Вояга етмаган болаларнинг таъминот олиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган
Маълумки, фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она, қолаверса, жамият зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифалардан бири саналади. Лекин ҳаётда ўз фарзандини тарбиялаш ва таъминлашдан бош тортувчи ота-оналар ҳам учраб туради. Мамлакатимизда жорий йилнинг ўтган 6 ойида ажрашиб яшаётган ва вояга етмаган фарзандининг таъминоти билан ихтиёрий шуғулланмаган 17 минг нафардан зиёд фуқародан суд қарорлари асосида алимент ундирилганлиги бу фикрнинг тасдиғидир.
Вояга етмаган фарзанд қачон имкони бўлса, отам ёки онам алимент тўласа, кейин еб-ичаман, деб кутиб туролмайди. Шунингдек, ўз вақтида моддий таъминлаш боланинг соғлом вояга етишида муҳим омил ҳисобланади.
Шунинг учун ота ёки она фарзандини моддий таъминлашдан бош тортса, манфаатдор томон алимент ундириш ҳақида ўз вақтида судга мурожаат қилиши лозим. Ўз навбатида, бунинг учун тегишли қонун талабларини ва ўрнатилган тартибни билиш тақозо этилади.
Бу ҳақда сўз борганда, Оила кодексининг 14-бобида ота-она ҳамда болаларнинг алимент ҳуқуқи ва мажбуриятлари мустаҳкамланганини таъкидлаш зарур. Ушбу кодекснинг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.
Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Оила кодексининг 97-моддасида вояга етмаган болаларига ҳамда вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-она мажбуриятларининг тенглиги белгиланган. Қонун талабига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар.
Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.
Қонун талабига биноан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:
бир бола учун — тўртдан бир қисми;
икки бола учун — учдан бир қисми;
уч ва ундан ортиқ бола учун - ярмиси миқдорида алимент ундирилади.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори энг кам иш ҳақининг 75 фоизи, яъни айни пайтда 138 225 сўмдан кам бўлмаган миқдорда белгиланди.
Қонун нормасида вояга етмаган болаларга ундирилаётган алимент миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Бу ҳолатда ҳам камайтирилган ёки кўпайтирилган алимент миқдори фоизда эмас, балки ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи, бошқа даромадларининг муайян қисмида, яъни бола сонидан келиб чиққан ҳолда, юқоридаги тартиб асосида ундирилишини эътиборда тутиш даркор.
Бундан ташқари Оила кодекснинг қатор нормаларида алимент қатъий суммада белгиланиши назарда тутилган. Масалан, ота-онанинг вояга етган болаларига алимент тўлаши, алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериши ҳолатлари шу жумлага киради.
Оила кодексининг 144-моддаси 2-қисмига мувофиқ, қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш мақсадида алиментнинг миқдори суд томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади.
Суд алиментни қатъий суммада ундириш ҳақида қарор қабул қилар экан, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида шу сумма муайян миқдорда эмас, балки энг кам ойлик иш ҳақининг муайян қисмига мос равишда ундирилишини кўрсатиши лозим.
Содда қилиб айтганда, суднинг ҳал қилув қарори хулоса қисмида ундириладиган қатъий сумма 200.000 сўм (ёки 300.000 сўм) миқдорида деб эмас, балки энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравари (ёки 2 баравари) миқдорида деб қайд этилиши керак.
Оила кодексининг 136-моддасига мувофиқ, алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.
Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортгани оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.
Суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида алимент қайси санадан ундирилиши кўрсатилиши шарт.
Қонун талаби бўйича, вояга етмаган болалар ҳуқуқини ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи ёки ҳал қилув қарорлари дарҳол ижрога қаратилади.
Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчилик талабига кўра, қонуний никоҳдан туғилган вояга етмаган фарзанд таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб соддалаштирилган тартибда, ариза берувчи ва жавобгарни чақирмасдан, суд буйруғи чиқариш орқали 3 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Бунда аризага никоҳ гувохномаси ёки никохдан ажрашганлик ҳақидаги гувоҳнома, фарзанд туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхалари, шунингдек, яшаш ва агар жавобгарнинг иш жойи аниқ бўлса, иш ҳақи тўғрисида маълумотнома илова қилиниши кифоя.
Эндиликда вояга етмаган болалар таъминоти бўйича алимент ундириш учун аризаларни уйдан чиқмасдан, фуқаролик ишлари бўйича тегишли судларга электрон равишда юбориш имконияти мавжуд.
Ушбу жараённи Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, айни пайтда самарали татбиқ этиб келинаётган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали тез ва қулай тарзда амалга ошириш мумкин. Бунинг учун қуйидаги оддий ҳаракатларни бажариш кифоя:
1) интернет-браузер орқали v3.esud.uz сайтига кириш;
2) рўйхатдан ўтиш;
3) логин ва паролни териб, ўз "шахсий кабинети"га кириш;
4) "янги ариза" менюсига кириб, кўрилаётган иш тури (суд буйруғи) ни танлаш;
5) аризани топширмоқчи бўлган судни танлаш;
6) талаблар туркумидан "вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш"ни танлаш;
7) қарздор ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ва аниқ киритиш;
8) талаб турига кўра, тегишли маълумотларни киритиш;
9) тўланган давлат божи миқдорини кўрсатиш;
10) ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг, шу жумладан, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхасини ахборот тизимига юклаш;
11) "Сақлаш ва жўнатиш" тугмасини босиш лозим.
Мурожаат қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотни ва уч кун ичида натижаси бўйича суд қарорини электрон шаклда олиш, яъни судга келмасдан туриб, вояга етмаган фарзанд таъминоти учун алимент ундириш мумкин.
2018 йилнинг биринчи ярмида E-SUD тизими орқали келиб тушган алимент ундиришга оид 15 минг 528 та электрон ариза ижобий ҳал этилган. Бу, ўз навбатида, шунча миқдордаги вояга етмаган, таъминотга муҳтож болаларнинг моддий таъминот олиш бўйича ҳуқуқлари ўз вақтида тикланганини англатади.
Шу ўринда вояга етмаган болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида амалдаги қонунчиликка қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, эндиликда алиментни бола вояга етгунга қадар кўчар ва кўчмас мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали бир йўла олдиндан тўлаш мумкин.
Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, шунингдек, моддий ёрдамга муҳтож ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш ҳолатлари учун кўриладиган судлов чоралари кучайтирилди.
Яъни суд ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик — 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.
Бу ҳаракат илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, яъни муқаддам вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахс, хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан марҳум қилиш билан боғлиқ жазо белгиланади.
Яна бир муҳим жиҳат: агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик ва жиноий жавобгарлик ҳақидаги амалдаги қонунчиликка киритилган ушбу қўшимча ва ўзгартишлардан кўзланган мақсад, бир томондан, вояга етмаганлар ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш бўлса, иккинчи томондан, уларнинг моддий таъминотига жавобгар шахсларнинг масъулиятини ошириш сифатида намоён бўлади.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси ўринбосари
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” - ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
17:12 / 30.10.2024
Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари
12:30 / 24.09.2024