ЕЧЛда плей-оффнинг 12 иштирокчиси маълум. Яна кимда қандай имконият?
Чемпионлар Лигасида навбатдаги тур якунланди, мухлислар бу сафар ҳам бир қатор қизиқарли учрашувлар, чиройли голлар ва муҳими, сўнгги тур олдидан юзага келиши мумкин бўлган турли сценарийларга эга бўлишди.
5 турдан кейин 12 жамоа расман кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Охирги турда яна 4 йўлланма эгалари аниқ бўлади, бу йўлланмаларга 7 даъвогар клуб қолган - «Тоттенҳэм», «Интер», «ПСЖ», «Наполи», «Ливерпуль», «Лион» ва «Шахтёр». Қўйида жамоаларнинг имкониятлари ҳақида батафсил ўқишингиз мумкин.
А ГУРУҲИ
Бу гуруҳда плей-оффга чиққан жамоалар ҳам, Европа Лигасига йўлланма берувчи юпатувчи ўрин эгаси ҳам расман маълум. «Брюгге» баҳорда иккинчи даражали еврокубокда ўйнайди, «Монако»нинг халқаро майдондаги иштироки якунланди. Сўнгги тур аниқлик киритиши керак бўлган ягона масала – гуруҳдаги 1-ўрин кимга насиб этади?
Дортмундликлар «Брюгге»ни енга олмай, бу ўринни бой бериб қўйишди ва энди катта эҳтимол билан мадридликлар вазиятни қўлдан чиқармайди. Хуллас, сўнгги турда «Атлетико» ва «Боруссия» бир хил очко қўлга киритадиган бўлишса, турнир жадвали ўзгаришсиз қолади. Мабодо, немислар ютиб, «Атлетико» очко йўқотса, «Боруссия» 1-ўринга чиқиб олади. Сабаби, ўзаро ўйинлардаги устунлик айнан Дортмунд клуби тарафида.
6-тур. Брюгге – Атлетико, Монако - Боруссия
В ГУРУҲИ
«Тоттенҳэм»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси лондонликларни нафақат 2-ўринга олиб чиқди, шу билан бирга, ўзаро ўйинларда «Интер»дан устунликни таъминлади. Миландаги ўйин 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди - лондонликлар сафардаги гол устунлигига эга.
Аммо бу вазифанинг ярми. «Тоттенҳэм» ҳозирги ўрнини сақлаб қолиши учун «Камп Ноу»да ғалаба қозониши керак бўлади. Чунки, ўз майдонида «ПСВ»ни қабул қиладиган «Интер» уч очкони қўлга киритиши ҳақиқатга яқинроқ. Хўш, гуруҳда 1-ўринни муддатидан олдин нақд қилган «Барселона» сўнгги турда қандай мотивация билан тушади? В гуруҳидаги асосий савол шу ерда ва вазифани бажариб бўлган каталонияликлар ҳамон бу гуруҳда бош қаҳрамон образида қолмоқда.
6-тур. Барселона – Тоттенҳэм, Интер - ПСВ
С ГУРУҲИ
Қуръа пайтидаги умидлар оқланди, гўёки ЕЧЛ айнан шу ерда бор кескинлиги билан давом этмоқда. Ҳали бирор жамоа ҳам вазифани расман уддаламаган ягона гуруҳ.
Тасаввур қилинг, плей-офф жуфтлигида, «Наполи» биринчи ўйинни ўз майдонида 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлаган. Энди «Энфилд»да жавоб учрашуви бўлиб ўтади. Гуруҳдаги вазият ва сўнгги тур ўйини айнан мана шундай ҳолатда вужудга келтирди. «ПСЖ» барибир сўнгги турда Белградда ғалаба қозонишини тахмин қилсак, кейинги йўлланма учун баҳс «Ливерпуль» ва «Наполи» ўртасидаги ўзаро ўйинда кечади.
«Наполи» кеча 3:0 ҳисобида ғалаба қозонаётган пайтда, «Црвена Звезда» ярим ҳимоячиси Ал Фарду фарқни қисқартирди. Гўёки, ҳеч нарсани ҳал қилмагандек кўринган бу гол, аслида «Ливерпуль» томонидан «Наполи» дарвозасига урилган гол деб ҳисобласак ҳам бўлади. Чунки, агар ҳисоб 3:0 қолганида, тўплар нисбати бўйича ҳам «Наполи» устунроқ бўлар ва «Ливерпуль»ни фақат 2 гол фарқи билан ғалаба қониқтирарди. Худди шу шаклда, Милнернинг «ПСЖ» дарвозасига урган голи ҳам, гўёки, «Наполи» дарвозасига урилгандек эди.
Хуллас, вазият шундайки, энди «Ливерпуль» кейинги босқичга чиқиши учун 1:0 ҳисобида ёки 2 ва ундан кўп гол фарқи билан ғалаба қозониши шарт. Дуранг ёки 2:1, 3:2 кўринишидаги ғалабалар мезбонларга етарли бўлмайди, чунки бу ҳолда сафарда гол ура олгани учун ўзаро ўйинлардаги устунлик «Наполи» тарафига ўтади.
Қизиғи, «Ливерпуль» ғалаба қозониб, гуруҳда 1-ўринни олиши ҳам ёки мағлубиятга учраб, энг охирги ўринга тушиб қолиши ҳам мумкин экан.
6-тур. Ливерпуль – Наполи, Црвена Звезда - ПСЖ
D ГУРУҲИ
Гуруҳда 1-ўрин соҳиби ҳам, иккинчи йўлланма эгаси ҳам расман маълум. Сўнгги турда фақат Европа Лигасига ўтиш имкониятини берувчи 3-ўрин учун сиртқи кураш кечиши мумкин холос. «Локомотив» турклар устидан ғалаба қозониб, бу ўрин учун курашни қизитиб юборди.
