Light | 16:01 / 07.06.2018
17584
13 дақиқада ўқилади

«Келинг супер одамга айланамиз»

Мазкур мақолада жаҳондаги таниқли футуролог, физик ва “Физиканинг келажаги”, “Онг келажаги”, “Имконсиз нарсанинг физикаси” каби китоблар муаллифи Митио Какунинг Петербургда бўлиб ўтган халқаро иқтисодиёт форумидаги маърузасида келтирилган фикрлар баён этилади. Унда яқин келажакда инсоният қай даражада ўзгариб кетишига оид фикрлар акс этган. Ушбу маърузанинг энг қизиқарли жойларини сиз билан ўртоқлашамиз.

Мен турли каналлар BBC, Discovery ва бошқалар учун дунёнинг 300 дан ортиқ олимларидан интервью олдим. Биргаликда кейинги 20, 50 ва 100 йиллар мобайнида келажак қандай бўлиши, илм ва технологияларда нималар ўзгаришини кузатишга интилдик. Бугун айнан шулар ҳақида гапириб бераман. Янги ўн йилликдаги энг муҳим технология – сунъий ақл. Бундан ташқари, молекуляр даражадаги, биотехнология ва нанотехнологиялардаги кашфиётлар келажагимизни сезиларли равишда ўзгартириб юборади.

Фото: Facebook/Dr. Michio Kaku

Сунъий онг, роботлар ва уларни қўллаш усуллари ҳақида

Ҳозирги кунда жарроҳлар “ақлли кўзойнаклар”дан операцияларни ўтказиш, уларга рентген, МРТ суратлари, беморлар касаллик тарихини юклашда фойдаланишлари мумкин. Яқин муддатларда улар интернет билан деярли мулоқот қила оладилар.

Бу қандай қилиб ишлашига интернетдан зарурий маълумотларни олиб, аниқ тиббий маслаҳат бера оладиган “Robodoc” дастури мисол бўлади. У нафақат шифокорлар иши, балки беморлар мушкулини ҳам осон қилади. Келажакда буларнинг бари керак бўлмай қолади, сиз соғлиғингизга оид масалаларни ақлли соат ёки кўзойнаклар билан муҳокама қилишингиз мумкин. Бу деярли бепул бўлади.

Инқилоб нафақат тиббиётда, балки ҳуқуқшуносликда ҳам содир бўлади. Мисол учун, сиз Европанинг катта шаҳрида йўлда кетаётиб, ЙТҲга тушиб қолдингиз. Тил, маҳаллий қонунларни билмайсиз, сизга адвокат керак. Келажакда қўл соати билан суҳбатлашиб, “Глобал адвокат” деб номланган махсус сайтдан исталган тилда керакли маълумотни олишингиз мумкин бўлади. Бу ресурс бутун дунёдаги қонунчилик ҳужжатларига кириш имконига эга бўлиб, сизга маслаҳат бера олади. Компьютерлар ва роботларнинг бундай ёрдами ҳамма ерда амалга оширилади. Масалан, улар бинолар қуриш ва университетда дарс беришда ёрдамга келади.

Бугунги кунда биз стол компьютерлари, смартфон, планшет ва ноутбуклардан фойдаланамиз. Жуда кўп турдаги қурилмалар нима учун керак? Умуман олганда, келажакда экран ҳажми билангина фарқ қиладиган худди шундай қурилма бўлади. Келажакда мослашувда чиплардан фойдаланамиз. Сиз смартфонингизни исталган томонга буриш, унда матн териб, яна жойига буриб қўйишингиз мумкин бўлади. Нафақат телефонлар, балки девор гулқоғозлари ҳам ақлли бўлади. Улар эскириб қолса, бугунги кунда нима қиласиз? Ҳечқиси йўқ, ачиниб қўя қоласиз. Келажакда улар билан мулоқот қиласиз ва сунъий онг сабабли у сизга фойда келтиради. Масалан, тонгги соат 4 да кўкрак қафасингизда оғриқ турди. Сиз нима бўлаётганини тушунмаяпсиз. Балки инфарктни бошдан кечиргандирсиз, балки кеча пиццани кўпроқ еб юборгандирсиз. Нима қилиш керак? Тез ёрдамга қўнғироқ қилиш керакми? Келажакда деворга бориб, “мени Robodoc билан боғла” дейиш мумкин бўлади.

