Ўзбекистон | 15:33 / 22.05.2018
49385
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашди

21 май куни Россия Федерациясининг мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия Федерацияси ҳарбий делегацияси расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига келди.

22 май куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов кутиб олди. Бу ҳақда Kun.uz’га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда мудофаа соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ҳарбий-техникавий соҳада ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, икки мамлакатнинг Мудофаа вазирликлари ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро тузилмаларнинг ўттизга яқин ҳужжат саналади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2000 йилдан бошлаб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар йили тасдиқланадиган Ҳарбий ҳамкорлик бўйича режа асосида амалга оширилади. Бу режаларни амалга ошириш доирасида тезкор ва жанговар ўқув, таълим, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий таъминотни яхшилаш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу даврда, юқорида айтиб ўтилган режалар доирасида икки давлат ҳудудида ортиқ 290 қўшма тадбирлар ўтказилди.

2017 йил 24 октябрда Тошкентда минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. 2017 йил сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ҳузурида ҳарбий атташе мавжуд.

2017 йил октябрь ойининг бошида Фориш тоғ полигони (Жиззах вилояти) базасида ўтказилган Ўзбекистон-Россия қўшма ҳарбий машқлари икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлади ва ўзаро манфаатли алоқаларга янги туртки берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг тегишли бўлинмалари энг қийин тоғ шароитида биргаликда ишлаш тажрибаси ва қобилиятларини намойиш қилди.

Учрашувдан сўнг юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясига ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасасининг вазифалари, фаолияти ва тарихи, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни ўқитишнинг янгича ёндашувлари билан танишди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, 22 май куни Россия Федерацияси ҳарбий делегацияси аъзолари Самарқанднинг тарихий ва маданий ёдгорликлари билан танишадилар.

Мавзуга оид