Спорт | 23:55 / 03.06.2018
10867
12 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Швеция

Фото: Getty Images

ШВЕЦИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ

Лақаби: Blågult (сариқ-кўклар)
Конфедерация: УЕФА
Либос ранги: сариқ/кўк
ФИФА рейтинг ўрни: 23
Жамоа сардори: Андреас Гранквист
Терма жамоа тарихидаги энг кўп гол урган: Златан Ибраҳимович (62)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Андерс Свенссон (148)
Энг йирик ғалаба: Латвия 12:0 (1927), Корея 12:0 (1948)
Энг йирик мағлубият: Британия 1:12 (1908)

ТАРИХИ

Швеция деганда асосан Европанинг ўртамиёна терма жамоасини тушунсак-да, агар ўтган асрнинг биринчи ярмига мурожаат қилсак, футбол ривожининг илк йилларида Швеция футболда дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири эди. Швециялик футболчилар уч марта олимпиада медалларини қўлга киритганлар, ЖЧ-38 ва ЖЧ-50 да мос равишда тўртинчи ва учинчи ўринни олган эдилар. Гуннар Нордал (Италия чемпионати тарихидаги учинчи бомбардир), Свен Рюдел (Ибраҳимовичгача Швеция терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган футболчи), Гуннар Грен ("Милан"нинг афсонавий Гре-Но-Ли триосидан яна бири) каби футболчилар жаҳон миқёсида ҳам таниқли футбол юлдузлари бўлгандилар.

Бутун дунёга Пелени танитган мундиал эса, айнан Швецияда бўлиб ўтган ва ўша турнирда шведлар финалгача етиб боргандилар. Айниқса, Швециянинг финалгача босиб ўтган йўли жуда қийин бўлган ва мезбонлар ўша даврнинг энг кучли терма жамоаларидан устун келдилар. Гуруҳ босқичида аввалги мундиал финалчиси Венгрия ортда қолдирилди. Ўша пайтдаги Венгрия гарчи Пушкашсиз қолган бўлса-да, Европанинг энг кучли жамоаларидан бири эди. Чорак финалда олимпиада чемпиони собиқ Иттифоқ терма жамоаси, ярим финалда эса, жаҳон чемпионлари ГФР терма жамоаси устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонилди. Бразилия финалда йирик 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса-да, мезбонларнинг мундиалдаги иштироки жуда яхши таассурот қолдирган.

Швеция кейинги жаҳон ва Европа чемпионатларида жуда муваффақиятсиз қатнашди. Жаҳон чемпионатларида доимо гуруҳда қолиб кетаверган бўлса, Европанинг энг муҳим турнирига саралашдан ўта олмай келди. Токи, 1992 йилги Еврони ўз майдонида ўтказмагунча. Айнан Швецияда ўтган Европа чемпионати мамлакат футболини ривожлантирди деб айтиш мумкин. Шведлар гуруҳда Англия ва Францияни ортда қолдириб, ярим финалга чиққанликлари бир масала, бундан ташқари, айнан мана шу турнирда терма жамоа асосини ташкил қилган футболчилар икки йил ўтиб жаҳон чемпионатида ҳам чинакамига порлашди.

Фото: EMPICS Sport

АҚШ-94 да чемпион бўлган Бразилия терма жамоаси учун энг қийин рақиб Швеция бўлган экан. Буни бразилияликлар мураббийи Карлос Алберто Перейра ҳам тан олганди. Ўшанда Бразилия ва Швеция икки марта тўқнаш келишган. Дастлаб, гуруҳ босқичида ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган. Кейин эса, ярим финалда В гуруҳи ғолиблари яна рақиб бўлдилар. Бу сафар Ромарионинг ўйин охирларида урган ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилди.

Бошқа ўйинларда Швецияни тўхтатиб бўлмади. Россия, Камерун, Саудия Арабистони, Руминия каби терма жамоалар тиз чўктирилдилар. Айниқса, учинчи ўрин учун Болгарияга қарши ўтказилган баҳс шведларнинг чемпионатдаги энг ёрқин ўйинларидан бири бўлганди - 4:0

Мартин Далин, Томас Брулин, Йонас Терн, Хенрик Ларсон, Кеннет Андерсон ва айниқса, дарвозабон Томас Равелли чемпионатда жуда ёрқин из қолдирдилар. Равелли ва Брулин мусобақанинг рамзий терма жамоасидан жой олдилар.

