Иқтисодиёт | 14:30 / 09.03.2018
46285
2 дақиқада ўқилади

Хорижликлар Ўзбекистонда асосан қайси соҳага сармоя йўналтираётгани айтилди

Фото: Fotolia

2018 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 5711тани ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси сайтида хабар берилган.

Хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3186таси қўшма корхоналар, 2525таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 3730та (65,3%и), Тошкент вилояти 618та (10,8%) ва Самарқанд вилоятлари 289та (5,1%) ҳиссаларига тўғри келади. 

Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 51та (0,9%), Қашқадарё вилояти 55та (1,0%), Навоий вилояти 64та (1,1%) ва Сурхондарё вилояти 67та (1,2 %) ҳиссаларига тўғри келади. 

Агар фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари кесимида ушбу маълумотларни 2018 йил 1 март ҳолатига кўрилса, энг кўп саноатда 2507та (43,9%), савдода 1118та (19,6%), бошқа турларида эса 1008тани (17,7%) ташкил қилган, энг камлари эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 77та (1,3%), ахборот ва алоқада 132та (2,3%), ташиш ва сақлашда 164та (2,9%) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 174та (3,0%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 222та (3,9%) ва қурилишда 309та (5,4 %) ташкил қилган. 

2018 йилнинг январь-февраль ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 237тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 142тага кўпайган ёки 2,5 бараварга ошган.

Янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича кўриладиган бўлса, асосан саноатда 88та, савдода 69та, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 18та, қурилишда 16та ва бошқа фаолият турларида 46та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар янги ташкил этилган.

Мавзуга оид