«Локомотив» 3-ўринни қўлга киритиши учун аввало, «Шальке» майдонида ғалаба қозониши шарт. Дуранг қониқтирмайди, чунки ўзаро ўйинда «Галатасарой»да устунлик бор. Шу билан бирга, «Галатасарай» ҳам «Порту»ни ютмаслиги лозим бўлади.
6-тур. Шальке – Локомотив, Галатасарай - Порту
Е ГУРУҲИ
Бу гуруҳда ҳам плей-офф йўлланмасини қўлга киритган иккала жамоа ҳам аниқ. «Бенфика» баҳорда Европа Лигасида курашни давом эттиради.
Гуруҳдаги 1-ўрин масаласи эса, Амстердамдаги ўйинда ҳал бўлади. Ҳозирча, «Аякс» «Бавария»дан 2 очко ортда бормоқда. Гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиш учун нидерландияликлар ғалаба қозонишлари лозим.
Дарвоқе, агар АЕК Португалияда очко қўлга кирита олмаса, бу мавсумдаги гуруҳ босқичини очкосиз тарк этган ягона жамоага айланади.
6-тур. Аякс – Бавария, Бенфика - АЕК
F ГУРУҲИ
Сўнгги турнинг энг марказий учрашувларидан бири Харьковда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Серхио Агуэронинг голи «Лион»ни йўлланмани тақдим этувчи уч очкодан айрилди. Германиядаги ўйиннинг сўнгги сонияларида украиналиклар томонидан урилган гол эса, меҳмонларга ғалаба ва кейинги босқичга чиқиш имкониятини тақдим этди.
Энди «Шахтёр» ва «Лион» ўзаро ўйинда иккинчи йўлланма масаласини ҳал қилишади. Украиналиклар кейинги босқичга чиқишлари учун фақат ғалаба қозонишлари керак бўлади. Бошқа ҳар қандай натижа французларни йўлланма эгасига айлантиради.
«Манчестер Сити» ҳам бекорга майдонга тушмайди. Гвардиола шогирдлари ҳали 1-ўрин масаласини ҳал қилишгани йўқ. Жамоа «Лион»дан уч очкога олдинда бўлса-да, ўзаро ўйинларда устунлик французлар тарафида, демак, манчестерликлар гуруҳда 1-ўринни нақд қилиш учун сўнгги турда ҳеч бўлмаса 1 очко олиши керак.
Ўша куни «Сити»га рақиб бўладиган «Ҳоффенҳайм»да ҳам Европа Лигасига ўтиш учун кичиккина имконият бор. Бунинг учун немислар Манчестерда ғалаба қозонишлари, шунингдек, «Лион» «Шахтёр»ни очкосиз қолдириши керак бўлади.
6-тур. Манчестер Сити – Ҳоффенҳайм, Шахтёр - Лион
G ГУРУҲИ
Ўз майдонида қаторасига икки ўйинни ютқазган ЦСКА нафақат ЕЧЛ плей-офф умидидан мосуво бўлди, шунингдек, гуруҳда сўнгги ўринга тушиб ҳам қолди. Энди Европа Лигасига ўтиш ҳам армиячилар учун осон бўлмайди.
Юқорида ҳаммаси аниқ, «Реал» биринчи, «Рома» эса, иккинчи ўринни олиб, нимчорак финал масаласини ҳал қилишди. Сўнгги турда «Виктория» «Рома»ни қабул қилса, ЦСКА Мадридда меҳмон бўлади. Бу учрашувларда гуруҳ аутсайдерларидан қайси бири кўпроқ очко олса, ўша жамоа Европа Лигасида қатнашади. Тенглик сақланиб қолганида, чехияликлар жадвлда юқорироқда жойлашади, чунки жамоа ЦСКА билан ўзаро ўйинларда устунликка эга.
6-тур. Реал – ЦСКА, Виктория – Рома
Н ГУРУҲИ
91-дақиқада Марвон Феллайни томонидан ижро этилган зарба гуруҳдаги барча масалаларни узил-кесил ҳал қилган голга айланди. Плей-офф иштирокчилари расман маълум – «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед». «Валенсия» эса Европа Лигаси билан кифояланадиган бўлди.
Сўнгги ўйинлар ойдинлик киритиши керак бўлган ягона масала – гуруҳ ғолиби қайси жамоа бўлади? Ҳозирча «Ювентус» 2 очколик фарқ билан олдинда бормоқда, аммо ўзаро ўйинларда инглизларда устунлик бор. Демак, ўз ўрнини сақлаб қолиш учун «Ювентус» ўзига етиб олишларига йўл қўймаслиги керак бўлади. Бунинг учун эса, Швейцариядаги ўйинда ҳам ғалаба қозониш талаб этилади. «Манчестер Юнайтед» эса, ниҳоят мавсумда биринчи маротаба ҳеч қандай босимларсиз, ўз завқи учун майдонга тушиши мумкин. Бундай ҳолатда Моуриньо жамоани қандай тайёрлайди, бу ҳам ўз ҳолича қизиқ. .
6-тур. Янг Бойз – Ювентус, Валенсия – Манчестер Юнайтед
Охирги тур ўйинлари 11-12 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
13:55 / 23.10.2024
«Реал»да яна камбэк, «ПСЖ» оғир вазиятда. Кун ўйинлари
23:12 / 30.09.2024
Абдуқодир Ҳусанов «ПСЖ» эътиборига тушди – инсайдер
12:28 / 19.09.2024