Аммо афсуски, кейинги турнирларда Швециянинг у қадар ёрқин ўйинларини кўрмадик. Кейинги Европа ва жаҳон чемпионатларида саралашдаёқ муваффақиятсизликка учралди. Яқинроқ даврлардаги Швеция деганда фақат ЖЧ-2002 йилда Нигерия, Англия ва Аргентинадан иборат ўлим гуруҳида ғолиб бўлишгани-ю, Евро-2004 да данияликлар билан биргаликда Италия устидан қандай кулганликлари хаёлга келади, холос. Асосан Златан Ибраҳимович мисолида дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири билан турнирга ташриф буюриб, кўпинча, бор имкониятини ишга сола олмай қайтиб кетадиган ўртамиёнага айланиб қолган холос. Сўнгги икки жаҳон чемпионати финал босқичида эса, Швеция қатнаша олмади.

САРАЛАШ

Катта эҳтимол билан, бу сафар ҳам Швеция мундиалсиз қолиши ва у ерда ҳеч ким улар билан қизиқмаслиги мумкин эди. Дунё ўрганиб қолганди, тарихида 11 маротаба финал босқичида қатнашган Швециянинг йўқлиги оддий ҳолга айланиб қолганди. Навбатдаги жаҳон чемпионати саралаши учун қуръа ташлангач, улар устидан хукм ўқиб қўйганлар ҳам кўп бўлгани табиий.

Шведлар А гуруҳида Нидерландия ва Франция билан бир гуруҳдан жой олгандилар. Йўлланма ҳатто 2-ўринга ҳам тўғридан тўғри берилмаслигини инобатга олсак, жуда қийин вазифа, тўғрими?

Фото: AP

Ким ўйлабди дейсиз, Люксембург устидан қозонилган 8:0 ҳисобидаги ғалаба мана шундай қийин гуруҳдан чиқиш учун ёрдам беришини. Якунда Швеция фақат тўплар нисбатидаги фарқ эвазига Нидерландияни ортда қолдиришди. Сўнгги турда Нидерландия шведларни қабул қилди ва қувиб ўтиш учун уларга 6:0 ҳисобидаги ғалаба керак эди. Роббен ва шериклари фақат икки гол билан кифояланишди холос.

Бу муваффақиятдан сўнг ҳам барчаси мавҳум, чунки ўтиш ўйинлари учун қуръада Италия тушиб қолганди. Ҳамма айнан Италиянинг мундиалга чиқишини тахмин қилган, балки истаган ҳам бўлиши мумкин. Лекин дастлабки ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган скандинавияликлар Римда ўз дарвозаларини дахлсиз сақлай олишди. Ўша ўйиндаги ҳимоядаги ажойиб ўйин, балки баъзи маънода қаҳрамонликка кўпчилик тан берди ва ҳеч кимнинг хаёлига шведларнинг мундиалга боришга лойиқ эмаслиги ҳақидаги фикрлар келмаган бўлса керак.

ҲОЗИРГИ ШВЕЦИЯ

Жамоани Евро-2016 дан сўнг, Янни Андерссон қабул қилиб олди. Жамоада аввало, ёш ва тажриба уйғунлигини кўришимиз мумкин. Масалан, ҳимоя марказида 33 ёшли жамоа сардори Андреас Гронквист билан бирга, "Манчестер Юнайтед" сафида бир мавсум ўтказган 23 ёшли Виктор Линделоф тўп суради. Ярим ҳимояда тажрибали Себастиан Ларссон ва Густав Свенссонлар билан бирга Эмил Форсберг, Виктор Классонларни ҳам кўриш қизиқ бўлади.

