Ўзбекистон | 19:50 / 27.02.2018
98738
2 дақиқада ўқилади

Президент: Энди экспортёрга «сиз», импортёрга «сен» деб муомала қиламиз

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда 2018 йил январь-февраль ойларида товар ва хизматларни экспорт қилиш топшириғини бажариш ҳолати, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш, мавжуд захираларни аниқлаш ва тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, видеоселекторда Шавкат Мирзиёев барча вазирлик, ассоциация ва ҳокимликларга рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида кескин фикрларини билдирди.

Мутасаддиларга мамлакатга кириб келаётган импорт товарларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш масаласи юклатилиб, маҳаллий бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш энг долзарб вазифа эканлигига тўхталди. 

Жорий йилнинг январь ойида импорт ҳажми 57 фоиз, яъни 412 миллион долларга ошиб кетгани айтилиб, экспортни импортга нисбатан ҳажми пайсайиб кетгани танқид остига олинди.     

«Экспорт ва импорт билан шуғулланаётганларга нисбатан иш услуби бутунлай ўзгартирилади. Энди экспортёрга  «сиз» импортёрга «сен» деб мурожаат қиламиз. Экспортёрларга барча шароитлар яратилиб, импортёрларга янгича ишлашни, инвестиция олиб кириб, маҳсулот ишлаб чиқариш борасида тушунчалар берамиз», деган президент.

Бу борадаги ишларни тизимли равишда олиб бориш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, унга Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилиши айтилди. Бош прокурор Отабек Муродов ишчи гуруҳга яқиндан ёрдам беради.

Мавзуга оид