Осиё Кубоги. Кимда имконият қандай?
Бугун, 5 январь куни Бирлашган Араб Амирликларида қитъанинг энг нуфузли мусобақаси Осиё Кубоги-2019 турнири старт олади ва 2 февраль кунига қадар давом этади. «Трибуна» турнир арафасида унда иштирок этувчи жамоаларни ва уларнинг имкониятларини баҳолайди.
Мусобақада илк маротаба 24та терма жамоа қатнашади.
Тартибга кўра, 6та гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалардан ташқари, гуруҳларда учинчи ўрин соҳиблари бўлган терма жамоалардан энг яхши 4таси плей-оффга чиқади.
Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00да мезбонлар БАА терма жамоаси очилиш ўйинида Баҳрайнга қарши майдонга чиқади.
A гуруҳи
БАА
БАА терма жамоасининг халқаро майдондаги энг яхши натижаси узоқ 1990 йилда кузатилган. Ўшанда Амирликлар Италия майдонларида кечган мундиалда ГФР, Югославия ва Колумбия билан бир гуруҳдан жой олиб, охирги ўринни эгаллаганди.
1990 йилдан буён Осиё Кубогида иштирок этиб келаётган (фақат 2000 йили саралашдан ўта олмаган) БАА энг яхши натижаларини 1996 (2-ўрин) ва 2015 йилларда (3-ўрин) қайд этган.
Айни вақтда жамоани италиялик мутахассис Альберто Дзаккерони бошқармоқда. Асосий футболчилари ўзбекистонлик футбол мухлислари ва футболчилар учун яхши таниш бўлган Умар Абдулраҳмон, Аҳмад Ҳалил ва Али Мабҳутдир. Шунингдек, Осиё Кубоги учун якуний таркибда фахрий футболчи Исмоил Матар ва Амир Абдулраҳмон каби футболчилар ҳам ўрин олган.
БАА ўз гуруҳида Таиланд, Ҳиндистон ва Баҳрайн каби терма жамоаларни ортда қолдириши ва биринчи ўринни эгаллаши ҳақиқатга яқин. Бу ҳолда мезбонларни нимчорак финалда Сурия ёки Уммон кутади. Бу босқичдан ўтишса, Дзаккерони шогирдлари катта эҳтимол билан Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистонга рўбару бўлишади. Кўп эҳтимол билан мезбонлар чорак финалда турнирдаги иштирокини якунлайди.
Баҳрайн
Бу гуруҳда иккинчи ўринни катта эҳтимол билан чехиялик Мирослав Соукуп бошчилигидаги Баҳрайн терма жамоаси эгаллайди. Биринчи турда мезбонларга қарши ўйнайдиган баҳрайнликлар ўз мақсадларига эриша олишмаса, кейинги турларда Таиланд ва Ҳиндистонни мағлуб этиш орқали плей-офф масаласини ҳал қилишлари мумкин бўлади.
Таиланд
Ҳиндистон
Баҳрайн нимчорак финалдан узоқроққа бориши имконияти кам. Баҳрайнликлар гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқишса, бу босқичда Хитой билан ўйнаши мумкин.
В гуруҳи
Австралия
2006 йилдан халқаро майдонларда Осиё қитъаси вакили сифатида иштирок эта бошлаган «соккеруз» мунтазам равишда жаҳон чемпионатларига йўлланма олиб келмоқда. Осиё Кубогида эса австралияликлар 2007 йили гуруҳ босқичидаёқ қолиб кетишган, 2011 йили финалда японларга овертаймда ютқазишган, 2015 йили Австралияда ўтган турнирда эса мезбонлар корейслар устидан ғалаба қозонганди.
Бу сафарги турнирга Грэм Арнольд бошчилигида ташриф буюрган австралияликларга гуруҳда Сурия, Иордания ва Фаластин каби термалар жиддий қаршилик кўрсатиши кутилмаяпти. Шу билан биргаликда, ўтган йилда Тим Кэйхилл ва Миле Единак каби футболчилар фаолиятини якунлаши ортидан терма жамоада катта номлар қолмади.
Австралияликлар гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқишса, дастлаб Вьетнам билан ўйнаши, агар бу босқичдан ҳам ўтишса, чорак финалда уларга Япония-Қатар жуфтлиги дуч келиши мумкин. Япония ҳам ҳозирда авлодлар алмашинувини бошдан кечирмоқда ва бу ҳолатда ким ярим финалга ўтишини тахмин қилиш қийин. Ярим финалга чиққан жамоани плей-оффда кўп эҳтимол билан турнир ғолиблиги учун асосий фаворит бўлиб турган Эрон қарши олади.
