Жаҳон | 19:20 / 14.05.2018
19392
2 дақиқада ўқилади

Видео: Исроиллик мерганлар фаластинликларни ўққа тутган

Ғазо секторида Ал-Қудсда Американинг янги элчихонаси очилишига норозилик билдириб намойиш уюштирган ва чегара олдида тўпланган минглаб фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган.

Телеграмдаги WarGonzo каналида ушбу тартибсизликлар вақтида исроиллик мерганлар ўзини нисбатан агрессив тутган намойишчиларга ўқ узгани тасвирланган видео жойлаштирилди.

Associated Press агентлиги хабарига кўра, тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 37 нафарни ташкил этмоқда. Хабарда бу кун «Ғазода Исроил билан чегарада зиддият бошлангани 2014 йилдан буён кузатилган энг қонли кун» сифатида баҳоланган.

Hürriyet Daily News хабарига кўра, тўқнашувлар вақтида жароҳатланганлар сони 2000 нафарга яқинни ташкил қилмоқда.

Чегара ҳудудида Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувлар шу йилнинг март ойи охирида ҳам кузатилганди.

Бу норозилик намойишлари Накба кунига 70 йил тўлиши муносабати билан фаоллашмоқда. Исроил давлати ташкил топган 1948 йилнинг 14 майи фаластинликлар томонидан «Ҳалокат куни» деб ҳам аталади.

Март ойидан буён тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 79 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 2 мингдан ортиқ киши турли даражада жароҳатлар олган.

Мавзуга оид