Ўзбекистон | 11:05 / 27.07.2018
10407
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг президенти “Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинди.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163–I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256–I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 565-моддасига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

иккинчи қисм «нотариал тасдиқланган бўлиши керак» деган сўзлардан кейин «бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилди;

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

«Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик шахслар жисмоний шахслар билан енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги 719–I-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

1) 6-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Инвестиция лойиҳаси иқтисодий, ижтимоий наф ва бошқа йўсиндаги наф олиш учун инвестицияларни амалга оширишга ёхуд жалб этишга қаратилган, ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар комплекси ёки алоҳида тадбирдир»;

2) 15-модда биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошисидаги «Инвестиция дастурига» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларига» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 18-модданинг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти» деган сўзлар билан алмаштирилди;

4) 20-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«20-модда. Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари — бу узоқ муддатли истиқбол учун тасдиқланадиган, тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепциялари асосида шакллантирилган ҳамда мамлакат иқтисодиётини барқарор ва изчил ривожлантиришга эришишга, мавжуд табиий, минерал-хом ашё, молиявий, моддий, меҳнат ресурсларидан ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш йўли билан мамлакат иқтисодиётининг айрим тармоқлари ҳамда минтақаларини тузилмавий жиҳатдан ўзгартириш бўйича асосий устуворликлар ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ўзаро узвий боғлиқ бўлган чоралар мажмуидир.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари тасдиқланган ривожлантириш концепциялари асосида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумдавлат дастурлари бажарилишини таъминлаш мақсадида уч йиллик муддатга шакллантирилиб, бунда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари ҳамда молиялаштириш манбалари ҳисобга олинади, уларнинг асосий кўрсаткичлари ҳар йили аниқлаштириб ва янгилаб борилади. Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш манбалари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади»;

5) 21-модданинг биринчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти» деган сўзлар билан алмаштирилди.

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 282-моддаси иккинчи қисмининг 18-бандидаги «Инвестиция дастурига» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларига» деган сўзлар билан алмаштирилди.

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 26 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–360-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига қуйидаги ўзгартишлар киритилди:

1) 23-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «Давлат инвестиция дастурида» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларида» деган сўзлар билан алмаштирилди;

2) 49-модданинг иккинчи хатбошисидаги «Давлат инвестиция дастурига» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларига» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 152-модда бешинчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «давлат инвестиция дастурларини» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларини» деган сўзлар билан алмаштирилди;

4) 154-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «давлат инвестиция дастурини» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларини» деган сўзлар билан алмаштирилди;

5) 177-модданинг бешинчи хатбошисидаги «давлат инвестиция дастурларини» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларини» деган сўзлар билан алмаштирилди.

5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 26 майда қабул қилинган «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ–386-сонли Қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

1) 6-модда:

бешинчи қисми «бир йил муддатга тузилади» деган сўзлардан кейин «бундан ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилди;

қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилди:

«Йўловчиларни ва уларнинг мол-мулкини автомобилда ташишни амалга оширувчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси уч ойдан бир йилгача бўлган муддатга тузилиши мумкин»;

олтинчи ва еттинчи қисмлари тегишинча еттинчи ва саккизинчи қисмлар деб ҳисобланади;

2) 8-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (бундан буён матнда суғурта полиси деб юритилади) тегишли бланкада ва ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига киритилган транспорт воситаларининг сонига тенг нусхаларда расмийлаштирилади. Суғурта полиси бланкаси қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат бўлиб, ҳисобга олиш сериясига, рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши керак.

Суғурта полисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:

суғурталовчи тўғрисидаги;

ташувчининг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги;

суғурталовчининг, унинг барча филиалларининг номи, жойлашган ери (почта манзили), улар билан алоқа боғлаш воситалари ҳамда уларнинг иш вақти тўғрисидаги;

ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш даври ҳақидаги;

суғурта мукофоти тўғрисидаги;

суғурта пули ҳақидаги;

ташувчининг транспорт воситаси (вагонлари) (тури, маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси, ишлаб чиқарувчи завод паспорти бўйича йўловчи сиғими) тўғрисидаги;

ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг бошқа муҳим шартлари ҳақидаги»;

3) 16-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«ташиш кунида амалда бўлган суғурта полисининг нусхасини ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасига киритилган барча транспорт воситаларига ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштириши».

6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ–400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

1) 32-модданинг учинчи қисми «Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимида» деган сўзлардан кейин «ёки вақтинча олиб кириш божхона режимида» деган сўзлар билан тўлдирилди;

2) 64-модда тўртинчи қисмининг тўққизинчи хатбошисидаги «инвестиция дастурига» деган сўзлар «ривожланиш давлат дастурларига» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 245-модда:

биринчи қисмининг:

тўртинчи хатбошиси чиқариб ташланди;

бешинчи хатбошиси тўртинчи хатбоши деб ҳисобланади;

иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси «контрактлар бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи узилгунига қадар рад этишга» деган сўзлардан кейин «бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилди;

4) 260-модданинг «г» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«г) товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда:

юридик шахслар учун ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар учун қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда, бундан товарлар ташқи савдо контрактлари (шартномалари, келишувлари) бўйича мажбуриятларни бажариш доирасида олиб ўтилаётган ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар мустасно;

хориждаги кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган, ушбу товарларни декларациялаш кунида расмий айирбошлашнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича беш минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни олиб чиқишда, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

қиймати расмий айирбошлашнинг ушбу товарларни декларациялаш кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича бир минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни умумжаҳон Интернет тармоғида онлайн дўконлари орқали экспорт қилиш чоғида амалга оширилади».

7-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ–461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 27-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Банкротлик тўғрисидаги ишлар жумласига юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни, шунингдек пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларни, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса, банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар киради».

8-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.

9-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 5-моддаси ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.

Мавзуга оид