Жамият | 10:10 / 20.04.2018
19519
3 дақиқада ўқилади

Судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик – ноқонуний, прописка бўйича – ўзгаришсиз

18.04.2018 йилдаги ЎРҚ–476-сон қонун билан Меҳнат кодексига қўшимча киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Ишга қабул қилишни рад этиш ғайриқонуний ҳисобланадиган ҳолларнинг рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилмаслик ёхуд шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмасликка ҳам йўл қўйилмайди.
 
Аммо баъзи ҳолларда қонунчилик муқаддам судланган шахсларни ишга қабул қилишни тўғридан-тўғри тақиқлайди. Бундай ҳолларда рад этиш қонуний ҳисобланади. Масалан, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига биноан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.
 
Бундан ташқари, суд қўшимча жазо тариқасида шахсга муайян турдаги лавозимларни эгаллашни тақиқлашга ҳақли. Аксарият ҳолатларда – раҳбарлик ва моддий жавобгарликка эга бўлган лавозимларни эгаллашни. Бундай ҳолда ишга қабул қилиш ҳатто жиноят - суд ҳужжатини ижро этмаслик деб топилиши мумкин  (ЖКнинг 232-моддаси).
 
Эслатиб ўтамиз, меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги илгари муҳокама этилган яна бир масала – прописка мавжуд эмаслиги муносабати билан ишга жойлаштиришни рад этиш. Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ–5308-сон Фармонининг 10-банди билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинган. Фармон 23.01.2018 йилдан кучга кирган.
 
Бироқ Меҳнат кодексининг 80-моддасига, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-2-моддасига ўзгартиришлар ҳали киритилмаган. Расмий жиҳатдан тақиқ кучда қолмоқда, масъулият эса сақланиб қолади, чунки қонунлар президент фармонларига нисбатан юқори юридик кучга эга.
 
Қонун 19.04.2018 йилда кучга кирди.

 

Мавзуга оид