Сурия
Гуруҳда иккинчи ўринни Сурия эгаллаши ҳақиқатга яқин. ЖЧ-2018 турнири йўлланмаси учун охиригача курашган сурияликлар биринчи ва иккинчи турларда Фаластин ва Иорданияни курашдан чиқариши ва муддатидан олдин йўлланма тақдирини ҳал қилиши мумкин. ЖЧ-2018 саралашида Ўзбекистоннинг гуруҳдоши бўлган Сурия бу сафар плей-оффда Ўзбекистон вакилларига дуч келиши мумкин бўлади. Бу қарама-қаршиликда ўзбекистонликларнинг имконияти юқорироқ.
Иордания
Фаластин
Иорданияда эса энг яхши учинчи ўрин вакили сифатида плей-оффда ўйнаш имкони бўлади. Бу вариантда улар нимчорак финалда Жанубий Кореяга қарши ўйнаши мумкин.
С гуруҳи
Жанубий Корея
Жанубий Корея термасининг халқаро майдондаги энг катта натижаси 2002 йили Осиёда, Япония ва Жанубий Корея мезбонлигида кечган мундиалдаги ярим финалдир.
Осиё Кубогида эса жанубий кореяликлар икки марта ғолиб бўлишган, аммо бу чемпионликлар 1956 ва 1960 йилларда қайд этилган. 1980, 1988 ва 2015 йилларда финалда ўйнаган кореяликлар кумуш медаллар билан кифояланишган. Бундан ташқари, 1964, 2000, 2008 ва 2011 йилларда учинчи ўрин эгалланган.
Россия мундиалидаги омадсиз иштирокдан кейин истеъфога чиқарилган Син Тхе Ён ўрнини португалиялик собиқ футболчи Паулу Бенту эгаллади. Айни вақтда терма жамоа етакчиси «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Сон Ҳёнг Мин ҳисобланади. Турнир арафасида «Тоттенҳэм»нинг 6 ўйинида 12та голда қатнашган (7 гол ва 5та ассистентлик) ҳужумчи терма жамоаси билан бу сафар ҳам финалга чиқмоқчи. Терма жамоада ундан ташқари, Чон Син Хён, Хван Ин Бём ва Хван Ийджо каби етакчилар ҳам бор.
«Тэджу жангчилари» гуруҳда биринчи ўринни эгаллашса, нимчорак финалда кўп эҳтимол билан Иордания билан ўйнайди. Кореяликлар ярим финалгача етиб борса, Ўзбекистон билан тўқнашиши ҳам мумкин.
Хитой
Бу гуруҳда яна бир гранд жамоа бор. Хитой футболи ривожлангандан ривожланмоқда. Хитойликлар ўз тарихида фақат бир марта, 2002 йили жаҳон чемпионатида қатнашган. Осиё Кубогида эса кўпинча муваффақиятли иштирок этган. 1976 йили Эрон мезбонлигида кечган турнирда хитойликлар ярим финалгача борган ва учинчи ўрин учун баҳсда Ироқдан устун келган. 1984 йилда финалга чиққан хитойликлар Саудия Арабистонига ютқазган. Кейин эса 1 марта учинчи (1992) ва 2 марта тўртинчи ўринни (1988, 2000) эгаллашган. 2000 йили Хитойда бўлиб ўтган турнирда мезбонлар Японияга ютқазиб, иккинчи ўрин билан кифояланган.
Айни вақтда терма жамоани италиялик мутахассис Марчелло Липпи бошқармоқда. Терма жамоанинг асосий етакчилари Гао Линь ҳисобланади. Хитой Жанубий Кореядан кейин иккинчи ўринни олиши ҳақиқатга яқин.
Филиппин
Қирғизистон
Свен-Йоран Эрикссон бошчилигидаги Филиппин ва Осиё Кубогида дебют қиладиган Қирғизистон «аждарлар»га қаршилик қилиши қийин.
D гуруҳи
Эрон
Эрон Осиё Кубогида ғолиб бўлиш бўйича фақат Япониядан (4) ортда қолади ва Саудия Арабистони билан бир хил натижа қайд этган - 3 марта (1968, 1972, 1976). Бундан ташқари, эронликлар 5 марта ярим финалга чиққан ва шундан 4 мартасида (1980, 1988, 1996, 2004) учинчи ўрин учун баҳсда ғалаба қозонган, фақат бир сафар (1984) учинчи ўрин учун баҳсда Кувейтга ютқазган.
