Иқтисодиёт | 09:22 / 09.04.2018
11764
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда  I чоракда неча сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди?

Фото: KUN.UZ

Дастлабки маълумотлар бўйича 2018 йилнинг январь-март ойларида республика корхоналари томонидан 44,5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 11,8%ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларида айтилади.

Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишининг асосий омили бўлиб, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг 7,6%га (жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига қўшган ҳиссаси 5,8 пункт), тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашнинг – 36,9%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 5,3 пункт), электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг 5,2%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 0,4 пункт) ва сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилишнинг – 32,9%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 0,3 пункт) ўсиши ҳисобланади.

Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 7,6 трлн сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 17,1%ни ташкил этди.

Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тури бўйича чақиқ тош қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 2,2 мартага, каолин - 97,0%га, шағал – 44,0%га, газ конденсати – 19,4%га, кўмир - 18,4%га ва табиий газ – 6,4%га ошганлигини, шу билан бирга нефть қазиб олиш ҳажмининг 10,3%га камайганлигини кузатиш мумкин.

2018 йилнинг январь-март ойларида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 32,8 трлн сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 73,7%ни ташкил этди.

Ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технология тармоғининг улуши 1,3%ни (2017 йил январь-март ойларида - 1,8%), ўрта-юқори технологияли - 27,2% (18,4%), ўрта-қуйи технологияли - 30,9% (26,4%) ва қуйи технологияли - 40,6% (53,4%) ташкил этди.

Ўз навбатида саноатнинг мазкур тармоғида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан трактор ишлаб чиқариш 6,1 мартага, енгил автомобиллар (ихтисослаштирилганларсиз) – 44,7%га, автомобиль двигателлари 43,5%га, акрил ва винил полимерлари асосидаги бўёқлар ва лаклар – 19,3%га, дизель ёқилғиси – 18,2 % га, автомобиль бензини - 11,6 % га ва ўсимлик ёғи (тозаланган) – 2,9 % га ошганлигини ва пахта толаси, тамаки маҳсулотлари, портландцемент, автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайганлигини кузатиш мумкин.

Электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 3,6 трлн сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 8,2%ни) ташкил этди.

2018 йилнинг январь-март ойларида саноатнинг мазкур тармоғида электр энергияни ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш ҳамда буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш тизими ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5%га ва газсимон ёнилғини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш ҳажмининг – 1,2%га ошганлиги кузатилди.

Сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 446,3 млрд сўмни (жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 1,0%ни) ташкил этди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таркибида алюминий бўлган иккиламчи хом ашёни 71,2%га, таркибида қора металлар бўлган иккиламчи хом ашёни - 50,1%га, оқова сувларни йўқотиш, транспортировка қилиш ва ишлов бериш бўйича хизматларнинг – 19,5%га, сувга ишлов бериш ва сув қувурлари бўйича тақсимлаш бўйича хизматларнинг – 10,4%га ошганлиги кузатилди.

Тайёр маҳсулотлар турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 13,4 трлн сўмни ташкил этди ва 2017 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 5,2%га ўсиши таъминланди, жами саноатдаги улуши эса 30,1%ни ташкил этди.

2017 йилнинг январь-март ойларига нисбатан истеъмол товарлари таркибида ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш улушининг 48,9%дан 2018 йилнинг январь-март ойларида 60,5%га ошиши кузатилмоқда.

Республика саноат ишлаб чиқариш ҳажми таркибида энг кўп Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳари (республика саноат ишлаб чиқариш ҳажмнинг 16,0% улушини), Навоий (11,8%), Андижон (9,9%), Қашқадарё (7,3%), Фарғона (6,2%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга энг кам улуши Жиззах ва Сурхондарё (1,5%), Сирдарё (2,2%), Наманган (2,3%) ва Хоразм (2,9%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Шуни таъкидлаш жоизки, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш натижасида Сурхондарё (2017 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 43,3%га), Андижон (33,6%га), Хоразм (20,2%га), Қашқадарё (13,3%га) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (12,9%га) сезиларли даражада ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши таъминланди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг табақаланиши таҳлили Навоий вилоятида (5473,4 минг сўм), Тошкент шаҳрида (2876,0 минг сўм), Тошкент (2486,9 минг сўм) ва Андижон (1456,8 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражаси кўрсаткичидан (1359,7 минг сўм) анча юқорилигини кўрсатмоқда.

Ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига ўртача саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (2017 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 140,4%га), Андижон (131,4%га) ва Хоразм (118,3%га) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга Шу билан бирга, Самарқанд (96,5%), Бухоро (99,2%) ва Навоий (99,8%) вилоятларида ўсишнинг паст суръатлари кузатилди.

Кичик тадбиркорлик субъектлари саноат ишлаб чиқаришда кескин фаоллашгани натижасида улар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8%га ошишини таъминлади, ўз навбатида кичик бизнеснинг жами саноат ишлаб чиқаришдаги улуши эса 28,8% ташкил этмоқда.

Ҳудудлар кесимида кичик бизнеснинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги энг юқори улуши Тошкент шаҳрида (жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 67,1%), Наманган (57,9%), Самарқанд (53,2%) ва Жиззах (48,7%) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, энг кичкина улуш Навоий вилоятида (11,3%), Қорақалпоғистон Республикасида (11,8%), Тошкент (16,6%) ва Қашқадарё (17,4%) вилоятларида кузатилди.

Бугунги кунда республикада 51 мингга яқин саноат корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улардан 12330таси Тошкент шаҳрига, 5518таси Фарғона, 5380таси Тошкент, 4989таси Андижон, 3905таси Наманган, 3837таси Самарқанд, 2261таси Бухоро, 2190таси Хоразм, 2147таси Қашқадарё, 1951таси Жиззах, 1718таси Сурхондарё, 1585таси Навоий, 1130таси Сирдарё вилоятларига ва 1455таси Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади.

Жорий йилнинг январь-март ойларида республикада 3 мингдан ортиқ янги саноат корхоналари ташкил этилган бўлиб, улардан қарийб 70% Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларига тўғри келади.

Мавзуга оид