томонидан, масалан Хуан Мата, Фил Жонс каби футболчилар тилидан янгради. Бундай иддаолар билан «Бёрнли»да очко йўқотишга уларнинг ҳаққи йўқ.

АТЛЕТИКО – ЖИРОНА

«Жирона» Ла Лигада тарихидаги ўзининг илк ўйинини мана шу мавсум бошида айнан «Атлетико»га қарши ўтказган ва дастлабки 25 дақиқада икки гол киритиб, бутун Европа эътиборини ўзига қарата олганди. Кейин мадридликлар ҳисобни тенглаштира олишди, аммо барибир пешқадам билан ўз майдонидаги дуранг ҳам «Жирона» учун ажойиб натижа эди.

Кейинчалик эса, Каталония клубининг Мадрид клубларига қарши қандай натижалар қайд этганини кўрдик. «Реал» ва «Хетафе» мағлуб этилди. Жироналикларнинг «Атлетико» майдонида ҳам осонликча таслим бўлмаслиги шубҳасиз, зеро жамоанинг ўтган турдаги 6:0 ҳисобидаги ғалабаси ҳам футболчиларга кўтаринкилик берса керак.

«Атлетико» турнир жадвалида «Барселона»ни таъқиб қилаётган ягона жамоа бўлиб қолди, десак муболаға бўлмайди. Сўнгги беш турни ғалаба билан якунлаган Симеоне шогирдлари пешқадамга енгил нафас олишга имкон бермаяпти. Бошқа жамоалардаги беқарорлик турдан-турга уларнинг «Барселона» билан фарқини ошириб бормоқда.

АТАЛАНТА – НАПОЛИ

«Наполи» пешқадамликни сақлаб туриб учун ҳар бир ўйинда ғалаба қозониши шарт, «Аталанта» эса, Сарри жамоаси учун энг ноқулай рақиблардан биридир.

Бергамодан ўтган сўнгги 7 ўйиндан атиги биттасида «Наполи» ғалаба қозонганини эътиборга олсак, бу ўйиндан талофатсиз чиқиш осон бўлмайди. Шунингдек, шу йилнинг бошида бу жамоалар Италия кубогида тўқнаш келганди ва «Аталанта» Неаполда рақиби устидан ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқиб, пешқадамни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўша ўйиндан уч кунгина ўтиб, А Серия ўйинида «Аталанта» сафарда «Рома»ни енгганини ҳам таъкидлаш керак. Умуман «Аталанта» сўнгги икки ойни жуда кўтаринки руҳда ўтказмоқда ва шу даврда ўтказилган 11 ўйиндан атиги биттасида мағлубиятга учради.

Ҳар икки жамоа мавсумнинг иккинчи ярмида Европа Лигасида курашни давом эттириши ҳам бу ўйиннинг ушбу турдаги марказий ўйинлардан бири эканини исботлайди,

ЛИОН – ПСЖ

«Лион» Франция чемпионатидаги жамоалар ичида таркиб, ҳужумкорлик, ўйин жиҳатидан «ПСЖ»га энг яқин келиши мумкин бўлган жамоадир. Турнир жадвали ҳам буни исботлаб турибди, лионликлар иккинчи ўринда боришмоқда.

«ПСЖ» эса, янги йилга янаям қутурган алфозда кириб келди ва қаторасига саккизинчи ғалаба - 8:0 ҳисобида. Эмери шогирдлари агар бу ўйинда ҳам ғалаба қозонишса, орадаги фарқ 14 очкога етади ва «ПСЖ» бемалол фақат Европа Чемпионлар Лигаси ҳақида ўйлаши мумкин.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашуви 2:0 ҳисобида «ПСЖ» фойдасига якунланганди. 

ИНТЕР – РОМА

Яқин яқингача бу жамоалар А Серияда чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида тилга олиниб келишаётганди. Ҳозир бу ҳақида гапиришдан маъно қолмаган бўлса-да, интрига сақланиб турибди, энди «Интер» ҳам, «Рома» ҳам Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берадиган ўринлар учун курашмоқда. Йўқотилган очколар бўйича («Рома» бир ўйин кам ўтказган) тенг кўрсаткич қайд этган ушбу рақибларнинг ўзаро ўйинини бемалол «олти очколик» ўйин деб таърифлай оламиз.

«Интер» ва «Рома» ўртасидаги сўнгги ўйинларга қарасак, доимий муросасизликни кўрамиз – сўнгги 20 учрашувдан 7тасини «Интер», 8тасини «Рома» ўз фойдасига ҳал қилган. Биринчи даврадаги ўйинда эса, миланликлар меҳмонда ўйнаганликларига қарамасдан 3:1 ҳисобида ғалаба билан якунлаганди.

БЕТИС – БАРСЕЛОНА

«Барселона» ниҳоят ушбу мавсумда мағлубият аламини тотиб кўрди, лекин бу ўйин жавоб ўйинида вазиятни ўнглаш имконияти бўлган Испания кубогида рўй берди. Шундай бўлса-да, «Эспаньол»нинг ғалабаси бошқа ўртамиёна клубларга ҳам ишонч бериши табиий.

«Бетис» ҳозирда ўша ўртамиёналар ичида энг юқорида турибди ва Чемпионлар Лигаси ўринларидан атиги 5 очко орқада холос. Яъни яхши серия қайд этса, бемалол еврокубоклар учун курашиши мумкин. Айниқса, Андалусия дербисида «Севилья» майдонида қозонилган (5:3) ғалаба «Бетис»нинг ҳужумдаги имкониятлари ёмон эмаслигини кўрсатди.

«Барселона» таркибида Паулиньо жароҳат олди ва ҳамюрти Коутиньонинг сафига қўшилди. Аммо Алкасер, Умтити, Делофеу каби футболчиларнинг машғулотларга қатнаша бошлагани Валвердега умид беради. Айниқса, кубокдаги жавоб ўйинида керакли натижани қайд этиш учун ҳам ушбу ўйинда имкон қадар камроқ сарф билан ғалаба қозониш вазифаси турибди.  

 

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 январь. «Брайтон» – «ЧЕЛСИ» (17:30), «АРСЕНАЛ» – «Кристал Пэлас» (20:00), «МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «Ньюкасл» (22:30),

21 январь. «БАВАРИЯ» – «Вердер» (19:30), «РЕАЛ» – «Депортиво» (20:15), «Саутҳэмптон» – «ТОТТЕНҲЭМ» (21:00), «Кальяри» – «МИЛАН» (22:00)

22 январдан 23 январга ўтар кечаси: «ЮВЕНТУС» – «Женоа» (00:45) «Суонси» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (01:00)

Мавзуга оид