Спорт | 16:18 / 04.05.2018
70125
11 дақиқада ўқилади

Эл-класико ва ундан муҳимроқ ўйинлар ҳафтаси

Европа биринчиликлари «супрани қоқиб», уфқ ортидан Чемпионлар Лигаси финали ва Жаҳон чемпионати мўралашни бошлаган бўлса-да, ҳали ҳам баъзи лигаларда диққатни жалб этадиган ўйинлар ва ечилмаган саволлар бисёр. Мисол учун бу сафар эътиборни Россия чемпионлиги ёки Англиядаги кучли тўртлик учун курашларга қаратиш мумкин. «Камп Ноу»эса эса, Эл-класико, томонларга очко керак бўлмаса-да, талашса бўладиган ғурурми ё бошқами, топишларига умид қиламиз. Шу ва бошқа ўйинлар ҳақида Tribuna.Uz анъанавий рукнда ҳикоя қилади.

ЛОКОМОТИВ – ЗЕНИТ (5 май, 18:30)

Фото: fc-zenit.ru

Аллақачон чемпионликни расмийлаштириши керак бўлган «Локомотив» уч ўйиндан бун нафақат ғалаба қозона олмаяпти, балки рақиб дарвозасига гол ҳам ура уролмади. Ўз майдонида «Ахмат» ва «Уфа» билан дуранг ўйнаган «темирйўлчилар» ўтган турга «Краснодар»га енгилишди. Кўпчилик бундай пасайишдан кейин 2001 йилдаги мавсумни эслашди, ўшанда турнир тугашиган 4-5 тур қолганда таъқибчилардан 11 очкога ўзиб кетган «Локомотив» якунда чемпион бўла олмаганди. Шундай бўлса-да, Сёмин жамоаси қолган икки турда атиги 2 очко олиб, чемпионга айланишлари мумкин. Эртагаёқ, агар мезбонлар ғалаба қозонишса, Россия янги чемпион номини билиб олиши мумкин. «Локомотив» сўнгги марта 2002 йилда бу совринни қўлга киритганди.

Аммо бу сафарги рақиб анча кучли, бунинг устига Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган «Зенит» жамоасидир. Питерликларнинг ҳам бу ўйинда ютқазишга ҳақлари йўқ, мағлубият уларни бутунлай ЕЧЛ умидидан маҳрум қилади.

Таркибларга қарасак, «Локомотив»да ҳаммаси жойида, «Зенит»да эса, узоқ муддатга сафдан чиққан Кокорин, Файзулинлар сафига, ўтган турда жароҳатланиб майдонни эрта тарк этган Бранислав Иванович ҳам қўшилди. Унинг ўрнига Юрий Жирков майдонга тушиши кутилмоқда.

Жамоаларнинг биринчи даврада бўлиб ўтган учрашувида «Локомотив» меҳмонда йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

КЬЕВО – КРОТОНЕ (6 май, 18:00)

Фото: LaPresse/Francesco Mazzitello

Нафақат топ клубларнинг ва юлдуз футболчиларнинг ўйинлари, балки майдонда ҳақиқий курашни кўрмоқчи бўлсангиз, айниқса, мавсум охирларида жадвалнинг пастги қисмидан ҳам жуда кўп шундай ўйинлар топиш мумкин. А Серияда худди юқори ўринлар учун бўлганидек, лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун ҳам аёвсиз жанг давом этяпти.

«Кьево» 35 ўйиндан 31 очко жамғарган ва хавфли зонада турган уч клуб ичида ҳали ўзини қутқариш мумкин бўлган ягона жамоадир. Бунинг учун эса, аввало, навбатдаги турда ўз майдонида «Кротоне»ни енгиш керак бўлади. Бу ғалаба билан вероналиклар нафақат «Кротоне»га очколар бўйича етиб олишлари, балки, ўз майдонида «Рома»ни қабул қиладиган «Кальяри»ни қувиб ўтишлари ҳам мумкин. «Кьево» кейинги турларда очко унча керак бўлмайдиган «Болонья» ва «Беневенто» га қарши тўп суришини эътиборга олсак, бу ўйиндаги ғалаба мезбонлар учун жуда муҳим «парашют» бўлиши шубҳасиз.

