Фан-техника | 18:29 / 03.03.2019
14254
4 дақиқада ўқилади

2019 йилдаги мобил трендлар: буклама смартфонлар, 5G ва осиёча юриш 

Фото: Getty Images

Барселонада Mobile World Congress — телекоммуникация ва гаджетлар оламининг асосий воқеаси якунига етди. Унда сунъий идрок, булутли технологиялар, «ақлли» уйлар учун қурилмалар, ҳайдовчисиз транспорт ва учар такси каби келажак технологиялари намойиш этилди. Ишлаб чиқарувчилар 5G туфайли буларнинг бари тез кунларда пайдо бўлишига ваъда беришди.

5G барчасини ўзгартиради

5G — бутун кўргазма бағишланган асосий тренд бўлди. Агарда авваллари мазкур янги тармоқ шунчаки назария бўлган бўлса, эндиликда ишлаб чиқарувчилар унинг амалда қандай ишлашини кўрсатишга уринишмоқда. 

Кўргазмада Huawei, Samsung, ZTE, Xiaomi 5G тармоғида ишловчи ҳеч бўлмаганда биттадан қурилмаларини намойиш этишди. Британиянинг EE, Американинг AT&T, Verizon ва Жанубий Кореянинг LG Plus компаниялари ўз синов тармоқларига эга.  

5G тармоқлари нафақат истеъмолчиларга қулай бўлиши учун, балки бўлажак технологик тараққиёт учун ҳам зарур. Huawei экспертларидан бири 5G’ни барча нарса ишлайдиган янги электр деб атади.  

Буклама смартфонлар жуда қиммат бўлади 

Кўргазмада намойиш этилган энг зиддиятли «ютуқ» эса эгилувчан экранли буклама смартфонлар бўлди. Бундай смартфонлар учта бўлди — Royole FlexPai (нархи 1300 доллар атрофида), Huawei Mate X (2600 доллардан бошлаб) ва Samsung Galaxy Fold (1980 доллар). Баланд нархидан ташқари, улардаги чекланган хусусиятлар ҳам кишини хурсанд қилмайди. Royole бор-йўғи 200 марта букланиб-очилиши мумкин, унинг демо-намунасида эса экран тўлиқ экранли режимдан букланган режимга ўтишга улгурмайди ва қотиб қолади. Қолган икки қурилмани ишлатиб кўрганлар эса жуда оз ва ҳозирча улар ҳақида хулоса чиқаришга эрта. Аммо қайд этиш жоиз, технологик хусусиятлар жиҳатидан Huawei Mate X Galaxy Fold ва бошқа рақобатчиларини ортда қолдирди.

Осиё дунёни забт этмоқда

Барча тақдимот ва кўргазмалар аслида бир муҳим нарсани намойиш этди: АҚШ технология оламида етакчиликни бой берди ва Осиё барча йўналишлар бўйича маррани забт этмоқда.  Huawei, Samsung, Xiaomi ва ZTE смартфонлари кўргазманинг асосий безагига айланди. Фақатгина смартфонлар фойдаланадиган Qualcomm Snapdragon 855 процессори АҚШники бўлди. Бунинг устига, 5G учун Huawei Balong 5000 чипсети мавжуд бўлиб, у энг сўнгги мобил тармоқлар талабига жавоб берадиган ягона чипсет ҳисобланади.

Виртуал воқелик ҳаётдан янада чуқур жой олади

Виртуал воқелик (VR) намуналари деярли ҳар бир стендда намойиш этилди, виртуал воқелик шлёми ёки кўзойнагини таққанлар сони эса юзлаб кишидан ошиб кетди. Келгусида 5G туфайли биз виртуал воқеликни кўзойнаксиз кўришимиз мумкин бўлади. Бундай технологияни Huawei намойиш этди: қурилма томошабиннинг иккита камерага қаратилган нигоҳини «тутиб олади» ва тасвирни инсон кўзи ҳажмли тарзда қабул қилиши учун «тахлайди».

Албатта, булар ҳозирча амалиётга жорий этилмади. Лекин ишлаб чиқарувчилар эрта-индин уларни истеъмолчилар фойдаланиши учун тақдим этади.

Мавзуга оид