Freedom House ҳисоботида Ўзбекистон алоҳида эътироф этилди
Freedom House халқаро ташкилоти дунёнинг турли мамлакатларидаги эркинлик даражасини баҳоловчи янги ҳисоботини тақдим этди. Унда халқаро ташкилот Россия, Беларусь, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни эркин бўлмаган "автократиялар" деб атади. Ҳисоботда бу мамлакатларда "сиёсий рақибларга босим ўтказилиши ва мустақил фаоллар ҳамда дадил журналистлар таъқиб қилиниши" қайд этилган.
Шундай бўлса-да, ҳисоботда Ўзбекистонга алоҳида тўхталиб ўтилган. Унга кўра, сўнгги вақтларда мамлакатда сўз эркинлиги яхши томонга ўзгарган ва мамлакатда рўй бераётган ислоҳотларни "ёруғ доғ" деб аташган.
2017 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги 20 йилда биринчи марта эркинлик рейтинги кўрсаткичлари ўсган.
"Бу йил Македония, Ўзбекистон ва Эстония "ёруғ доғ" сифатида қайд этилди... Ўзбекистондаги муҳит 2005 йилдан буён биринчи марта ижобий томонга ўзгарган. Сўровномага кўра, Ўзбекистон кўрсаткичлар бўйича булар орасида энг яхшиси деб топилган бўлса-да, Эстониянинг кўрсаткичлари бирйўла уч тоифа бўйича яхшиланган", - дейилади маърузада.
"Ҳукумат фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилишга очиқлигини намойиш этди ва ҳатто мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни кузатишга изн берилди. Мамлакат шунингдек 2011 йилда ўз идорасини ёпишга мажбур бўлган Human Rights Watch делегациясини таклиф қилди, улар давлат амалдорлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашишди. Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари мамлакатда ўз офисини қайта оча олмаган бўлса-да, бу борада қўйилган қадамларнинг ўзиёқ - ижобий ишора", - дейилади маърузада.
Бундан ташқари, Freedom House ҳисоботида Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари анча очиқ фаолият юритаётгани - жонли эфирларнинг йўлга қўйилиши, танқидий кўрсатувлар намойиши кузатилаётгани қайд этилган. Журналистлар мажбурий меҳнат каби аввал муҳокамага қўйилмаган мавзуларни кўтара бошлашгани, бу айниқса онлайн янгиликлар нашрларида кузатилаётгани эътироф этилди. Журналист Бобомурод Абдуллаев ва ёзувчи Нурулло Отахоновларга айбловлар қўйилганда ҳам матбуот учун муҳит яхшилангани қайд этилган.
"Ўзбекистоннинг қиладиган ишлари ҳали олдинда. Партиялар ўртасидаги реал рақобат тикланиши керак, одамлар мавжуд имкониятларидан фойдаланиши учун иқтисод эркинлашиши керак. Олдинда босиб ўтилиши керак бўлган узоқ йўл бор, бироқ айни дамда Ўзбекистон ўзгармоқда ва сўнгги ўн йилликда биринчи марта унинг келажаги ҳақида олдиндан бирор нима дейиш қийин", - дея якун ясалган ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир бўлимида.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
09:50 / 23.10.2024