Ўзбекистон | 10:18 / 08.02.2018
100367
9 дақиқада ўқилади

“Ўзтрансгаз” берган рақамлар ялтирамоқда, одамлар эса газсиз қалтирамоқда...

7 февраль куни “Ўзтрансгаз” АЖ Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ўтказди. KUN.UZ мазкур анжуманда қатнашмаган, (аниқроғи, бу йиғилишга чақирилмаган) бўлса-да, ўтган йиғилишда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан бир йил ичида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз борганлигини жамият сайтидаги маълумотлар орқали яқиндан танишди. Таъкидлаш жоизки, тақдим этилган рақамлар барча ишлар рисоладагидек эканлигини кўрсатиб турибди, аммо жойлардаги ҳақиқий муаммолар бу нарсани инкор этаётгандек гўё... (Мазкур рақамларга қизиқувчилар қуйидаги ҳавола орқали ундан баҳраманд бўлишлари мумкин)

Гапимизни мисоллар орқали давом эттирмасак сўзлар-сўзларга ёпишмаётгандек. Масалан, “Ўзтрансгаз” АЖ ушбу йиғилишда водийдаги автомобилларга газ қўйиш шохобчаларидаги километрли навбатлар ҳақида, бунинг сабаблари ва олдини олиш борасида лом-мим демаган. Январь ойининг ўзида ана шундай ҳолатлар жуда кўп кузатилган ва бу ҳақда KUN.UZ сайти орқали мақолалар ҳам эълон қилинган эди.

18 январдаги Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятидаги ҳолатлар:

Водий «заправка»ларидан йўқолган газ қидирилмоқда

30 январдаги Андижон ва Фарғона вилоятида кузатилган яна шу муаммо:

Водий вилоятлари “заправка”ларида яна икки-уч километрли навбатлар юзага келди

Бундан ташқари, Республиканинг аксари ҳудудларида табиий ва суюлтирилган газ билан боғлиқ муаммолар ҳамон ҳал этилмаган. Бу борада ҳам KUN.UZ сайтига турли мурожаатлар келиб турибди. Бу сафар ҳам гапимиз исботи билан бўлсин, мазкур мурожаатлардан АЙРИМларини ҳавола этамиз. Бу мурожаатларни “табрикнома” сифатида қабул қилишар...

“Ассалому алайкум KUN.UZ. Сизларга Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидан мактуб юбормоқдаман. Исмим Зиёвиддин. Бизнинг туманда 1 та суюлтирилган газ баллонини ижарага олиш учун ойлаб навбат кутишимиз керак, унгача қиш мавсуми тугайди. Туман газ идораси ходимлари кутмасдан бозордан нақд пулга сотиб олинглар, дейишди. Бозорда 1 та газ баллонининг нархи 300-350 минг сўм туради. 1 та баллон заправкасинг нархи 12-13 минг сўм бўла туриб 20-25 мингдан сўмдан таниш-билиш қилиб оламиз. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди деганларидек 6 ой оғир бемор боқдим - катта акам ошқозон ракига чалиниб, 2 кун бўлди вафот этдилар. Уларни даволатишга “Дамас” автомашинамни сотиб, сарфладим натижа бўлмади. 6 нафар фарзандлари бор, ҳаммаси ёш оилада, уларнинг барчаси ишсиз. Буни ҳамма билади, ҳаттоки МФЙ раисини хабари бор. Лекин келиб моддий ёрдам таклиф ҳам қилишмайди.

Қачон бизнинг шаҳар ва туманларга ҳам адолат етиб келади ёки президент қилган маърузалари ва фармонлари факат Тошкент учунми?”

Яна бир мурожаатда шундай дейилади:

“Ассалому алайкум халқнинг орзу-умиди ва дарду-ғами билан ёниб яшаётган KUN.UZ журналистлари. Биз Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Давлатботир қишлоғида истиқомат қиламиз.

Бизнинг қишлоқларда газ йўқ. Ўтин деярли ҳеч қайси хонадонда қолмади, кўмир эса фалон пул. Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳали ҳам совуқ сувда таҳорат олиб, шам ёруғида намоз ўқишади. Ёш гўдаклари бор ота-оналар кундизи билан ўтин йиғишади. Бир неча бор ушбу муаммолар бўйича тегишли раҳбарларга ва ташкилотларга мурожаат қилдик, аммо дардимизни эшитадигани йўқ.

Сизлардан ўтинчимиз ушбу муаммони ҳал этишда ёрдам берсангиз. Президентимизнинг инсонлар турмуш тарзини яхшилаш учун чиқараётган кўплаб қарор ва фармонлари ижросини нима учун уз вақтида таъминлай олмаётган мутасадди раҳбарларга ҳеч қандай чора кўрилмайди? Халқимиз орзу-умиди фақат ва фақат электр энергияси бўлиб қолаверадими? Бизнинг ҳам кенгроқ марраларни забт этиш ҳақида ўйлаш вақти келмадимикан?”.

Яна бир мурожаат:

Ассалому алайкум KUN.UZ таҳририяти. 2018 январь ойининг тахминан 15-кунларидан Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Янгиқўрғон массивида табиий газ йўқ. Туман газ бошқармаси ходимларининг сўзига кўра, январь ойи лимити тугаб қолганмиш. Бу нима дегани? Январь ойининг қолган совуқ кунларида аҳоли газсиз ўтириши керакми? Маҳаллада деярли ҳар бир хонадонда ёш болалар, кексалар бор, уларнинг соғлигини ким ўйлайди? Янги йил арафаси, январь ойининг бошларида газ босими жуда баланд берилди. Ҳатто газ плиталар, трубалар уланган жойлардан газ чиқиб кетди.

