Ўзбекистон | 15:56 / 15.06.2018
31935
2 дақиқада ўқилади

Берунийнинг тавбаси

Фото: e-tarix.uz

Тарихий маълумотларга кўра, Абу Райҳон Беруний умрининг охиригача илм излаган экан. Нақл қилишларича, алломанинг шогирдларидан бири у сўнгги нафасларини олаётган пайтда ҳузурига кирибди. Устози ундан “Меросларни нотўғри бўлиш ҳақида айтганларингни такрорлаб бер”, деб сўрабди. Шогирднинг устозига раҳми келиб, “Шундай аҳволда-я!” деган экан, Абу Райҳон Беруний “Мен учун бу масалани билиб, дунёдан ўтиш билмасдан ўтиб кетишдан афзалроқ эмасми?”, дебди. Шундан сўнг шогирд сўралган масалани такрорлаб берибди, устоз эса бу борадаги ўз мушоҳадаларини билдирибди. Суҳбатдан кейин шогирд устозининг олдидан чиқиб кетиши билан уйдан йиғи овозлари эшитила бошлабди.

Аммо яна бир ҳикоят борки, бу улуғ аллома илмдан ёлғончилик, шахсий манфаат йўлида фойдаланишга мутлақо қарши бўлган экан. Фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраевнинг ёзишича, бир киши Берунийдан илтимос қилиб, “Менга фойда келтирадиган бирор нарсани ўргатиб қўйинг”, дебди. Олим унга ал-Киндийнинг “Ишоратлар китоби”дан ўткир нарсалардан тайёрланадиган бир дори таркибини ёзиб берибди. Бу дори сувга томизилиб, ҳосил бўлган моддага қаламни ботириб, ақиқ тошга чизилса, тошдаги ёзув оқ бўлиб кўринаркан. Буни ўрганиб олган бояги киши “Муҳаммад”, “Али” ва бошқа исмларни тошга ёзиб, “Бу фалон жойдан топилган табиий ёзув”, деб даъво қиладиган, содда одамларнинг пулини шиладиган бўлибди. Беруний эса бу дарсидан пушаймон бўлиб, “Илмни нафси учун ишлатадиганларга ўргатиш — унинг жиноятига шерик бўлишдир”, деб Аллоҳга тавба қилган экан.

Мавзуга оид