Ўзбекистон | 02:29 / 01.05.2018
14083
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида 1 май куни «Фавворалар сайли» қаерларда ўтиши маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 35 та фаввора мавжуд. Уларнинг иккитаси нурли-мусиқали, 31 таси нурли, иккитаси оддий фавворалардир. Кейинги бир йилда шаҳарда битта янги фаввора қурилди, иккитаси реконструкция қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz’га Самарқанд вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Шифокорларнинг таъкидлашича, фаввора инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Дам олувчига ҳузур бахш этиб, чарчоқни чиқаради, асабни тинчлантиради ва кайфиятни кўтаради. Кечқурунлари фаввора жилосига тикилиб, ундан баҳра олган кишининг қон айланиш тизими ва мия фаолияти яхшиланади. Сув бўйида ором олган киши енгил тортади ва тетиклашади. Шу боис фавворалар атрофи бугун севимли масканга айланган. Бу эса гўзал ва бетакрор фаввора яратиш баробарида, улар атрофини ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришни тақозо этади.

Бу борада ҳам қадимий ва навқирон шаҳар Самарқандда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, майсазор ва гулзор барпо этиш, дарахтларга шакл бериш, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим соснаси, қора сосна кўчатларини экиш ва парваришлаш тажрибаси шаклланди.

Фавворалар сайли Самарқанд шаҳридаги Кўксарой ва Театр майдонларида, Амир Темур номидаги ва Университет хиёбонларида, Ислом Каримов майдонида, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилган ҳудудда, «Шоирлар боғи» ва Самарқанд темир йўл вокзали майдонидаги фавворалар атрофида ўтказилади.

1 май куни соат 16:00 дан бошлаб ушбу масканларда таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари таъминланади. Опера ва балет саҳналари кўринишлари ҳам намойиш этилади, оммавий рақс, турли викторина ва танловлар, беллашувлар ўтказилади. Халқ сайллари ташкиллаштирилади.

Сайллар ўтказилаётган фавворалар олдида таниқли шоирлар ўз шеърлари билан чиқиш қилади, фавворалар атрофида таниқли мусаввирлар ёш рассомлар учун мастер-класслар ўтади.

Мавзуга оид