Фото: Reuters

Терма жамоа мундиал йўлланмасини қўлга киритгач, Евро-2016 дан сўнг терма жамоадаги фаолияти якунланганини эълон қилган Златан Ибраҳимович ҳам Россияга бормоқчи эканига шама қилганди. Аммо Андерссон бунга эътибор бермади. Биринчидан, Ибраҳимовичнинг ўзи сўнгги мавсумни асосан жароҳатлар гирдобида ўтказди. Иккинчидан, менимча асосий сабаб, Златаннинг жамоада бўлиши ишлаб турган тизимнинг бузилишига, ўйин услубининг ўзгаришига олиб келиши мумкин эди. Ибраҳимович маркетинг нуқтаи назаридан, томошабинларнинг терма жамоага эътиборини ошириш учун балки керакли номдир, аммо спортча фикрлаганда, мураббийнинг қарорини ҳамма тушуниб турган бўлса керак.

Бундан ташқари, Швеция терма жамоаси ҳужум чизиғини шундоқ ҳам тажрибали футболчилар ташкил қиладилар. Маркус Берг ва Ола Тайвоненлар терма жамоа сафида элликдан ортиқ ўйинларда майдонга тушиб улгуришган. Шунингдек, "Манчестер Сити" тарбияланувчиси, сўнгги йилларни Ла Лигада ўтказаётган Йон Гвидетти ҳам ҳар қандай рақиб ҳимоячилари учун ноқулай ҳужумчи саналади.

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: Эмил Форсберг

Форсберг 1991 йилда туғилган. Қанот ярим ҳимоячиси ва ҳужумчиси. Швециянинг "Сундсвалл" клуби тарбияланувчиси саналади, лекин "Мальме"даги ўйинлари орқали футбол скаутларининг назарига тушган. Европада эса, у асосан Бундеслига вакили "РБ Лейпциг"даги ўйинлари орқали танилди.

Бундеслигага чиққан илк мавсумида "Лейпциг" ҳаммани ҳайрон қолдирган ҳолда турнир пешқадамларидан бирига айланди ва ҳатто Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди. Марк Форсберг эса, бу жамоанинг асосий фигураларидан бири эди. Табиийки, бир қатор Европа грандлари уни кўз остиларига олишди ва футболчининг нархи 50 миллион еврогача кўтарилиб кетди. Фақат Форсберг ўшанда фақат бир мавсумни юқори савияда ўтказгани баъзи жамоаларни чеклаган бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Форсберг иккинчи мавсумда ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам йўқолиб қолмади. Швеция терма жамоаси таркибида ҳам шерикларини ўз ортидан бошлайдиган муҳим футболчига айланди. Ана энди, унга кейинги босқичга қадам қўйиш, кучлироқ клуб сафидан ўрин олиш пайти келди. Балки баъзи клублар аллақачон эътиборларини унга қаратишиб, мундиалда у ўзини қандай кўрсатишини кутиб туришгандир.

Нима бўлгандаям, Россиядаги мусобақа Форсбернинг терма жамоаси учунгина эмас, унинг кейинги фаолияти учун ҳам катта аҳамият касб этадиган турнир бўлади.

ЖЧ-2018

Швеция F гуруҳида Германия, Мексика ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши майдонга тушади. Дастлабки ўйин 18 июнь куни корейсларга қарши Нижний Новгородда, 2-тур Германияга қарши 23 июнь куни Ростовда бўлиб ўтади. Кўп масалани ҳал қилиши мумкин бўлган Мексикага қарши сўнгги тур ўйини эса, 28 июнь куни Екатеринбургга белгиланган.

Афсуски, гуруҳ ўйинларининг бирортаси ҳам Краснодарга белгиланмаган экан. Жамоа сардори Андреас Гранквист, ҳамда ярим ҳимоячи Виктор Классонлар айнан "Краснодар" клуби аъзолари саналадилар. Яъни бу шаҳардаги стадионда Швеция ўзини уйидагидек ҳис қилиши мумкин эди.

Фото: Getty Images

Яна бир қизиқ факт. Швеция терма жамоаси ўз тарихидаги энг йирик ғалабани Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда қайд этган экан. 1948 йилда шведлар кореяликлар дарвозасига жавобсиз 12 гол йўллашган. Бу ўйин олимпиада ўйинлари доирасида бўлиб ўтган. Шундан сўнг, бирор марта ҳам бу жамоалар расмий ўйинларда рақиб бўлишмаган экан.

Мавзуга оид