2011 йилдан буён эронликлар жамоасини бошқариб келаётган португалиялик Карлуш Кейруш ўтган вақт ичида терма жамоани икки марта мундиалга олиб чиқди ва икки сафар ҳам кучли гуруҳдан ўрин олган эронликлар муносиб иштирок этишди.
Сердар Азмун, Алиризо Жаҳонбахш, Карим Ансарифард каби етакчилар билан турнирга келган эронликлар биринчи турни кейинги йилларда кучайган Вьетнамга қарши ўтказади. Бундан ташқари, Яман ва Ироқ билан ҳам ўйнайдиган Эрон кўп эҳтимол билан гуруҳдан биринчи ўринни эгаллаган ҳолда чиқади. Бу ҳолда уларнинг плей-оффдаги дастлабки рақиби КХДР бўлиши мумкин. Эронликлар нимчорак финалдан осонлик билан ўтиб, чорак финалда Хитойга рўбару бўлиши, ундан кейин Австралия билан ўйнаши мумкин. Агар жамоа барқарор ўйин намойиш этишда давом этса, шарқдаги грандларда авлодлар алмашинуви жараёни кечаётганидан фойдаланиб, Осиё Кубоги чемпионлигига эришиши ҳеч гап эмас.
Вьетнам
Ироқ
Бу гуруҳда Ироқ ва Вьетнам иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ҳолда плей-оффда қатнашиши мумкин.
Яман
Яман учун эса бу сафарги турнир ҳам ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.
Е гуруҳи
Саудия Арабистони
Саудия Арабистони 1984, 1988 ва 1996 йилларда Осиё Кубогида тенгсиз деб топилган. Саудияликлар финалда энг кўп марта майдонга тушган терма жамоа ҳисобланади - 6 марта (1992, 2000 ва 2007 йилларда кумуш медаллар билан кифояланилган). Бу борада фақат Жанубий Корея (5 марта финал) энг яқин натижа қайд этган.
Чилидаги муваффақиятсиз натижалардан кейин (2016-17) Хуан Антонио Пицци Осиёга йўл олди ва унга Саудия Арабистони терма жамоаси бошқаруви ишониб топширилди. Кейинги йилларда авлодлар алмашинувини бошдан кечирган саудияликлар яна қайтмоқда. Салмон ал-Фараж, Носир ал-Шамроний, Фаҳад ал-Муваллад, Ёсир ал-Шаҳроний, Салим ал-Доссари каби етакчилари билан турнирга келган саудияликларда гуруҳдан чиқишда муаммо йўқ. Ҳозирда Қатар ҳам, КХДР ҳам, Ливан ҳам саудияликлар даражасида эмас. Гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқишса, Пицци шогирдлари нимчорак финалда Ироқни енгиб, чорак финалга чиқиши, бу босқичда турнирнинг асосий фаворитларидан бири бўлмиш Жанубий Кореяга тўқнаш келиши мумкин.
Қатар
КХДР
Гуруҳнинг бошқа иштирокчилари Қатар ва КХДРда ҳам иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ҳолда плей-оффда иштирок этиш имконияти мавжуд. Аммо нимчорак финалдан уёғига ўтиш имкониятлари жуда паст.
Ливан
Ливаннинг БААдаги саргузаштлари узоқ давом этмайди.
F гуруҳи
Япония
Япония турнирда энг кўп марта ғолиб бўлган терма жамоадир. 1984, 1988, 1996 ва 2011 йилларда японларга тенг келадиган жамоа топилмаган. Кунчиқар юрт вакиллари 2007 йилда ҳам ярим финалга чиққан, лекин Саудияга ютқазган, учинчи ўрин учун баҳсда эса Жанубий Кореядан мағлуб бўлганди. Ўша йили турнирда кутилмаганда Ироқ терма жамоаси ғалаба қозонган.
