Ўзбекистон | 20:09 / 27.02.2019
8287
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги самарали шериклик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Кейинги йиллардаги изчил алоқалар ва конструктив мулоқот икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги истиқболли дастурлар билан бойитишга хизмат қилгани қайд этилди. Ўзаро ҳамкорлик самарадорлиги ва ушбу нуфузли халқаро молия институти инвестициялари ҳажми салмоқли даражада ошди. 

Бугунги кунда ҳамкорлик портфелини банкнинг 4,5 миллиард долларлик имтиёзли молиявий ресурсларини жалб этган ҳолда амалга оширилган ва амалга оширилаётган 40га яқин лойиҳа ташкил этади. Улар рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, энергетика, транспорт, шаҳар ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, илғор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалигини интенсив ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби кўплаб муҳим соҳа ва йўналишларни қамраб олган.

2020 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли Шериклик дастури доирасида ўтган йили банкнинг Директорлар кенгаши томонидан қиймати 1,4 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳалар маъқулланди.

Бундан ташқари, Жаҳон банкининг етакчи экспертлари солиқ тизими ва фуқаролик авиацияси тармоғини ислоҳ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки гуруҳи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Банк-молия соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналари ва агросаноат комплексини ислоҳ этиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга давлат-хусусий шериклик механизмини жорий этиш ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Иқтисодий кенгаш доирасида узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер давлатимиз раҳбарига самимий қабул ҳамда Ўзбекистонда банк лойиҳаларини амалга оширишга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

У Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлари халқаро фонд бозорларида муваффақиятли жойлаштирилгани, суверен рейтинглар олингани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинги ошгани янги босқичда амалга оширилаётган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотларнинг дунёдаги эътирофи эканини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон банки Ўзбекистон ва бутун минтақанинг барқарор тараққиётига кўмаклашиш мақсадида мамлакатимиз билан ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёрлиги таъкидланди. 

Мавзуга оид