Нима учун тинглашни билмайсиз?
Суҳбатдошни тинглаш у талаффуз этаётган сўзларга қулоқ солишнинг ўзигина эмас. Акс ҳолда, суҳбат моҳиятини қўлдан бой берасиз. Етакчи учун атрофдагиларни тинглай билиш айниқса муҳим – ана шунда у эътиборли ва тушунадиган одам сифатида таассурот уйғота олади.
Бироқ яхши тингловчи бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди ва бунинг олти сабаби мавжуд.
Сиз ўзингиз гапиришни истайсиз
Кўпчилик ёқимли таассурот уйғотишни хоҳлайди ва бунга эришиш усулларидан бири – ўз билимлари билан ўртоқлашиш. Бирон нимани ҳикоя қилиш истаги суҳбатдошни тинглашда халақит қилиши мумкин. Чунки суҳбатдошингиз гапираётган вақтда унга қандай жавоб қайтариш ҳақида ўйлайсиз.
Ҳақиқатан ҳам тинглаётган бўлсангиз, саволларга жавобни олдиндан эмас, дарҳол ўйлаб топишингиз мумкин.
Суҳбатдошингизга баҳо берасиз
Нима бўлганда ҳам биз атрофдагиларнинг ҳаракат ҳамда сўзларини муҳокама қиламиз. Суҳбатдошимизнинг сўзларидан норози бўлганимизда уни тингламай қўямиз. «Аҳмоқ одамга нима учун қулоқ солишим керак?» дея ўйлайсиз ўзингиз билмаган ҳолда.
Бу нотўғри ёндашув. Яхшиси суҳбатдошнинг ўй ва ҳаракатларини яхшилаб ўйлаб, кейин баҳолаган маъқул. Дастлаб кишига қулоқ солинг, кейин у ҳақида хулосага келинг. Ахир бирор нимани кўздан қочирган бўлишингиз мумкин-ку.
Фикрларингиз сизга халақит қилади
Масалан, суҳбатдошингизнинг ўзи гапираётган мавзуси борасида тажрибаси йўқлигини билсангиз, унга қулоқ солгингиз келмайди. Бу каби нотўғри фикрлардан халос бўлинг ва суҳбат бериши мумкин бўлган ижобий натижаларга диққатингизни қаратинг.
Барига эго сабабчи
Улкан эго – кўплаб етакчиларнинг муаммоси. У сизга худди «Мен ақлли бўлсам, бу одамни тинглашим керакмикин?» деяётганга ўхшайди. У сизга ақл ва ижтимоий мавқеи жиҳатидан сиздан паст бўлган кишиларни тинглашга халақит қилади.
Бир неча ишни бир вақтда бажаришга ҳаракат қиласиз
Миямиз бир вақтда бир неча маълумот манбаларини қабул қила олмайди, шунинг учун кўп вазифалилик тинглаш қобилиятингизни «ўчириб қўяди». Агар бирор кишининг сўзларига қулоқ солмоқчи бўлсангиз, барча ишларни четга суриб, диққатингизни бир ерга жамланг.
Одамлардан яширинасиз
Бирор кишининг фикрига қарши бўлган вақтимизда бизга етказилаётган маълумотларга диққатни жамлаш мушкул. Чунки фақат салбий нарсалар ҳақида ўйлаймиз. Шунинг учун ўша одамга қулоқ солмайсиз, у айтаётган нарсалар сизга маълумдек туюлади.
«Мен у билан суҳбатлашганман, у доим шунақа фикрда бўлган» дея ўйлайсиз. Бироқ суҳбатдошингиз мулоқот мавзусига нисабатан ўз муносабатини ўзгартириши мумкин. Бироқ сиз буни била олмайсиз, чунки тинглашни рад этдингиз.
Рағбат топинг
Тинглашингизга таъсир қилувчи ана шу омилларни аниқлашингиз биланоқ улар билан ишлашни ўрганасиз. «Ақл бовар қилмас натижалар учун иштиёқ уйғотадиган етакчилик кўникмалари» китобининг муаллифи Фред Халстед қуйидагиларни маслаҳат сифатида беради:
«Суҳбатдошингизни нима учун тинглашингиз кераклигини аниқланг. Мен учун муҳим сабаблардан бири барча одамларни ҳурмат қилишни исташимда – улар айтаётган гапларни тинглаганингизда ҳурмат кўрсатаётган бўласиз».
Яхши тингловчига айланиш учун бир неча сабаблар қуйидагилар: ана шу йўл билан суҳбатдошингизнинг миннатдорлигига сазовор бўласиз, бирор янги нарсани ўрганасиз, диққатни жамлаш кўникмасини яхшилайсиз ва ишонч қозонасиз.
«Тинглаш мушкул, бу кўникмани ўзлаштириш учун ҳақиқатан ҳам унинг устида иш олиб боришни исташингиз лозим, - дея ҳисоблайди Халстед. – Бироқ қанча кўп машқ қилсангиз, шунча осон бўлади. Бирор кишини тинглаётганингизда сиз у кишига нисбатан ҳурмат кўрсатасиз – одамлар буни сезишади ва қадрлашади. Кейин эса сизга ҳам айнан шундай жавоб қайтаришади. Шу йўл билан муносабатлар учун замин тайёрлайсиз, ҳатто бу муносабатлар қисқа муддатли бўлса ҳам».
Мавзуга оид
09:43 / 23.04.2024
Хорижга кетган ёшларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда
14:31 / 04.12.2020
«Собиқ иттифоқ тиббиёти асосида юқори натижага эришиб бўлмайди» — Кувайтдаги шифокор билан суҳбат
17:55 / 12.07.2019
Ҳамкасб билан бўлган ёқимсиз суҳбатдан кейин нима қилиш керак?
17:15 / 23.05.2019