Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов озод этилди
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаоли Ғайбулло Жалилов озод этилди. АҚШ элчихонаси бу борада тегишли баёнот билан чиққан.
“Америка Қўшма Штатлари фуқаролик жамияти фаоли Ғайбулло Жалиловнинг озод этилишини олқишлайди. 2009 йили хавфсизликка алоқадор масала ва рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотга аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган Жалилов доим айбсиз эканини айтиб келган.
2013 йили, БМТнинг Ҳибсга олиш ва ушлаб туриш бўйича ишчи гуруҳи Жалиловни озод этишга чақирганди. Қўшма Штатлар бу қарорни ҳамда суд тизимида ошкораликни кучайтириш ва барча фуқаролар учун қонунга мувофиқ адолатли муносабатларни такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди”, - дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2007 йилда қамалган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Холдоров ва 1999 йилда қамалган журналист Юсуф Рўзимуродов озод этилганди.