Жаҳон | 01:20 / 12.04.2018
20563
3 дақиқада ўқилади

Семизликни келтириб чиқарувчи бактериялар кашф қилинди

Фото: Fotolia / alexandre zveiger

Олимлар Ғарбнинг ёғли таомларини истеъмол қилувчи одамларнинг ичакларида овқат ҳазм қилиш жараёнида ёғларнинг парчаланиши ва семизлик ривожини тезлаштиришга туртки берувчи ўзига хос микроблар борлигини аниқлашди. Cell Host & Microbe журналида шу ҳақида хабар берилди.

"Бу бактериялар ичак ёғларнинг янада самаралироқ сўрила бошлашига олиб келувчи ҳодисалар занжиридаги асосий звенолардан бири бўлиб чиқди. Ингичка ичак микрофлорасини ҳеч ким ўрганмаган ва биз биринчи бўлиб бу бактериялар ёғларни ҳазм қилиш ва сўрилишни бошқариши ҳамда семизлик ва юрак касалликлари ривожида катта роль ўйнашини кўрсатишга муваффақ бўлдик", - деди Чикаго университетидан Южин Чанг.

Сўнгги йилларда олимлар Ғарб парҳезининг кўплаб салбий жиҳатларини кашф қилишди. Масалан, бир йил аввал олимлар ёғли таом Альцгеймер касаллигига сабаб бўлиши ва мия фаолиятини ўзгартириши мумкинлигини аниқлашди. Икки йил аввал эса улар фастфуд инсонни овқатланиб бўлганини унутишга мажбур қилишини маълум қилишди.

Олимлар кемирувчиларнинг овқат ҳазм қилиш органлари фаолиятини кузатиб, микрофлорасиз сичқонларнинг ичаги бошқа гуруҳдаги сичқонлар организмига қараганда ёғли таомни ёмонроқ ҳазм қилганини кузатишди. Уларнинг қонида холестерин ва бошқа турдаги ёғ молекулаларининг деярли йўқлиги ҳам шунга ишора қилади. 

Чанг ва унинг ҳамкасблари микрофлора ва ёғли таомни ҳазм қилиш ўртасидаги алоқани кашф қилиб, ёғларнинг парчаланиши билан боғлиқ микробларни топишга ҳаракат қилишган.

Маълум бўлишича, бунга Clostridiaceae микроблари "айбдор" бўлиб чиққан, улар ёғларни парчаловчи ва уларнинг организмга сўрилишини тезлаштирувчи кўплаб ферментларни ажратган. 

Янги ёғ порцияларининг пайдо бўлиши, ўз навбатида, бу микробларнинг кўпайишини тезлаштирган. Олимлар "семизликни келтириб чиқарувчилар"нинг бир неча энг "самарали" версияларини танлаб олиб, уларни ёғли таом билан озиқланган тозаланган ичакли сичқонлар рационига қўшишди. Бу уларни тезда ортиқча вазн тўплашига олиб келган.

Олимлар ушбу бактерияларнинг кейинги тадқиқ қилиниши уларнинг қандай қилиб микрофлора бўйлаб тарқалишини тўхтатиш ва инсон организмини семизлик ривожидан ҳимоялаши мумкинлигини тушунишга ёрдам беришига умид қилишмоқда. 

Мавзуга оид