Япониялик футболчилар доимо Европа чемпионатларида тўп суриб келишган. Ўтган асрнинг 90-йилларида Хидэтоси Наката Япония номини Европага танитган бўлса, кейинроқ Сунсуке Накамура, Синдзи Кагава, Эйдзи Кавасима ва Кейсуке Ҳонда каби футболчилар юлдузга айланишди. Бугунги кунда ҳам Синдзи Окадзаки («Лестер»), Юто Нагатомо («Галатасарой»), Макото Хасебе («Айнтрахт» Ф), Майя Йосида («Саутҳемптон»), Хироки Сакаи («Марсель»), Гаку Сибасаки («Хетафе»), Ритсу Доан («Гронинген»), Такаси Инуи («Бетис»), Юя Осако («Вердер»), Йосинори Муто («Ньюкасл»), Такуми Минамино («Ред Булл») каби футболчилар ҳам Европа яшил майдонларида муваффақият билан тўп суриб келишмоқда.
Ўзбекистон билан бир гуруҳдан ўрин олган японлар биринчи ўрин билан гуруҳдан чиқиши ва плей-оффда Қатарни мағлуб этиб, чорак финалга чиқиши мумкин. Чорак финалда эса самурайларга Австралия рақиб бўлиши мумкин бўлади.
Ўзбекистон
Ўзбекистон шу вақтга қадар бирор марта Жаҳон чемпионатига йўлланма ололмади. Осиё Кубогидаги энг яхши натижа эса 2011 йили Қатар майдонларида ўтган турнирда қайд этилган. Ўшанда Вадим Абрамов бошқарувида бўлган терма жамоа ярим финалгача етиб борганди.
2018 йил Ўзбекистон терма жамоасида туб бурилиш даври бўлди. Ўтган йил ёзида терма жамоага узоқ кутилган хорижлик машҳур мутахассис таклиф этилди. Аргентиналик тажрибали мураббий Эктор Купер ўтган ойлар давомида 3та йиғин ўтказди (2 марта Тошкентда ва 1 марта Австралияда), бу йиғинлар доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.
Сентябрь ойи бошида Тошкентда Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтди. Сурия билан ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди, Эрондан мағлуб бўлинди - 0:1.
Иккинчи йиғин ҳам 6-17 октябрь кунларида Тошкентда ўтказилди. Бу йиғин доирасида Қатар ва Шимолий Корея терма жамоаларига қарши ўйинлар ўтказилиб, Купер жамоаси икки ўйинда ҳам бир хил ҳисобда - 2:0 ҳисобларида ғалаба қозонди.
Учинчи йиғин эса 11-22 ноябрь кунлари Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтказилди. Бу йиғин доирасида дастлаб Ливан терма жамоаси билан ўйнаган ўзбекистонликлар нурсиз дурангга имзо чекишди (0:0), Жанубий Корея термасига қарши ўйин эса йирик мағлубият билан якунланди - 0:4.
Купер шогирдлари турнирдаги илк ўйинни 9 январь куни Уммонга қарши ўтказади, 13 январь куни Туркманистонга қарши баҳс бўлиб ўтади. Японияга қарши 17 январь кунига белгиланган ўйин эса гуруҳ ғолиби ким бўлишини аниқлаб бериши кутилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларининг тақвими:
9 январь, Шаржа, соат 18:30, Ўзбекистон – Уммон
13 январь, Дубай, соат 21:00, Туркманистон – Ўзбекистон
17 январь, Ал-Айн, 18:30, Япония – Ўзбекистон
Осиё Кубоги ўйинлари Абу Даби, Дубай, Ал-Айн ва Шаржа шаҳарларида ўтказилади.
Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Одил Аҳмедов. У Осиё Кубоги-2011 қаҳрамонларидан бири бўлганди. Энди яна бир бор терма жамоа билан муваффақиятни такрорлаш ва уни яхшилашга уриниб кўради.
Эктор Купер йиғинлар ва ўртоқлик учрашувлари вақтида тактик схемани ўзгартирмади ва 4-4-2 бўйича ўйнашда давом этди. Лекин у терма жамоага кўплаб янги номларни таклиф қилди - Азизбек Турғунбоев, Одил Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов. Шунингдек, Нестеров, Шораҳмедов, Зотеев, Алибоев, Бикмаев, Нагаев (у охирги паллаларда жароҳат олиб, таркибдан тушиб қолди) ва Мусаев каби футболчилар таркибга қайтарилди. Мураббий ўз ўйин услубини Ўзбекистонда қўллашда давом этмоқда - ўйинда иккинчи рақам остида ҳаракат қилиш ва қанотлар орқали қарши ҳужумлар уюштириш.