2020 йилдаёқ ҳайдовчисиз машиналардан фойдаланишингиз мумкин. Машинани қандай қилиб бошқариш, ҳатто қаерда тўхташ ҳақида ҳам қайғурмайсиз. Сиз унга бор-йўғи “Тўхта” дейсиз. Келажакда кўпчилик машина сотиб олмайди. Улар машиналарни ижарага олишади. Ўйлашимча, робототехника ҳажми жиҳатидан автомобиль саноатини ҳам ортда қолдиради, автомобилингиз ҳам роботга айланади. Сиз у билан суҳбатлашасиз, баҳслашасиз, кун учун режалар тузасиз. Яна бир жиҳати бор: вақт ўтиши билан машиналар учишни ўрганишади.

Роботлар меҳнат бозорини қандай ўзгартиради

Табиийки, бу ўзгаришларнинг бари меҳнат бозорига таъсир кўрсатади. Баъзи касблар йўқолиб кетади. Роботлар бир хил ҳаракатларни тез-тез амалга оширадиган мутахассислар ўрнини боса олади. Брокер, бухгалтер, кассир каби касбларда ҳозирда маош олаётган одамлар бошқа иш излашларига тўғри келади. Юридик фирмада ким керак бўлмайди? Адвокатларнинг кўп сонли ишни кўриб чиқувчи ёрдамчилари. Буни компьютер ҳам бажара олади. Адвокат ўрнини босиб бўлмайди. Чунки у илгаридек одамлар билан мулоқот қилади: судья, судланувчилар. Робот буни яхшироқ уддалай олмайди.

Робот ва сунъий ақлда учта чеклов бор. Биринчиси – одамлар билан ҳамкорлик қилиш. Мулоқот, ишончли муносабатлар билан боғлиқ ҳар қандай иш инсон иштирокини талаб этади. Иккинчиси – турли модель ва намуналарни аниқлаш. Масалан, робот олдида стол турибди ёки стол тасвирини кўряпти. У квадрат ёки учбурчакларни кўради ва унинг стол экани, предметнинг моҳиятини англамайди. Шунинг учун роботларга стол нима эканини тушунтирадиган махсус дастур керак. Ва ниҳоят, учинчиси –тафаккур. Роботда у йўқ. Мисол учун, сиз сув қуруқ эмас, ҳўллиги, она қизидан ёш жиҳатидан катта эканини биласиз. Буларнинг бари тафаккур билан боғлиқ бўлиб, у роботларда йўқ. Ҳатто беш ёшли болакай ҳам бу масалаларда роботга қараганда яхшироқ фикрлайди.

Бу меҳнат бозори учун нимани англатади? Роботлар ҳақида гап кетганида одамлар томонидан билдириладиган фикрларни эмас. Кўпчилик нима учундир чиқинди йиғувчилар ўз ишларидан биринчи бўлиб айриладилар, деган фикрда. Йўқ, бундай эмас. Аслида робот чиқиндини бошқа предметлардан ажрата олмайди. Ахир у ҳам турлича бўлади. Уни йиғадиган одам аниқлай олади, бироқ робот учун бу жуда мураккаб иш. Боғбонлар ҳам ишсиз қолмайди, чунки роботлар нима чиройли ва чиройли эмаслигини тушунмайди. Роботлар полициячилар ўрнини боса олмайди, чунки ҳар бир жиноят ўзига хос бўлиб, роботлар полициячилар ўрнини босиш даражасида одамларни тушуна олмайди.

Фото: Facebook/Dr. Michio Kaku

Бу инсоният келажагида икки соҳадаги иш қолишини англатади: бир томондан, улар роботлар бажара олмайдиган паст малакага эга ишлар, бошқа томондан ақлий капитални ишлатиш керак бўлган вазифаларни бажаришади. Ақлий капитал нима? Бу мантиқ, етакчилик кўникмалари, инновациялар, ижодкорлик. Роботларда бу рўйхатдаги ҳеч бир қобилият мавжуд эмас. Тони Блэр айтганидек, Англия рок-н-ролдан кўмир саноатига қараганда кўпроқ фойда кўради. Бу ҳақида ўйлаб кўринг. Чунки кўмир бу – товар, унинг нархи ўзгаради, тушиб кетиши ҳам мумкин. Рок-н-ролл эса интеллектуал капитал ёрдамида яратилган маҳсулот, у доимий барқарорликка эга.

