Спорт | 15:10 / 07.07.2018
15185
8 дақиқада ўқилади

Хайр, Бразилия! Бельгия яққол фаворит

«Маракана»-1950, «Минейрау»-2014, «Қозон»-2018. Бразилия энди жаҳон чемпионати фаворити эмас, чунки жамоа Бельгияга ютқазиб турнирни тарк этди.

Жаҳон чемпионати-2018
1/4 финал
Бразилия – Бельгия – 1:2 (0:2)
Голлар: Фернандинью, 13 - автогол (0:1). Де Брюйне, 31 (0:2). Ренату Аугусту, 76 (1:2).
Бразилия: Алиссон, Фагнер, Тиагу Силва, Миранда, Марселу, Коутинью, Фернандинью, Паулинью (Ренату Аугусту, 73), Виллиан (Роберту Фирмину, 46), Габриэл Жезус (Дуглас Коста, 58), Неймар.
Бельгия: Куртуа, Алдервейрелд, Компани, Фертонген, Менье, Э.Азар, Витсель, Феллаини, Де Брюйне, Шадли (Фермален, 83), Лукаку (Тилеманс, 87).
Огоҳлантиришлар: Алдервейрелд, 48. Менье, 71. Фернандинью, 85. Фагнер, 90.
Ҳакамлар: МАЖИЧ, Журжевич, Ристич (барчаси Сербия).

Бехосият граффити

Фото: Reuters

Ўйиннинг 6 дақиқаси ўтар-ўтмас Неймар Феллайни билан тўқнашувдан кейин газонда ётарди. Унинг бу сафардаги жаҳон чемпионатидаги иштироки йиқилишлари ва думалашлари билан ёдда қоладиган бўлди. Ушбу футболчи Сербияга қарши ўйинда 10 марта майдонга ётиб олгач, мемлар қаҳрамонига айланди. ОАВ эса у жаҳон чемпионатидаги 4 ўйинда 14 дақиқани майдонда ётиб ўтказганини ҳисоблаб чиқди.

Неймар - ажойиб футболчи. Аммо афсуски у актёрлик маҳоратини ўз футбол техникаси билан қориштириб юборган. У ўз техникаси билан Бразилия терма жамоасининг асосий юлдузига айланган, у «Олтин тўп»га даъвогарлар қаторида. Аммо у жаҳон чемпионатида фақат Қозон шаҳри деворларида эътироф этиладиган бўлди. Қозонга навбатдаги топ-футболчи ташриф буюриши муносабати билан Лионель Месси ва Криштиану Роналдудан кейин Неймарнинг ҳам граффитисини ишлашди.

Фото: Спорт Экспресс

Бразилиялик футболчига қозонликларнинг сюрпризи ёққанди, у инстаграмига ушбу суратни жойлаштирди ҳам. Аммо у бунинг бехосиятлилигидан бехабар эди. Бир йил муқаддам Қозонда Конфедерациялар кубогида Роналдунинг граффитиси ишланганди ва португаллар Чилига ютқазиб, турнирни эрта тарк этганди. Бир ҳафта муқаддам Татаристон пойтахтида Лионель Мессининг улкан тасвирини деворга муҳрлашди ва футболчи жаҳон чемпионатини тарк этди. Энди эса Неймар охирги ўйинини Қозонда ўтказди.

Хосиятли Анри

Фото: Reuters

Бразиллар айнан Бельгия ўзларини турнирдан чиқариб юборишини тахмин қилишмаганди. Турнирнинг асосий фаворитлари Германия, Аргентина ва Испания аллақачон уйга қайтган, Франция эса ярим финалда бразилларни кутаётганди. Аммо энди ярим финалда Бельгия ўйнайди. Бу жамоа таркиби ҳам кучли футболчилардан таркиб топган, аммо Марк Вильмотс тарбиялаган бу ёшлар Европа чемпионатида ўзларини кўрсата олмагач, уларга ишонч сусайганди.

Ҳозирги мураббий Роберто Мартинес эса ҳеч қачон кучли тактик саналмаган. «Эвертон» мухлислари ярим мавсум давомида ушбу испаниялик мутахассисдан яхшигина таркиб билан ҳам яхши натижа кўрсата олмагани учун истеъфо талаб қилишди. Фанатлар ўз ниятларига етишди, 2016 йилнинг майида «Эвертон» Мартинесни ишдан бўшатди. Унинг Бельгия терма жамоасига тайинланишини кўпчилик тушунмади, худди унга ёрдамчи сифатида собиқ футболчи, таниқли телеэксперт, лекин мураббий бўлмаган Тьерри Анрининг тайинланишини тушунмагани каби.

Бразилия билан ўйин арафасида Бельгия нашрлари Анри Франция таркибида 1998 йилги ва 2006 йилги жаҳон чемпионатларида жанубий америкаликларни мағлуб этганини эслаб қолди. Шунингдек, шу куни нашрлар футболчиларни болалик орзуларини рўёбга чиқаришга ундаб, уларнинг болаликдаги суратларини муқоваларида босишди. Хусусан, Het Laatste Nieuws газетаси юзида Де Брюйне, Эден Азар, Компани ва бошқа юлдузларнинг болаликдаги суратлари акс этди.