Янги футболчиларни таркибга жалб этиш баробарида Купер Виталий Денисовни турнирга олиб кетмади. Унинг чап қанотдаги ўрнини «Локомотив» футболчиси Олег Зотеев ёки «Пахтакор» аъзоси Фаррух Сайфиев тўлдиради. Ҳимоя марказида Ислом Тўхтахўжаев, Анзур Исмоилов, Даврон Турсунов ва Игор Кримец каби футболчилар бор, Даврон Ҳошимов ёки Акмал Шораҳмедов ўнг қанот учун масъул бўлади.
Одил Аҳмедовнинг позицияси қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин. Купер ундан Мисрда Абдулла Саид билан бўлгани каби «алдамчи ўнлик» сифатида фойдаланиши ҳам, кўпроқ таянч яримҳимоясига қўйиши ҳам мумкин. Агар таянч яримҳимояси учун Фозил Мусаев асосий жавобгар бўлса, унда Аҳмедов олдинроққа, Жавоҳир Сиддиқовга яқинроқ жойлашиб, ёш футболчини қўллаш билан банд бўлади.
Қанотларни Достонбек Ҳамдамов ва Сардор Рашидов эгаллайди, ҳужум марказидан эса Элдор Шомуродов жой олади. Бу позициялар учун захира вариантлари Жалолиддин Машарипов (чап қанот вингери), Азизбек Турғунбоев (ўнг қанот вингери) ва Марат Бикмаев (марказий ҳужумчи) ҳисобланишади. Декабрь ойида Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби сафига бориб қўшилган Икромжон Алибоев эса Эктор Купернинг «сирли тойчоғи»га айланиши мумкин. Ушбу футболчи вазиятни ўз қўлига олабилиши ва натижа келтира олиши билан ажралиб туради. Мураббий ушбу ҳужумкор ҳавбекни исталган вақтда захирадан ўйинга тушириб, ўйин йўналишига таъсир кўрсата олади.
Эктор Купер тажрибали мутахассис. Терма жамоа учун гуруҳда биринчи эмас, иккинчи ўринни эгаллаш манфаатлироқ. Агар биринчи ўрин билан чиқилса, плей-оффда ва кейинги босқичларда Австралия, Эрон, Хитой каби грандларга дуч келиниши мумкин. Агар иккинчи ўрин билан чиқилса, ярим финалга қадар Жанубий Корея билан тўқнаш келинмайди.
Уммон
Гуруҳдан Уммон терма жамоаси ҳам учинчи ўринни эгаллаган ҳолда чиқиши мумкин. Осиё Кубогида иштирок этиш бўйича энг тажрибали мутахассислардан бири бўлмиш Пим Вербек шогирдлари дастлаб Ўзбекистон билан ўйнайди, кейин Японияга қарши майдонга тушади, гуруҳ босқичини турнирга сенсация кўтариб йўл олган туркманларга қарши ўйин билан якунлайди. Улар нимчорак финалда кўп эҳтимол билан БААга қарши ўйнайди ва турнирни тарк этади.
Туркманистон
Туркманистоннинг дебюти гуруҳ босқичидан нариёғига ўтмайди. Туркманлар биринчи турда Япониядан очко олиши имконияти деярли нолга тенг. Агар иккинчи турда Ўзбекистон ҳам ўз қўшнисига очко бермаса, дебютантлар муддатидан аввал турнирни тарк этиб бўлади.
Турнир арафасида weglobalfootball.com сайти терма жамоаларнинг Осиё Кубогидаги имкониятларини тахмин қилди. Прогнозга кўра, Австралия, Жанубий Корея, Эрон ва Япониянинг имкониятлари юқори баҳоланган. Ўзбекистон терма жамоаси эса нимчорак финалга муносиб кўрилган.
Туркманистон терма жамоаси турнирнинг энг ёмон натижасини қайд этадиган терма жамоа сифатида (24-ўрин) тахмин қилинган.
Мавзуга оид
10:17 / 17.04.2024
Ўзбекистон U-23 жамоасининг Осиё Кубоги учун якуний таркиби эълон қилинди — Файзуллаев ва Ҳусанов бор
19:15 / 11.02.2024
Йиғлаган қизалоқ, финалга келган Инфантино — Қатар Иорданияни мағлуб этган баҳсдан фотожамланма
09:44 / 26.01.2024
Осиё Кубоги гуруҳ босқичи якунлари. Қандай сюрпризлар бор?
18:34 / 23.01.2024