Виртуал ва қўшимча реаллик ҳақида

Биз нафақат одатий, балки виртуал ва қўшимча реалликда яшашимиз мумкин. Сиз суҳбатдошингизнигина эмас, у тўғрисидаги барча маълумотларни кўра оласиз. Илм-фан, инженерлик лойиҳалари, дизайн – буларнинг бари у ёки бу томондан виртуал ва қўшимча реаллик билан боғланган бўлади. Масалан, сиз сайёҳ сифатида Римга келдингиз. Рим империясидан кўп нарса қолмаган, бироқ ўз кўзойнакларингизни тақиб, Рим империясининг бутун тарихини кўра оласиз.

Ҳозирда виртуал ва қўшимча реалликдан фойдаланишда битта муаммо мавжуд. Бу кўз кўриши ва ақл ўзлаштириши мумкин бўлган нарсалар орасидаги номутаносиблик. Бироқ кўзойнакларга эмас, кўз учун контакт линзаларга керакли чип ўрнатилса, вазият ўзгаради. Бир сўз билан айтганда, контакт линзага қондаги қанд моддасини ўлчайдиган чипни ҳозир ҳам ўрната оламиз. Келажакда эса шунга ўхшаш контакт линзадан фойдаланиб, интернетга кира оласиз. Ундан фойдаланишни бошлаш учун кўзингизни очиб-юмишингизнинг ўзи кифоя.

Бундай линзаларни ким биринчи бўлиб сотиб олишни бошлашини биласизми? Имтиҳонларга тайёрланадиган талабалар. Улар кўзларини пирпиратиб, имтиҳон олувчининг саволларига жавобларни кўришлари мумкин бўлади. Бу таълимдаги ёндашувни бутунлай ўзгартириш кераклигини англатади. Биз маълумотни ёдлашга куч бера олмаймиз. Эндиликда талабалардан кимёвий элементлар даврий жадвалини ёдлаб олишни сўрамаймиз. Уни кўриш учун кўзни пирпиратиш кифоя. Демак, таълим - концепция, тамойил ва образлар атрофида жамланган бўлади. Оддий факт ва рақамларни эслаб қолиш керак бўлмайди. Сизда исталган вақтда ва жойда ҳар қандай маълумотни олиш имконияти мавжуд бўлади.

Қўшимча реаллик ва нутқни англаш технологиялари сабаб мулоқот ҳам ўзгаради. Тилни билмай туриб ҳам хорижликлар билан гаплаша оласиз. Суҳбатдошингизнинг ёнида она тилингизга таржима қилинган титр (матн)ни кўришингиз мумкин бўлади.

Маҳсулот ва хизмат аслида қанча туришини билмаганимиз сабаб кўпинча бизни алдашади. Демак, идеал капитализм даврига яқинлашаяпмиз. Олдимизда қандай маҳсулот тургани, нархи, уни сотмоқчи бўлганлар устига қанча қўшаётганини аниқ тушуна оламиз. Дўконга кириб, ўрнатилган чипга эга махсус контакт линзалар ёрдамида маҳсулотлар тўғрисидаги барча маълумотларга эга бўламиз, уларни таққослаб, ўзимизга мос келадиганини танлаймиз. Бироқ маҳсулотларни сотадиган компаниялар ҳам биз ҳақимиздаги барча нарсаларни билишади.

Инсоннинг тиббиёт ва узоқ умр кўришдаги рақамлашиши

Рақамлаштириш тиббиётни қандай ўзгартириши мумкинлигини кўрамиз. Бугун таблетка (хапдори) ичига чип, камера ва магнит сола оламиз. Магнит бу дорини ошқозон ва ичакларга олиб боради, камера эса суратга олади. Шу сабаб робот операция қила олади.

Келажакда компьютерлар танангизга ўрнатилиб, реал вақт режимида қон таҳлилини ўтказа олади.

