Спорт | 19:10 / 03.12.2018
5464
2 дақиқада ўқилади

УЕФА видеотакрорларни қачондан ЕЧЛга татбиқ қилиши ойдинлашди

ЕЧЛнинг ушбу мавсуми плей-офф босқичидан бошлаб ҳакамларга видеокўмак тизими – VAR қўллана бошлайди. Бугун УЕФА Ижроқўми мажлиси ушбу таклифни маъқуллади, деб хабар бермоқда Football Espana.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Чемпионлар лигасининг 4-туридаги «Манчестер Сити» - «Шахтёр» учрашувида бош ҳакам Виктор Кашшаи қўпол хатога йўл қўйган эди. Биринчи бўлимда мезбонлар ҳужумчиси Раҳим Стерлинг рақиб жарима майдонига кириб бориб, газонни тепиб юбориши натижасида мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушган, рефери ҳолатни қоидабузарлик деб баҳолаб, пенальти белгилаган эди. Учрашув якунда донецкликларнинг йирик мағлубияти билан (0:6) якун топган.

ЕЧЛда мавсумдаги энг адолатсиз пенальти белгиланди

Маълумот учун, VAR (Video Assistant Referee) технологияси илк марта 2016 йилда Шимолий Америка чемпионати MLS`да синов тариқасида қўлланган бўлиб, ўша йили Франция – Италия ўртоқлик учрашувида, шунингдек, йил охирида Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида тест қилиб кўрилган. 2017 йилда тизимдан Конфедерациялар кубогида ҳам фойдаланилди; дастлаб Австралия, сўнг Германия, Италия, Португалия, Испания ва Туркия чемпионатларига татбиқ этилди. Шу тариқа, синовдан муваффақиятли ўтган VAR 2018 йил 3 мартида футбол қоидаларига киритилди ва Россияда ўтган Жаҳон чемпионатига тўла жорий этилди.

Тизим тўртта вазиятда – гол, пенальти ва тўғридан-тўғри қизил карточкага тортадиган ҳолатни текшириш, шунингдек, сариқ ёки қизил карточка англашилмовчилик боис бошқа футболчига кўрсатилганида – ҳакамларга тўғри қарор чиқаришда ёрдам беради.

Бундан аввал ушбу замонавий технология кейинги мавсумдан бошлаб Англия ва Россия чемпионатларида, шунингдек, 2019 йил бошида БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубогида ҳам татбиқ этилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон футболида ҳам VAR`дан фойдаланиш бошланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Мавзуга оид