Жаҳон | 15:47 / 01.03.2019
38446
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳаво жангининг бир қисми видеога тушиб қолди

Фото: Tauseef Mustafa/Agence France-Presse — Getty Images

Ҳиндистонлик тележурналист Ажай Жандьял Twitter’да видео эълон қилди. Унда, журналистнинг билдиришича, 27 февраль куни Кашмир узра осмонда Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчилари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангининг бир қисми тасвирланган.

Кадрларда осмондаги оқ излар, шунингдек, парашютда тушиб келаётган учувчини кўриш мумкин. Жандьялнинг ёзишича, бу Покистонга қарашли F-16 учувчисидир. У, Нью-Деҳли маълумотига кўра, жанг давомида уриб туширилган.

Twitter фойдаланувчилари журналистнинг фикрига қўшилишмади ҳамда бу кейинчалик покистонликлар томонидан қўлга олинган, Ҳиндистоннинг МиГ-21 учувчиси эканини тахмин қилишди.

Бундан олдин, Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий авиацияси ўртасидаги ҳаво жанги тафсилотлари маълум қилинганди.

NDTV телеканалига кўра, 27 февралда Ҳиндистон ва Покистон ҳарбий авиацияси ўртасида юз берган ҳаво жангида умумий ҳисобда 32 та ҳарбий самолёт иштирок этган.

Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари жангда жами 8 та қирувчи самолёт – 4 та Су-30МКИ, 2 та модернизация қилинган Dassault Mirage 2000 ва 2 та МиГ-21’ни қўллаган. Жанг вақтида МиГ’лардан бири уриб туширилган. Бу Ҳиндистон томонидан расман тан олинган.

Покистон эса ҳавога 24 та самолёт, жумладан 8 та F-16, 4 та Dassault Mirage III ва 4 та JF-17 Thunder самолётини кўтарган. Қолган 8 та самолёт гуруҳга ҳамроҳлик қилиб, фаол ҳаракатлар амалга оширмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон ва Ҳиндистон яна бир-бирига ўт очганди. Ҳиндистон эса мамлакат душманларига уруш билан таҳдид қилди

Ундан олдин эса Покистон Ҳиндистоннинг иккита ҳарбий самолётини уриб туширди. Шундан сўнг, Ҳиндистон жавоб қайтариб, Покистоннинг қирувчи самолётини йўқ қилди.

Шунингдек, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ядро урушининг оқибатлари маълум қилинди.

Мавзуга оид