Марсело - кучсиз звено

Фото: Спорт Экспресс

Мартинес ўз ҳаётидаги энг муҳим ўйинга жиддий тайёргарлик кўрди ва ўзини кучсиз тактик деганларга жавоб қайтарди. Мураббий Японияга қарши ўйинда ишончни оқламаган Карраскони захирада қолдирди ва бошланғич таркибда ўша ўйин охирида гол уриб, жамоани қутқарган Носир Шодлини туширди, шунингдек, Мертенс ўрнига илк дақиқалардан Феллайни ҳаракат қилди. Бу шунчаки эмасди: мураббий ҳужум учун 3-4-2-1 схемасини танлаган, бунда Шодли ва Менье қанотлардан ўрин олар, тўп рақибда бўлганида эса 4-3-3 схемаси бўйича ҳаракатланарди. Ҳимоявий вариантда Де Брюйне ҳужум марказига кўчар, Лукаку ўнг қанотга кетарди.

Нима учун? Мартинес бразилларга тузоқ қўйди. Тите бир кун олдиноқ ўйинга туширадиган таркибини эълон қилиб бўлган (у буни ҳар ўйиндан олдин қилишга одатланган), у жароҳатдан тўла фориғ бўлмаган Марселони тушириши рақибга аён бўлганди. «Реал» ҳимоячиси кўп вақтини ҳужумда ўтказади ва ҳимояда очиқ жойлар қолдиради. Унинг жароҳати эса ортга вақтида қайтишга деярли имкон бермасди. Шундай бўлди ҳам. Нисбатан яхшироқ спорт формасида бўлган Филипе Луис ўз дарвозаси яқинидан узоққа кетмаган бўларди, аммо Марсело ўз ҳудудини ташлаб кетаверди ва Бельгия бундан фойдаланаверди.

Ҳа, биринчи голни Бразилия бурчак жарима зарбаси амалга оширилганида ўтказди. Бу вазиятда нега «Манчестер Сити»нинг икки футболчиси Фернандиньо ва Жезус рақиб футболчиси Компани бўш қолгани ҳолда тўпга бирданига сакрагани тушунарсиз. Натижада тўп Фернандиньонинг елкаси орқали дарвоза тўрига бориб тушди.

Фото: Reuters

Ноодатий гол

Бельгияликларнинг иккинчи голи - Лукакунинг тиришқоқлиги ва Де Брюйненинг класси эвазига рўй берди. Лукаку ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни эгаллади ва тезлик олиб майдон марказини кесиб ўтди ҳамда очиқ қолган ўнг қанотда турган Де Брюйнега тўпни аниқ етказиб берди. Брюйне эса Англия премьер-лигасида доим қиладиган ишини такрорлади, жарима майдони ташқарисидан туриб дарвозанинг қуйи бурчагини аниқ нишонга олди.

Фото: Reuters

Бразилияда таянч ярим ҳимоя ҳудуди бўш қолганди. Бу ҳудуднинг ўрни замонавий футболда ошган, лекин бразилларнинг асосий таянч ярим ҳимоячиси Каземиро сариқ карточкалар туфайли бу ўйинда майдонга туша олмади ва ҳеч ким унинг ўрнини боса олмади.

Тите вазиятга тўғри ёндашди ва ҳужумдаги Виллиан ўрнига «Ливерпуль»да Юрген Клопп томонидан прессинг қилишга ўргатилган Роберто Фирминьони туширди. Бу ўзгартириш эвазига иккинчи бўлимда бельгияликларнинг ҳужумлари камайди, Мартинес жамоаси тўпни йўқотишдан хавфсираб қанотлардан ҳужум қила бошлади. Шундай ҳужумларда бельгияликлар икки марта ҳисобни йириклаштиришга яқин келишди.

Аммо голни Бразилия урди. Ўйин якунланиши арафасида Тите Ренату Аугустуни майдонга туширди ва у Коутиньо узатган тўпни боши билан Куртуа дарвозасига йўналтирди.

Фото: Спорт Экспресс

Бразилия учун хос бўлмаган гол. Ренату яна бир қулай вазиятга эга бўлганди, ҳамма голни нишонлашга тайёрлана бошлаганди, аммо тўп дарвоза тўсинининг ёнгинасидан ўтиб кетди.

Жанубий америкаликлар учун бу етарли эмасди. Улар қанча куч билан олдинга ташланмасин, қанчалик эҳтирос билан ўйнашмасин, Бельгияни енга олишмади. Бу Бразилия учун миллий фожиа. Бу терма жамоа жаҳон чемпионатининг асосий фаворити эди ва турнир улар учун эрта якунланди.

Фото: Reuters

1950 йили Бразилия ўз уйида кечган жаҳон чемпионати финалида Уругвайга ютқазиб қўйганди. Бу ўйин «Маракана»да кечган ва ҳанузгача бу стадион бразиллар учун бехосият стадион сифатида кўрилади (Maracanazo). 2014 йили ҳам бразиллар уйларида ўтган жаҳон чемпионатида Германияга «Минейрау» стадионида йирик ҳисобда (1:7) мағлуб бўлишди, бу тарихга Mineirazo номи билан кирди. Энди эса Kazanazo.

Мавзуга оид