Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Менга ва командамга пора керакмас
14 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида Тошкент шаҳар ҳокими ва тадбиркорлар, хорижий инвесторлар иштирокида «Тошкент шаҳрини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш»га бағишланган очиқ учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда инвесторлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев коррупция борасида барчани огоҳлантирди.
«Ҳокимликлар, айёр ўйинлар қилишни бас қилинг. Яна бир бор огоҳлантираман. Ер берилиши шаффоф ва коррупциясиз бўлиши керак. Менга ва командамга пора керакмас. Ёки Президентимизни тушуниб, елкама-елка ёнида туриб, катта мақсадимизга бирга эришамиз, халқни рози қиламиз, ёрқин келажагимизни яратамиз. Ёки йўқ бўламиз», деди Тошкент шаҳри ҳокими учрашувда.
Қонунчилик палатаси депутати, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров шаҳар ҳокимини барчага ўрнак қилиб кўрсатган: «Ҳар бир раҳбар шундай фикрласа, бизни ҳеч ким тўхтатолмайди!»
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг қўл остидаги бир гуруҳ амалдорлар порахўрликда гумонланиб қўлга олинди. Бош прокуратура вилоят ҳокимлигида кўп квартирали уйларни қуришга рухсат бериш ва тадбиркорларга турар жой объектлар қурилиши учун ер майдонларини ажратишда катта миқдорда пора олиш тизимини ташкил этгани фош қилганди.
Мавзуга оид
13:46 / 14.11.2024
Сирдарёда ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходими қамалди
17:40 / 12.11.2024
Андижонда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва кадрлар бўлими бошлиғи ушланди
17:35 / 11.11.2024
Наманганда тўёна кўринишида пора олган кадастр бўлими бошлиғи 5 йилга қамалди
17:42 / 05.11.2024