«Кротоне» эса, табиийки, айнан мана шу ўйинда масалани ҳал қилишга уринади. Чунки улар кейинги турларни «Лацио» ва «Наполи»га қарши ўтказадилар. Асосий таъқибчи билан ўйинда керакли фарқни қайд этиб олиш учун жуда яхши имконият.


«Кьево» сўнгги турларни жуда ёмон ўтказган, апрель ойида умуман ғалаба қозона олмаган бўлса, «Кротоне» айнан сўнгги турлардаги натижалари ҳисобига хавфли зонани тарк этди. Жамоа охирги беш ўйиндан учтасида ғалаба қозонди, шунингдек, «Ювентус» билан ўйинда очко олишга муваффақ бўлди.

ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛЬ (6 май, 20:30)

Фото: REUTERS

Икки фронтда курашиш «Ливерпуль»га бир машҳур кулдирувчининг таъбири билан айтганда «шоппиллаб қолиши» мумкин.  Чемпионлар Лигасидаги муҳим паллага тайёрланиш вақтида Клопп жамоаси АПЛ ўйинларига бироз эътиборсизлик қилгандек бўлди. «Вест Бромвич», «Эвертон» ва «Сток Сити» билан дуранглар натижасида, жамоа қимматли 6 очкони йўқотди ва «Челси» билан ўртадаги фарқ анча қисқарди. Лондонликлар бу ўйинда ғалаба қозонишса, йўқотилган очколар бўйича «Ливерпуль»га тенглашиб олади.

Тўғри, АПЛ да аввало, тўплар нисбати инобатга олинади ва бу кўрсаткич бўйича ливерпулликларга етиш қийин. Яъни сўнгги турни «Брайтон»га қарши ўтказадиган Клопп шогирдлари ўша ўйинда ғалаба қозониб ҳам, кучли тўртликдаги ўринни сақлаб қолишлари мумкин. Лекин ҳаммасини биргина учрашувга қолдириш жуда хавфли эканини «Ливерпуль» ҳам ҳис қилади ва имкон қадар ЕЧЛ йўлланмасини ушбу ўйинда ҳал қилишга уриниши табиий ҳол. Бунинг учун «Ливерпуль» мағлубиятга учрамаса кифоя.

Премьер лига ўйинларида «Челси» 6 ўйиндан бери «Ливерпуль»ни енга олмай келаётганини  ҳам таъкидлаш керак. Биринчи даврада «Энфилд»да бўлиб ўтган ўйинда дуранг қайд этилганди. Умуман олганда эса, «Ливерпуль»нинг ушбу мавсуми олдингилардан фарқ қилмоқда – Клопп энди сафардаги топ ўйинларда жуда муваффақиятсиз ҳаракат қилмоқда. «Ливерпуль» бу мавсумда сафарда фақат «Арсенал» билан дуранг ўйнади, холос, қолган ўйинларда мағлубиятга учради. Клопп келганидан буён ўтган ўйинларда, олдинги мавсумларда «Ливерпуль» бирор марта ҳам сафарда мағлубиятга учрамаганди.

Таркибларга келсак, «Челси» ҳали ҳам Дринкуотер ва Луиздан фойдалана олмайди. Меҳмонлар таркибида Окслейд Чемберлен, Эмре Жан ва Жоэл Матипнинг узоқ муддатга сафдан чиққанликларини биламиз.

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ (6 май, 23:45)

Фото: REUTERS

Келаси мавсумларда энди Ла Лига ташкилотчилари тақвим масаласини ўйлаб кўришлари ва Испания чемпионатини дунёга реклама қиладиган энг асосий ўйинни май ойига қўймасликларини тавсия этган бўлардим. Акс ҳолда, кейинги классиколар учун ҳам ягона интрига майдонда эмас, майдонга кириб келинадиган «коридор»да бўлиб қолаверади.

«Барселона» чемпионликни, «Реал» эса, кучли тўртликдаги ўрнини аллақачон нақд қилиб қўйган пайтда, Эл-класикога на ҳожат? Албатта, азалий тўқнашув, икки томон мухлислари, тўла стадион футболчиларни ғурур учун ҳам бор имкониятни ишга солишга ундар, лекин бу сафар эмас.

