Самарқандда Бизнес форум ўтмоқда: сўғдлик меҳмонлар диққатга сазовор жойларни айланишди
Маълумки, бугун Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Бизнес форум иш бошлади.
Кун аввалида бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари Ҳазрати Хизр мажмуасида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Ўзбек-тожик бизнес-форуми иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ҳудудидаги ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири — Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ёнида ташкил этилган маданий тадбирда қатнашдилар.
Дастлаб Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ҳайкал пойига гуллар қўйди.
Самарқанд шаҳридаги «Registon Plaza» меҳмонхонаси ҳовлисида самарқандлик ва сўғдлик ишбилармонлар иштирокидаги бизнес-форум ўз ишини бошлади.
Таъкидлаш лозимки, бизнес-форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Форум доирасида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилади.
Айни пайтда форумда вилоятимиз ва тожикистонлик ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлар маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Самарқанд шаҳрида ташкил этилган бизнес-форум тадбири доирасида Тожикистон Ёзувчилар уюшмасининг Сўғд вилояти бўлими раиси Аҳмаджон Раҳматзод, Тожикистон халқ шоири Фарзонаи Хўжандий, вилоятда ўзбек тилида чоп этиладиган «Сўғд ҳақиқати» газетаси муҳаррири Фарҳод Жўраев, «Паёми Суғд» журнали бош муҳаррири Толиби Озарахш ва бир қатор сўғдлик ижодкорлар Самарқанд вилоят Матбуот уйида бўлди.
Меҳмонлар «Зарафшон», «Самаркандский вестник», «Овози Самарқанд» газеталари таҳририяти фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Суҳбатлашиш жараёнида Самарқанд ва Суғд вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий соҳалардаги янгиликларни газеталарда ёритишдаги самаралари, ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш истиқболлари ҳақида фикрлашишди.
— Самарқанд журналистикаси, хусусан, «Зарафшон» ва «Овози Самарқанд» газеталари ҳақида эшитганман, — деди Ф.Жўраев. — Бугун эса ушбу нашрлар таҳририяти, бўлимлари фаолияти, бу ерда ишлаётган ходимлар билан танишиш ва тажриба алмашиш имконияти туғилганидан мамнунман. Газета тахламларини варақлаб, саҳифалардаги айрим мақолаларни ўқиб, қисқа муддатли суҳбатларда Самарқанд матбуоти ҳақида тугал фикрлар билдириш қийиндир, аммо бу ерда ташкил этилган вилоят матбуот тарихи музейи соҳа ҳаётида ибратли иш бўлибди. Биз мавжуд экспонатларни томоша қилиб, ўзимизга керакли хулосаларни олдик.
Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода ва сўғдлик тадбиркорлар Самарқанддаги «СамАвто» заводида бўлишди
Меҳмонлар «СамАвто»да автобус, юк машиналари ва махсус автотранспортлар ишлаб чиқарилиши жараёни билан танишишди.
Ражаббой Аҳмадзода ва сўғдлик тадбиркорлар вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамроҳлигида Паст Дарғом туманидаги «Паст Дарғом саховати» қўшма корхонасида гидропоника усулида ташкил қилинган иссиқхона фаолияти билан танишди.
Бу ерда замонавий усулда компьютерлаштирилган технологиялар асосида помидор етиштириш ва уни хорижга экспорт қилиш меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Сўғдлик тадбиркорлар ушбу корхона билан ҳамкорликда Тожикистонда шу каби иссиқхоналар ташкил қилишга келишиб олдилар.
Самарқанд ва Сўғд вилоятлари санъаткорлари иштирокида концерт дастури бошланди. Концерт аввалида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода иштирокчиларни табриклади.
Икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
«Зарафшон» газетаси хабарлари асосида тайёрланди
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024