Танангизда ҳозирнинг ўзидаёқ саратон ривожланиши мумкин. Бироқ 10 ёки 20 йил давомида сиз буни билмайсиз. Ўсимта пайдо бўлиши учун 10 мингта саратон ҳужайраси керак. Эндиликда эса сиз қонда миллиард ҳужайрадан биттагина саратон ҳужайрасини топишингиз мумкин бўлади. Мазкур технологиядан шу йилнинг ўзидаёқ фойдаланиш имкони бор. У суюқ биопсия деб номланади. Келажакда бор-йўғи ҳожатхонага борасиз, ақлли унитаз сизнинг ажратмаларингизда ўсимта пайдо бўлишидан анча аввал саратон ҳужайраларини топади. Шу сабаб “ўсимта” сўзи тилимиздан йўқолиб кетиши мумкин.

Келажакда одам танасини рақамлаштириш учун ирсиятдан фойдалана оламиз. Университетлардан бирида қулоқ ҳужайраларидан қулоқ ўстиришга эришилди. Пластик эриб кетган ва одамнинг ўз тўқималаридан қилинган қулоқ пайдо бўлди. Бу муҳим, чунки организм ўз ҳужайрасидан бўлмаган нарсани “қабул қилмайди”. Жуда яқин келажакда тери, суяк, бурун, қулоқ, қон томирлари ва ҳ.к, кейинчалик эса мураккаб органларни алмаштира оламиз.

Фото: Facebook/Dr. Michio Kaku

Қариш жараёнини тушуна бошлаймиз. Бир неча йил аввал бу биз учун сир эди. Ҳужайралар нима учун қариши ва ўлишини тушунмасдик. Энди эса қариш – ирсий хатоларнинг йиғилиш жараёни эканини тушунамиз. Ушбу генларни тўғрилаш ва абадий яшаш технологияларидан фойдаланамиз. Демак, тери ҳужайраларига биологик соатлар ўрнатилган. Агар Петри идишига тери ҳужайралари солиб қўйилса, у 60 марта бўлинади, кейин эса ўлади. Бу одам ўлишининг бир сабаби. Бизда ўрнатилган соатлар мавжуд бўлиб, уларни тўхтата олмаймиз. Теломераза ферменти мавжуд. Уни кашф этган одамлар тиббиёт йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритишган. Бу фермент биологик соатларни тўхтатади. Сиз Петри идишига тери ҳужайраларини солиб қўя оласиз ва улар умрбоқий бўлади, бўлинишда чексиз давом этади. Бироқ бошқа омиллар ҳам бор. Акс ҳолда биз эртагаёқ абадий ҳаёт кечирардик. Гап шундаки, бу фермент саратон ҳужайралари умрини ҳам абадийлаштиради. Нима учун саратон сизни ўлдиради? Чунки саратон ҳужайралари ўлмайди, улар чексиз равишда кўпаяди ва ўсимтани шакллантиради. Агар эҳтиёт бўлинмаса, теломераза оддий ҳужайрани ҳам саратон ҳужайрасига айлантиради.

Ақл, брейннет ва одамнинг рақамли нусхалари ҳақида

Келинг, инсон ақлини рақамлаштириш ҳақида гаплашамиз. “Connectome Project” деб номланган лойиҳа мавжуд. Европа ва АҚШ уни молиялаштиришга миллиард доллар сарфлашган. У буюк лойиҳа бўлиш арафасида. Унинг мақсади – миянинг картасини яратиш. Бугунги кунда ҳам МРТ суратларидан фойдаланиб, миядаги қон айланишини ўрганиб, биз унинг қурилишидаги кўплаб назарияларни тасдиқлашимиз ёки рад этишимиз мумкин. Мисол учун, инсон мияси ҳақидаги баъзи фикрлар тўғри эканини аниқладик. Ҳар бир ота-она ўсмирлар миясида ўзгариш борлигига аминлар. Бу тўғри экан. Уларнинг олд қобиғи ривожланмаган. Уларда қарор қабул қилиш, таваккалчилик билан боғлиқ қисм ривожланмаган. Шунинг учун ҳам улар аварияларга тушиб қолишади, турли аҳмоқгарчиликларга йўл қўядилар.

Мавзуга оид