Биринчидан, «Реал» бу ўйинга иккинчи таркибни тушириши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. ЕЧЛ финалига ҳали йигирма кун бор, Зидан айнан ўша ўйинни ўйлаб ротация қилиши мантиқсиздек, лекин мураббийни ҳам тушунса бўлади – «Бавария» билан ўйиндан кейинги бироз ғалати кайфиятни янги мағлубият билан салбий томонга буриб юбориш хавфи бор. Эл-класикода олиниши мумкин бўлган очколар «Реал»га мабодо мағлубиятга учралганда пайдо бўлиши мумкин бўлган салбий ҳиссиётдан қадрлироқ эмас. Жуда кўп мураббийлар ҳам Зиданнинг ўрнида бўлганида, эмоцияни керакмас ўйинга сарфламаслик ва хотиржам финалга тайёргарлик кўришни танлаган бўларди.

«Барселона», умуман майдонга тушадиган футболчилар томонидан қараганда ҳам, шунақа. Каталонияликлар бир ҳафтада икки совринни нишонлаб улгуришди ва ЕЧЛдаги мағлубият изи бироз йўқолди. ЕЧЛ финалига чиққан «Реал»ни кераксиз ўйинда ютиш уларнинг ховурини босмайди барибир. Аксинча, келаси ойда Жаҳон чемпионати кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. Катта эҳтимол билан, Месси, Иньеста, Суарес каби юлдузлар учун ушбу мавсум тугади ва энди кўпроқ кутилаётган мундиал ҳақида ўйлаётган бўлишлари табиий. Бундай паллада ортиқча жароҳат олиш кимга ҳам керак?

Албатта, юқоридаги мулоҳазалар нотўғри бўлиб чиқиши ва томонлар ҳар доимгидек драматик ва кескин курашларга бой ўйин тақдим этишидан умид қилиб телевизорни ёқиб кўрамиз.

СУОНСИ – САУТҲЕМПТОН (8 май, 23:45)

Фото: Alex Morton/Getty Images

Бу ўйин аслида мана шу ҳафтадаги турдан жой олмаган. «Саутҳемптон» Англия кубоги ярим финалида ўйнагани учун ўша ҳафта бўлиши керак бўлган бу ўйин сешанба оқшомида бўлиб ўтади.

Бу ўйингача ҳар икки жамоа ҳам  биттадан ўйин ўтказишади. «Суонси» сафарда «Борнмут» билан, «Саутҳемптон» эса, «Эвертон» билан куч синашади. Бу ўйинлар қандай якунланишидан қатъи назар, сўнгги турларда АПЛ да қолувчи ўрин учун асосий кураш айнан мана шу икки жамоа ўртасида кечади.

Ҳар икки жамоа ҳам ўтган йилларда ўзига хос услубда футбол намойиш этган, бир қатор ёрқин футболчиларни кашф этган. Ҳар икки жамоа ҳам мавсумни беқарор ўтказишди, йил давомида мураббий алмаштиришди, яхши сериялар ҳам, ёмон даврларни ҳам бошдан кечиришди. Оқибатда, «Саутҳемптон» 32 очко билан 18-ўринда, «Суонси» эса, 33 очко билан 17-ўринни банд этиб туришибди.

«Саутҳемптон» ғалабасиз 8 ўйиндан кейин ниҳоят ўтган турда «Борнмут» устидан ғалаба қозонган бўлса, «Суонси» 7 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Хуллас, мана шу ўйин келаси мавсумда Премьер Лигада қайси бири қолишини қисман аниқлаб беради.

Таркиб борасида уэльсликларда муаммо каттароқ. Уилфрид Бони, Лерой Фер каби етакчи футболчилар мавсум охиригача сафдан чиқишган. Шунингдек, Нарсинх ҳали қайтмади, Федерико Фернандес машғулотларга киришган бўлса-да, тўлиқ тайёр эмас. Меҳмонлар таркибида фақат Стевен Дэвис майдонга туша олмаслиги мумкин.

Жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида ҳисоб очилмаганди.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид