Жамият | 00:04 / 14.10.2018
105029
3 дақиқада ўқилади

ОТМ тўлов-контракт нархлари кейинги семестрдан оширилади

13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ни Фармони эълон қилинди. Унга асосан, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилди ва республика ҳудудида энг кам ойлик иш ҳақи 202,730 сўм этиб белгиланди.

Энг кам ойлик маош миқдорининг оширилиши билан эндиликда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт нархлари ҳам кўтарилади.

Бунинг сабаби, Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сонли баёнига иловада тўлов-контракт нархлари энг кам ойлик иш ҳақига боғланган бўлиши белгилаб қўйилган эди. Яъни ҳар сафар ЭКОИҲ ошганида ОТМ талабаси бўлиш баҳоси ҳам юқорилаб бораверади. Бунда икки муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, контракт нархидаги бу ўзгариш «суперконтракт» асосида биринчи босқичга қабул қилинган талабаларга дахлдор эмас.

Шу йилнинг март ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи билан «Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Янги таҳрирдаги ҳужжатнинг 18-бандига асосан, иш ҳақи ва стипендиялар миқдорларининг, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматларининг нархлари ва тарифлари ўзгариши муносабати билан оддий контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин, аммо оширилган («супер») тўлов-контракт миқдори бундан мустасно.

Иккинчидан эса, ўқув йили давомида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўзгарганда контракт қиймати навбатдаги семестр бошидан оширилади. Яъни, ЭКОИҲ миқдори 1 ноябрдан бошлаб оширилса ҳам, контракт нархи баҳорги семестрдан (март ойидан) кўтарилади.

Биринчи ярим йиллик учун тўланган контрактга қўшимча тўлов қилиш шарт эмас. Аммо олдиндан бир йиллик тўловни амалга ошириб қўйган талабалар баҳорда контракт ошиши сабаб юзага келган фарқни тўлашлари керак бўлади.

Маълумот учун, ҳозирда бакалавриат таълими учун ЭКОИҲнинг 45-60 баравари, магистратура учун 49-66 бараварида тўлов белгиланган. Янги нархларга асосан, энг арзон контракт бакалавриатда 9 млн 122 минг 850 сўм, магистратурада 9 млн 933 минг 770 сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада шу йил биринчи босқичга қабул қилинган талабалар учун тўлов-контракт миқдорининг биринчи ярмини тўлаш муддати 31 октябрга қадар, иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун 15 ноябргача узайтирилган эди.

Мавзуга оид