Жаҳон | 23:47 / 14.11.2018
5219
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда лотин ёзувида илк умумреспублика диктанти ўтказилди 

Фото: Anadolu Agency

Қозоғистонда маданият ва спорт вазирлиги ташаббуси билан лотин ёзувига асосланган қозоқ тилида илк умумреспублика диктанти ўтказилди. 

“Маънавий модернизация” деган мавзудаги диктант Қозоғистоннинг барча шаҳарларида ўтказилган ва унда 1,5 млн киши иштирок этган.    

Диктант бир вақтда кутубхоналар ва таълим муассасаларининг бунинг учун махсус ажратилган аудиторияларида ўтказилган.

Диктант матни 80 та сўздан иборат бўлган, унинг давомийлиги эса 30 дақиқани ташкил қилган. Диктант матни радио орқали узатиб турилган, шу сабабли махсус аудиторияларга кела олмаганлар ҳам диктант ёзиш имконига эга бўлганлар.

Шунингдек, диктантни Қозоғистондаги таниқли ёзувчилар, спортчилар ва арбоблар билан бир қаторда маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамадиўғли ҳам ёзган.

“Қозоқлар ўз тарихи давомида араб, лотин алифбоси, кириллчадан фойдаланганлар. Ўшанда биз учун қарорни бошқалар қабул қилган. Мустақилликка эришилгандан кейин қозоқ халқи ўз истаги билан лотин ёзувига ўтмоқда”, деб айтган вазир.

Унинг айтишича, вазирлик аҳоли янги алифбога тезроқ кўникиши учун бундай тадбирларни ташкил этишни давом эттиради.

Қозоғистон лотин алифбосига 2025 йилгача тўлиқ ўтади.

Мавзуга оид