Яна 4 давлат «дипломатларни чиқариб юбориш кампанияси»ига қўшилди
Испания Буюк Британия ерида россиялик собиқ жосусга уюштирилган суиқасдда Россия айбланиши ортида бу мамлакатнинг ўз ҳудудидаги дипломатларини чиқариб юборишини маълум қилди.
Europa Press тарқатган хабарга кўра, Испания икки нафар россиялик дипломатни ватанига қайтаради.
Хабарда бу «Испаниянинг Буюк Британия билан бирдамлиги белгиси» экани қайд этилган.
Шунингдек, Албания, Венгрия ва Норвегия ҳам «Скрипаль иши» доирасида бир нафардан россиялик дипломатни чиқариб юборишини маълум қилди.
Бугун АҚШ, Канада, Украина ва Европа Иттифоқининг 14 давлати Буюк Британияга бирдамлик белгиси сифатида россиялик дипломатларни ўз ҳудудларидан чиқариб юбориши ҳақида эълон қилди. Шунингдек, АҚШ Сиэтлдаги Россия бош консулхонаси ёпилишини маълум қилди.
Ғарб давлатлари 22 мартдан буён Россияни ўз ҳудудида куч ишлатишда айблаган Буюк Британияни қўллаб-қувватлашини билдириб келмоқда.
Буюк Британия ҳукумати 4 март куни Англия жанубидаги Солсбери шаҳрида Разведка бошқармасининг собиқ жосуси, Буюк Британия фойдасига ишлаган Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизини заҳарланиши ортида Россия турганини маълум қилган, бу ҳаракати орқали «Россия Буюк Британия хавфсизлигига юқори даражада хавф солгани»ни таъкидлаганди.
Айни вақтга келиб қуйидаги давлатлар Россия дипломатларини чиқариб юборишини маълум қилди:
Буюк Британия — 23 дипломат;
АҚШ — 60;
Украина — 13;
Франция — 4;
Польша — 4;
Канада — 4;
Литва — 3;
Дания — 2;
Италия — 2;
Нидерландия — 2;
Германия — 4;
Чехия —1;
Эстония — 1;
Латвия — 2;
Финляндия — 1;
Руминия — 1;
Хорватия — 1
Испания — 4;
Норвегия — 1;
Албания — 1
Венгрия — 1.
Мавзуга оид
14:33 / 22.09.2021
Скрипалларнинг заҳарланиши. Британия яна бир гумонланувчига айблов эълон қилди
08:30 / 15.06.2020
Скрипалларни заҳарлашда ишлатилгани айтилган «Нукус заҳри» чиндан ҳам мавжудми?
00:01 / 08.06.2020
Манба: Сергей Скрипаль ва қизи бошқа исм билан Янги Зеландияда яшамоқда
17:08 / 04.03.2019