Ўзбекистон | 00:20 / 03.08.2018
37705
5 дақиқада ўқилади

Қизилқўрғон обод қишлоққа айланадими? Жавобни мутасаддилардан кутиб қоламиз

Бундай саволни бежизга қўймадик. Сабаби, Булунғур туманида "Обод қишлоқ" дастури доирасида Қизилқўрғон қишлоғида олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида бу борада етарлича муаммолар борлигига гувоҳ бўлдик.

Ушбу қишлоқда 170 та хонадонда 2 минг¬дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, аҳоли хонадонларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, электр тармоқлари, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, ички йўлларнинг таъмирланиши, инфратузилма объектларининг қурилиши учун 3 миллиард 617 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Амалга оширилиши лозим бўлган барча лойиҳалар бўйича дастур-смета тасдиқланиб, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар муддатлар белгиланган.

Айни вақтда қишлоқ орасидан ўтган темирйўлга яқин айрим хонадонларда девор қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ички йўлларни таъмирлаш учун шағал тўкиш ишлари фақат қишлоқнинг кириш қисмида давом этмоқда. Қишлоқ ичидаги тупроқ йўллардан эса чанг кўтарилади.

Туман ҳокимлиги томонидан тақдим этган маълумотда шундай кўрсатилган: "Қишлоқдаги 64 та хонадонда оқлаш, бўяш, таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Қолган хонадонларни таъмирлаш, атрофларини ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда".

Аслида-чи? Ўрганишимиз давомида бирорта хонадонда таъмирлаш ёки ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганини кўрмадик. Ўша эски девор, лойсувоқ ва қийшайган эски дарвозалар киши таъбини хира қилади. Ҳудуд, айниқса, аҳоли хонадонлари атрофи янтоқзорга айланган. Қишлоқ ўртасида турли чиқиндилардан култепа бўй кўтарган. Ундан таралаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди.

Электр таъминотини яхшилаш борасида ишлар бошланмаган. Электр энергияси ўтказилган эски симёғочлар ҳали алмаштирилмаган. Бу ҳолатни туман ҳокимлигининг қурилиш бўйича бош мутахассиси Алишер Элмуродов электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича ҳали "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятидан маблағ ажратилмагани билан изоҳлади.
Қишлоқда қурилиши режалаштирилган 1 та мактабгача таълим муассасасида энди бетон ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу қурилишга 1 миллиард 778 миллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Амалда шу кунга қадар белгиланган маблағнинг 482 миллион сўми, яъни 28 фоизи молиялаштирилган, холос. 

Ачинарлиси, қишлоқда бирорта савдо дўкони, тиббиёт муассасаси, аҳоли ҳордиқ чиқариш учун маскан йўқ. Бу каби объектлар қурилаётганини ҳам кўрмадик. Режа бўйича ҳудудда ҳаммом, дорихона, маиший хизмат кўрсатиш уйи ва савдо дўконлари қурилиши лозим. Бу борада ҳали бирор иш бошланмагани кишини ажаблантиради.
Туман ҳокимлиги мутасадди ходимининг маълумотига кўра, ушбу ижтимоий объектларни қуриш учун ер ажратилган ва тадбиркор томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу қишлоқ жойлашган Fўбдин маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматулла Абдураҳмонов билан суҳбатлашганимизда қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилганини айтди. Биз бу борада қишлоқ фуқаролари билан суҳбатлашдик.
 

– Ҳеч қандай тиббий кўрик бўлгани йўқ, – дейди саксон ёшли Қ.Абдуллаев. – Тўғри, тиббиёт ходимларининг бир-икки марта қишлоққа келганини кўрдим. Мен бу ҳар доимги келиб-кетишлар, деб ўйладим. Бошқаларни билмадиму лекин мен бунақа кўрикдан ўтганим йўқ.

Аслида шундай кекса инсонлар, кам таъминланган ва ногирон фуқаролар биринчи навбатда тиббий кўрикдан ўтказилиши керак-ку!

Яна бир салбий ҳолатлардан бири бу қишлоқ аҳолисида боқимандалик руҳи ҳукмронлигидадир. Буни хонадонлар атрофи янтоқзорга айланганидан ҳам билса бўлади. Аҳоли ҳатто ўз уйлари ҳудудини ободонлаштиришга ҳам ҳафсала қилмаслиги яққол кўриниб турибди. Туман мутасаддилари, маҳалла раиси ва фаоллари аҳоли билан бу борада суҳбатлар ўтказиш, ободонлаштириш ишларига уларни ҳам жалб этиш масалаларига нега эътиборсизлик билан қарамоқда?

Қолаверса, ҳудудда ҳали янги бирорта манзарали ёки мевали дарахт экилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?!

Қишлоқда бу каби ҳолатларни кўриб, ҳали ишлар ўлда-жўлда экани, айрим ишлар қоғозда бажарилаётганини билиш қийин эмас.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида барча ишлар якунига етказилади, деяётган туман ҳокимлиги мутасаддилари шу кунга қадар жадаллашмаган ишлар қисқа вақтда амалга ошишига, белгиланган муддатда якунланишига ишонармикан?

Мақола сарлавҳасидаги саволни қўйганлигимизнинг ҳам моҳияти шунда. Жавобини эса мутасаддилардан кутиб қоламиз.

Мавзуга оид