Умуман олганда аҳолига газ босимини бир маромда берилишига ким жавобгар? Қўқондаги ҳолатга ўхшаган бахтсиз ҳодисалар бўлмаслигига ким жавоб беради?”.

Мурожаатларнинг навбатдагиси қуйидаги мазмунга эга:

“Ассалому алайкум KUN.UZ ходимлари. Халқ дардини эшитиб, қўлингиздан келган ёрдамни қилаётганингиздан шу халқ жуда миннатдор. Мен Наманган шаҳрида, Қ.Отамирзаев кўчасида яшовчи оддий бир фуқароман. 7 йилдан бери табиий газ йўқ. Маҳалламизда имконияти бор инсонлар (жуда кам) бир амаллаб уйини иситади, имконияти йўқ бечоралар эса эски оёқ кийим, резина ёқиб уйини истишга мажбур. Кексалар ва ногиронлар бор, ёш болалар бор, айниқса, ёқилган резина тутуни алергия қўзғатар экан. Ёш болалар жуда қийналмоқда, илтимос, шу мавзуни ҳам ёзсангиз. Мутасадди ташкилотлар эътиборига тушса, маҳалламизга табиий газ келса, келажагимиз бўлган ёш авлод иссиқ уйда тоза ҳаводан нафас олса, эртанги кун шу ёш авлодники-ку. Президентимиз айтаяптилар-ку, халқ келажакда эмас, эртага эмас, бугун яхши яшаши керак деб. Наҳотки бу сўзларнинг мутасадди раҳбарларга аҳамияти йўқ?”.

Бухоро вилоятидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум ҳурматли KUN.UZ ижодкорлари! Сизларга Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Ҳасан хўжа қишлоғида истиқомат қилаётган аҳоли номидан ёзмоқдаман! Яқин-яқингача бизниниг қишлоқ туманимизнинг энг сўлим қишлоқларидан бири эди! Аммо ҳозирда қишлоғимиз худди чўлга ўхшаб қолди! Ҳурматли таҳририят ижодкорлари, биздаги асосий муаммо юртимизни бошқа ҳудудларида бўлгани каби табиий газ муаммоси! Агар сизларни ташаббусларингиз орқали туманимизни мутасадди ташкилот раҳбарлари қишлоғимиздаги муаммони ҳал қилиб беришса, хурсанд бўлардик! Бизда ҳамма нарса тайёр - ҳар бир хонадонга қувурлар тортилган, газ тақсимлагичлар(ГРП) бор. Фақатгина табиий газни узатишса бўлди! Олдиндан раҳмат!”.

Айтмоқчи бўлганимиз, президент Шавкат Мирзиёев “статист”лардан чарчаганини, замон ўзгарганлигини, эскича фикрлаб иш тутадиганлар бугунги давлат ва жамият учун мутлақо керак эмаслигини, энди бу ишлар билан одамларни ишонтириб бўлмаслигини таъкидлаётган бир пайтда анжуманда келтирилган рақамлар қишда гуллаган дарахтдек бемаврид ва фойдасиз манзарани бериб турибди. Халқ эса мазкур тизимда мавжуд муаммоларнинг аниқ ечимини сабр билан ҳамон кутмоқда...

Гапимизни тушкун ҳолатда якунламаслик учун, газ масаласида ичи куйган одамлардан қайноқ “десерт”:

“Оҳ метан, қаердасан? Сени қайтишингга кўзлар тугул чўнтаклар ҳам муштоқ бўлиб кетди-ку! Сени сўраб суриштирсам, халққа тарқатилган эмиш, деган гаплар юрипти, мен ҳам халқ эдим, тезроқ бизнинг қишлоққа ҳам тарқал! Авваллари ишга кеч қолмаслик ҳақида ўйлар эдим, энди ишга бориб олиш ҳақида бош қотиряпман. Ё мен нотавон бемаврид ўқишни битириб ишга жойлашдим ё бемаврид туғилдим. Суюнчи фильмидаги Анзират холам айтганларидек: "Дардингни кимга очиб сочишниям билмайсан...". Шу тобда "Менга очиб сочинг дардизи", дейдиган неварасидан бўлганида гапиравериб бетини тупук қилиб ташлармидим, Худо билади.

Бугун пластикка ойлик тушибди! Нима бўпти... Барибир йўл кирага кетади. Метанжон тезроқ қайт, сени Водийнинг машинаси йўқ қатлами кутяпти (балки борлари ҳам кутаётгандир).

Ҳурматли қадрдоним KUN.UZ! Транспорт қон томир деган эдингиз, бунга 200 фоиз амин бўлдим. Шу масалани секин униси-бунисидан сўраб кўринг, илтимос! Халқ ишга, ўқишга боришга жуда қийналиб кетди. Бу соҳага ким масъул бўлса, ижобий ҳал қилсин. Автобуслар барча йўналишларда бўлганда эди бунчалик қийналмасдик. Дамаслар эса бундан фойдаланиб йўл кирани истаганларича кўтаришмоқда. Илтимос, шу масалани кўтаришга ёрдам беринг. Лекин масалани ижобий натижаси керак. Автобуслар йўналишларга етарлича қўйилмай, “Дамас”ларни барча йўналишдан олиб ташлаб, битта муаммони иккита муаммо қилишларининг кераги йўқ. Барчангизга раҳмат! Беминнат қилаётган ёрдамингиздан Худо рози бўлсин!

P.S: Айтганча, мактубимни газчиларга етказиб қўйинг”.

Мавзуга оид