Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхона ҳудудидан қанча муддатга чиқиши мумкин?
“Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ички ишлар вазирлиги буйруғи муҳокама учун эълон қилинди.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар ҳудудидан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг четга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, маъмурий қамоққа олинган шахсларга иккала томонга бориб-келиш вақти (икки суткагача) ҳисобга олинмаган ҳолда бир суткадан кўп бўлмаган муддатга махсус қабулхона ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат берилиши мумкин.
Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш вақти маъмурий қамоқни ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.
Махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш харажатлари маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланади.
Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхонада сақланаётган вақтида яқин қариндошининг вафоти ёки унинг ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллик, маъмурий қамоққа олинган шахсга ёки унинг оиласига анча миқдорда моддий зарар етказган ҳодисалар содир этилганлиги юзасидан хабар олганида махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисида ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай махсус қабулхона маъмурияти томонидан кўриб чиқилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиқиши тўғрисидаги қарор унинг шахси, хулқ-атвори ҳамда аризада кўрсатилган важларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги инобатга олинган ҳолда қабул қилинади.
Аризани кўриб чиқиш вақтида махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ички ишлар органига аризадаги важларнинг асослилигини текшириб бериш бўйича сўров хати (факс, электрон почта ва ҳ.к.) юборилади.
Туман (шаҳар) ички ишлар органлари томонидан махсус қабулхонанинг сўров хати келиб тушган вақтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмай сўров хатида кўрсатилган важларнинг асослилигини ёки асоссизлигини тасдиқловчи маълумотларни (тиббиёт бирлашмаси, фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш бўлими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаларини) илова қилган ҳолда жавоб хати юборилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган тарзда қарор қабул қилинади.
Қарор ариза келиб тушган пайтдан эътиборан кейинги кундан кечиктирмай қабул қилиниб, дарҳол маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади ва унга махсус қабулхонага қайтиб келиш вақти, қайтиб келмаслик оқибатлари тушунтирилиб, белгиланган манзилга етиб боргач ҳудудий профилактика (катта) инспекторига хабар бериши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади ҳамда махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган тарзда маълумотнома берилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахсга махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат берилганда ундан махсус қабулхонага келиб тушганда олиб қўйилган ҳужжатлар, пул маблағлари, қимматбаҳо буюмлар, нарсалар ва бошқа ашёлар тилхат асосида қайтарилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахс махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқарилганидан сўнг зудлик билан махсус қабулхона маъмурияти томонидан маъмурий қамоққа олинган шахс бориши лозим бўлган туман (шаҳар) ички ишлар органига мазкур Низомнинг 3-иловасида кўрсатилган тарзда хабарнома юборилади.
Хабарнома келиб тушган куннинг ўзида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини вақтинча бажарувчи шахс томонидан ижро этиш учун профилактика (катта) инспекторига топширилади ва ижроси назорат қилинади.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқиш учун рухсат бериш тўғрисидаги аризаси рад этилган тақдирда махсус қабулхона маъмурияти томонидан қабул қилинган хулоса маъмурий қамоққа олинган шахсга таништирилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахснинг четга чиққан вақтида белгиланган манзилда бўлишини назорат қилиш ҳудудий ички ишлар органларининг профилактика (катта) инспекторлари зиммасига юклатилади.
Профилактика (катта) инспектори маъмурий қамоққа олинган шахснинг белгиланган манзилга етиб келиши, ажратилган вақт оралиғида ҳуқуқбузарликлар содир этмаслиги ва махсус қабулхонага қайтиб кетишини назорат қилади.
Маъмурий қамоққа олинган шахс белгиланган манзилга етиб келган вақтида профилактика (катта) инспектори унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва махсус қабулхона томонидан берилган маълумотномани текшириб, у билан профилактик суҳбат ўтказади.
Мавзуга оид
08:04 / 12.05.2021
Маъмурий қамоққа олинганлар билан учрашиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати янгиланди
09:26 / 10.03.2021
Маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашувга келганлардан талаб қилинувчи ҳужжатлар рўйхати ўзгаради
17:55 / 13.01.2020
Тошкентда 15 суткага қамалганлар қанақа шароитда сақланади? «Панельний» ҳибсхонасидан видео
13:05 / 02.10.2018