Жамият | 20:17 / 17.09.2018
22648
5 дақиқада ўқилади

Газ идоралари халққа суюлтирилган газни ўз вақтида бермоқдами?

2017 йилнинг 29 декабр куни Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолига кундалик ҳаётда истеъмол қилиш учун сотиладиган суюлтирилган газнинг республика бўйича ягона чакана нархини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисида» ги 1033-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида аҳолига суюлтирилган газ сотиш ва етказиб беришда ўғрилик ва суистеъмолликнинг олдини олиш мақсад қилинди. 

Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 1 августдан бошлаб суюлтирилган газни  қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, ягона чакана нархда сотилишини белгилаб қўйди. Унга кўра, Республиканинг барча вилоятларида 1 кг суюлтирилган газ нархи 800 сўм этиб белгиланди. Газни ўз вақтида етказиш тумандаги газ идораларига топширилди. Кун.узга мазкур масала билан боғлиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш учун Фарғона вилоятига бордик.

Мурожаатчимиз Абдулазиз Абдусатторов билан суҳбатлашдик. Абдулазиз оиласи билан Марғилон шаҳар, Ёймадўз маҳалласи Лаҳутий кўчасида яшайди. Айтишича, кўпдан бери бу ҳудудларда табиий газ мавжуд эмас. Аҳолига суюлтирилган газ вақти-вақти билан Марғилонгаз ташкилоти томонидан етказиб бериб турилади. Бироқ, сўнгги вақтда уни етказиб бериш бироз кечикмоқда. Овқат қилиш, сув қайнатиш ва шу каби кундалик заруриятларни суюлтирилган газсиз амалга ошириш қийинлашмоқда дейди мурожаатчи.

Муаммони тўлиқ ўрганиш мақсадида шу ҳудудда яшовчи фуқаролар билан ҳам боғландик. Улар мурожаатчининг сўзларини тасдиқлашди. Баъзиларининг уйига кириб вазиятни ўз кўзимиз билан кўрдик. Вазият ростан ҳам ачинарли. Газ баллонсиз инсонлар электр плиталарда овқат қилмоқда, сув қайнатишмоқда. Марғилонгаз бизга газ баллонларни ўз вақтида тўлдириб бериши керак, жуда ҳам қийналмоқдамиз деб муаммоларини айтди фуқаролардан бир нечтаси.

Изоҳ олиш учун Марғилонгаз ташкилотига бордик. У ерда ташкилотнинг вақтинча бошлиқ вазифасини бажарувчи Муҳаммад Азиззода Мирзо Улуғбек кутиб олди. Улар бизга бўлаётган вазиятни батафсил тушунтириб берди. Ёймадўз маҳалласига 12 июндан бери газ берилгани йўқ. Маҳаллада 1192 та хонадон мавжуд. Кўп хонадонда 2-3 тадан оила яшайди. Аҳоли жуда зич. Ҳар сафар камида 1500 та газ баллон йиғилади. Шунга қарамай, уларга лимитдан ортиқ газ берилади. Аввалига газ баллонлар йиғиб олинади. Кейин ходимлар томонидан газ тўлдирилиб уларга қайтарилади. Ҳар биридан газ баллонларини қайтариб олганлиги ҳақида имзо олинади. 

Ҳайитнинг эртаси кунидан рўйхат шакллантирилиб суюлтирилган газ тарқатиш бошланди. Шаҳар бўйича 20581 та хонадонга суюлтирилган газ тарқатилади. Ишчиларимиз газни навбат билан беришмоқда. Август ойига 228 тонна суюлтирилган газ ажратилган. Керак вақти аҳолига ортиқча захираси билан ҳам берилмоқда деб айтди Марғилонгазнинг вақтинча бошлиғи.

Шундан сўнг суюлтирилган газ тарқатилаётган жойларни кўздан кечирдик. Тарқатувчи масъул шахслар навбат Ёймадўз маҳалласига ҳам келганини айтишди. Фуқаролар билан боғланганимизда ростан ҳам газ баллонлар йиғиштириб олинганини таъкидлашди. Одатда олинган баллонлар гази билан икки-уч соатлар атрофида қайта фуқароларнинг ўзига тарқатиб чиқилар экан. Бу сафар юқорида айтилган сабабларга кўра озгина муддат чўзилган.

Кўпчиликка маълум 2017 йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистонни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегия бўйича жамиятни ривожлантиришда давлат амалга ошириши керак бўлган ички ва ташқи муҳим масалалар белгилаб олинди. Уларнинг ичида энг муҳимларидан бири сифатида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишини айтишимиз мумкин. Ижтимоий соҳа деганда инсон омили, яъни унинг фаровон яшаши биринчи ўринда туради. Давлат халққа хизмат қилиши, унинг дард-у ташвишлари билан яшаши зарур деб қаралади. Буни давлат раҳбари ҳам бир неча бор мутасадди ташкилотлар билан бўлган учрашувларда ҳам таъкидламоқда. Умид қиламизки, нафақат Марғилонгаз балки юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам фаолият юритаётган ва халққа суюлтирилган газни тарқатаётган газ идоралари ҳам бу сиёсатни англаб етади. Халқни рози қилишни барчасидан устун қўяди ва уларга ўз вақтида сифатли хизмат қилишда давом этади.

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид