Жаҳон | 17:03 / 28.02.2019
8911
2 дақиқада ўқилади

Кашмирдаги вазият сабабли Деҳли метросида хавфсизликнинг “қизил” даражаси жорий этилди

Фото: The Economic Times

Ҳиндистон ва Покистон чегарасида жойлашган Кашмир ҳудудидаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли Деҳли шаҳри метросида хавфсизликнинг “қизил” даражаси жорий этилди. Бу ҳақда метрополитен вакилига таяниб Hindu нашри хабар берди.

Вакилнинг сўзларига кўра, қизил даражадаги хавфсизликнинг жорий этилиши барча назоратчилар барча бекатларда ҳар қандай шубҳали буюм ёки ҳаракатни назорат қилиши ва ҳар икки соатда диспетчерлик марказига маълум қилиши кераклигини англатади.

Аввалроқ Покистон асирга олинган ҳинд учувчисини озод қилишга тайёрлигини билдирганди.

Ҳиндистон 27 февралда Покистонга қарашли қирувчи самолётни, Покистон эса иккита ҳинд қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилган. Покистон томонининг таъкидлашича, уриб туширилган самолётлардан бирининг учувчиси асирга олинган.  

Ҳиндистон талқини бўйича, Кашмир устида Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолёти уриб туширилган. Ҳиндистон ушбу ҳаво жангида МиГ-21 самолётини йўқотган, унинг учувчисини эса бедарак йўқолган деб ҳисобламоқда.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар 14 февралда худкуш Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида полиция колоннаси олдида ўзини портлатгандан кейин кескинлашди. Ҳужум учун жавобгарликни “Жайиши Муҳаммад” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид